13
1
Исроилнинг ўғиллари Раббийнинг нигоҳида ёвуз нарсаларни қилишда давом этар эдилар ва Раббий уларни қирқ йилга пелиштликларнинг қўлига топширди.
2
Ўша вақтда Маноаҳ деган, Дан қабиласидан бўлган зораҳлик киши бор эди. Унинг хотини бепушт бўлиб, бола туғмас эди.
3
Раббийнинг фариштаси аёлнинг олдига келиб деди: “Мана, сен бепуштсан ва бола туғмаяпсан. Лекин ҳомиладор бўласан ва ўғил туғасан.
4
Шунинг учун эҳтиёт бўл! Шароб ва кучли ичимлик ичма ва ҳеч қандай нопок нарса ема.
5
Чунки, мана, сен ҳомиладор бўласан ва ўғил туғасан, унинг бошига устара тегмайди, зеро она қорниданоқ гўдак Худонинг назорийи бўлади ва у Исроилни пелиштликларнинг қўлидан қутқаришни бошлайди”.
6
Аёл келиб, эрига деди: “Худонинг кишиси менинг олдимга келди. Унинг кўриниши Худонинг фариштасининг кўриниши каби жуда табаррук эди. Мен ундан қаердан эканини сўрамадим, у ҳам менга ўз исмини айтмади.
7
У менга: Мана, сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан. Шунинг учун шароб ва кучли ичимлик ичма, бирор ҳаром нарса ҳам ема, чунки гўдак она қорниданоқ то ўлиш кунигача Худонинг назорийи бўлади, деб айтди”.
8
Шунда Маноаҳ Раббийга ибодат қилиб: “Ё, Раббий! Сен юборган Худонинг кишиси бизнинг олдимизга яна келсин ва туғилиши керак бўлган гўдакка нима қилишимиз кераклигини бизга ўргатсин”,- деди.
9
Худо Маноаҳнинг овозини эшитди. У далада бўлганида, Худонинг фариштаси аёлнинг олдига яна келди. Унинг эри Маноаҳ эса у билан эмас эди.
10
Аёл шу лаҳзада югуриб борди ва эрига хабар бериб, унга деди: “Мана, ўша пайтда олдимга келган одам менга намоён бўлди”.
11
Маноаҳ ўрнидан туриб, хотини билан борди ва ўша одамнинг олдига келиб унга: “Бу аёл билан суҳбатлашган одам сенми?”- деди. Фаришта: “Мен”,- деди.
12
Маноаҳ: “Агар сенинг сўзинг амалга ошса, биз бу гўдак билан қандай муносабатда бўлайлик ва унга нима қилайлик?”- деди.
13
Худонинг фариштаси Маноаҳга деди: “Мен аёлга айтган нарсаларнинг ҳаммасидан у ўзини асрасин.
14
Узум ҳосилидан бўлган ҳеч нимани емасин, шароб ва кучли ичимлик ичмасин, ҳеч қандай нопок нарса емасин ва мен унга буюрганларимнинг барчасига амал қилсин”.
15
Шунда Маноаҳ Раббийнинг фариштасига: “Илтимос, биз сен учун улоқчани тайёрлаганимизча, сени ушлаб туришимизга ижозат бергин”,- деди.
16
Раббийнинг фариштаси Маноаҳга: “Сен мени ушлаб турсанг ҳам, мен сенинг нонингдан емайман. Агар Раббийга тамоман ёндириш қурбонлиги келтирмоқчи бўлсанг, унда келтиргин”,- деди. Маноаҳ бу Раббийнинг фариштаси эканини билмас эди.
17
Маноаҳ Раббийнинг фариштасига: “Сенинг исминг нима, токи сенинг сўзинг амалга ошганида, биз сени шарафлайлик?”- деди.
18
Раббийнинг фариштаси унга: “Нима учун сен менинг исмимни сўряпсан? У ғаройиб”,- деди.
19
Сўнг Маноаҳ улоқча ва нон бағишлови олиб, тош устида Раббийга қурбон қилди. У эса мўъжиза қилди ва буни Маноаҳ ҳамда унинг хотини кўрдилар.
20
Олов қурбонгоҳдан самога кўтарила бошлаганида, Раббийнинг фариштаси қурбонгоҳнинг оловида кўтарилиб кетди. Буни кўриб, Маноаҳ ва унинг хотини ерга юз тубан йиқилдилар.
21
Раббийнинг фариштаси Маноаҳга ва унинг хотинига кўринмай қолди. Шунда Маноаҳ бу ― Раббийнинг фариштаси эканини билиб олди.
22
Маноаҳ хотинига: “Бизлар аниқ ўламиз, чунки бизлар Худони кўрдик”,- деди.
23
Хотини унга: “Агар Раббий бизларни ўлдирмоқчи бўлса, унда бизнинг қўлимиздан тамоман ёндириш қурбонлиги ва нон бағишловини қабул қилмаган бўлар эди, буларнинг ҳаммасини кўрсатмаган бўлар эди ва буларнинг ҳаммасини бизга очмаган бўлар эди”- деди.
24
Аёл ўғил туғди ва уни Шимшўн, деб атади. Гўдак ўса бошлади ва Раббий уни дуо қилар эди.
25
Ўшанда Раббийнинг Руҳи Зораҳ ва Эштаол орасидаги Даннинг қароргоҳида унинг ичида ҳаракат қила бошлади.