14
1
Шимшўн Тимнаҳга борди ва Тимнаҳда пелиштликларнинг қизларидан бир аёлни кўриб қолди.
2
У бориб, ўзининг ота-онасига маълум қилиб: “Мен Тимнаҳда пелиштликларнинг қизларидан бир аёлни кўриб қолдим. Уни менга хотинликка олиб беринглар”,- деди.
3
Унинг ота-онаси унга: “Ахир сенинг биродарларингнинг қизлари орасида ва бутун халқимизда аёл йўқмики, сен хатнасиз пелиштликлардан хотин олгани боряпсан?”- деди. Шимшўн отасига: “Менга ўшани олиб беринг, чунки у менга ёқиб қолди”,- деди.
4
Унинг ота-онаси эса бу Раббийдан эканини ва у пелиштликлардан қасд олиш имконини излаётганини билмас эдилар. Ўша вақтда пелиштликлар исроилликлар устидан ҳукмронлик қилар эдилар.
5
Шимшўн ўз ота-онаси билан бирга Тимнаҳга борди. У Тимнаҳнинг узумзорларига яқинлашаётганларида, мана, ёш шер ўкириб, унинг олдига кела бошлади.
6
Унга Раббийнинг Руҳи тушди ва у шерни улоқчани ёриб ташлагандек ёриб ташлади. Унинг қўлида эса ҳеч нима йўқ эди. У нима қилганини ота-онасига айтмади.
7
У келиб, аёл билан суҳбатлашди ва у унга ёқиб қолди.
8
Бир неча кундан сўнг, уни олиш учун у яна борди ва шернинг мурдасини кўриш учун кирди. Мана, шернинг мурдасида асал арилар тўдаси ва асал бор эди.
9
У уни қўлига олди ва йўл бўйи еб кетди. У ўз ота-онасининг олдиларига келганида, уларга ҳам берди ва улар ҳам едилар. Лекин бу асални шернинг мурдасидан олганини уларга айтмади.
10
Сўнг унинг отаси аёлнинг олдига келди ва одатда куёвлар қиладиганидек, Шимшўн у ерда зиёфат қилиб берди.
11
Уни у ерда кўрганларида, унинг ёнида бўлишлари учун ўттиз нафар куёв жўра танладилар.
12
Шимшўн уларга деди: “Мен сизларга топишмоқ айтаман. Агар сизлар уни зиёфатнинг етти куни ичида топсангизлар ва тўғри топсангизлар, мен сизларга ўттизта садин ва ўттиз жуфт кийим бераман.
13
Агар топа олмасангизлар, унда сизлар менга ўттизта садин ва ўттиз жуфт кийим берасизлар”. Улар унга: “Айтгин топишмоғингни, қулоқ соламиз”,- дедилар.
14
У уларга: “Ейдигандан ейиладиган нарса чиқди ва кучлидан ширин нарса чиқди”,- деди. Улар уч кун давомида топишмоқни топа олмадилар.
15
Еттинчи куни улар Шимшўннинг хотинига: “Эрингни гапга сол, у бизга топишмоқнинг жавобини айтсин. Акс ҳолда, биз сени ҳам, отангнинг уйини ҳам оловда ёндириб юборамиз. Ахир сизлар бизни талон-тарож қилиш учун чақирдингизми?”- дейишди.
16
Шимшўннинг хотини унинг қаршисида йиғлаб: “Сен мендан нафратланасан ва мени севмайсан. Сен менинг халқимнинг ўғилларига топишмоқ айтдинг, менга эса унинг жавобини айтмаяпсан”,- деди. У: “Мен уни ота-онамга айтган эмасман, сенга айтаманми?”- деди унга.
17
Уларнинг зиёфатлари давом этаётган етти кун давомида у унинг олдида йиғлади. Охири, еттинчи куни у унга жавобини айтди, чунки у жуда ўтиниб сўрар эди.У эса халқининг ўғилларига топишмоқнинг жавобини айтди.
18
Еттинчи куни қуёш ботишигача шаҳарнинг одамлари унга: “Нима асалдан ширинроқ ва шердан кучлироқ?!”- дедилар. У эса: “Агар сизлар менинг бузоғим билан ер ҳайдамаганларингизда эди, менинг топишмоғимни топа олмаган бўлар эдингизлар”,- деди.
19
Унга Раббийнинг Руҳи тушди ва у Ашқалонга тушиб борди, у ерда ўттиз кишини ўлдириб, уларнинг кийимларини ечиб олди ва жуфт кийимларни топишмоқни топганларга берди. Унинг ғазаби алангаланди ва ўзининг отасининг уйига кетди.
20
Шимшўннинг хотини эса унинг ёнида жўра сифатида турган куёв жўрага турмушга чиқди.