4
1
Эҳуд ўлганидан сўнг Исроил ўғиллари яна Раббий нигоҳида ёвуз нарсаларни қила бошладилар.
2
Шунда Раббий уларни Ҳазорда ҳукмронлик қиладиган Канъан подшоҳи Йабиннинг қўлига топширди. Унинг лашкарбошиси – Харошет-Гойимда яшайдиган Сисаро эди.
3
Исроилнинг ўғиллари Раббийга фарёд қилдилар, чунки унинг тўққиз юзта темир араваси бор эди ва у Исроил ўғилларини йигирма йил оғир эзди.
4
Ўша вақтда Лапидотнинг хотини, башоратчи Дебораҳ Исроилда ҳакам эди.
5
У Эфрайим тоғидаги, Рамаҳ ва Бейт-Эл оралиғидаги Дебораҳнинг палмаси тагида яшар эди. Исроилнинг ўғиллари унинг олдига ҳукмга келар эдилар.
6
Дебораҳ одам юбориб, Нафтали қабиласига тегишли Қедеш шаҳридан Абиноам ўғли Баракни чақиртирди ва унга деди: “Сенга Раббий, Исроилнинг Худоси амр қилмоқда: Бориб, Табўр тоғига чиққин. Ўзинг билан бирга Нафтали ва Зебулун ўғилларидан ўн минг кишини ол.
7
Мен эса, сенинг олдингга, Кишон оқимига Йабиннинг лашкарбошиси Сисарони, унинг аравалари ва кўп сонли қўшинини олиб келаман, уни сенинг қўлларингга топшираман”.
8
Барак унга: “Агар сен мен билан бирга борсанг, бораман. Агар мен билан бормасанг, бормайман”,- деди.
9
У эса деди: “Хўп, мен сен билан бирга бораман. Фақат унда сен бораётган бу йўлда шараф сенга бўлмайди, Раббий Сисарони аёлнинг қўлига топширади”. Дебораҳ туриб, Барак билан бирга Қедешга борди.
10
Барак Зебулун ва Нафтали қабиласини Қедешга чақирди ва унинг ортидан ўн минг киши борди. Дебораҳ ҳам у билан бирга борди.
11
Қайнлик Хебер Мусонинг қайнатаси Ҳобаб ўғилларидан, қайнликлардан ажралди ва Қедеш яқинидаги Заананним эманзорида чодир ёйди.
12
Сисарога эса Абиноамнинг ўғли Баракни Табўр тоғига кўтарилганини етказдилар.
13
Сисаро ўзининг барча араваларини, тўққиз юзта темир аравани, ўзида бўлган бор халқни Харошет-Гойимдан Кишонга чақиртирди.
14
Дебораҳ Баракка: “Тур, чунки бу – Раббий Сисарони сенинг қўлларингга топширадиган кундир. Раббийнинг Ўзи сендан олдинда боради”,- деди. Барак ва унинг ортидан ўн минг киши Табўр тоғидан тушди.
15
Шунда Раббий Сисарони, унинг барча араваларини, унинг бор қўшинини Баракнинг қиличидан саросимага солди. Сисаро эса аравасидан тушиб, пиёда қочиб кетди.
16
Барак унинг аравалари ва қўшинини Харошет-Гойимгача таъқиб қилди ва Сисаронинг бор қўшини қилич тиғидан қулади, ҳеч ким қолмади.
17
Сисаро эса қайнлик Хебернинг хотини Йаэлнинг чодирига пиёда қочиб кетди. Зеро Ҳазор подшоҳи Йабин ва қайнлик Хебернинг орасида тинчлик бор эди.
18
Йаэл Сисарога пешвоз чиқди ва деди: “Киринг, эгам менинг, меникига киринг. Қўрқманг”. У унинг чодирига кирди ва у уни гилам билан ёпди.
19
Сисаро унга: “Менга ичишга озроқ сув бер, мен чанқадим”,- деди. У сут солинган мешни олди, унга ичирди ва уни яна ёпиб қўйди.
20
Сисаро унга яна деди: “Чодирнинг эшиги ёнида тур, агар бирор киши келиб, сендан сўраса: Бу ерда ҳеч ким йўқми?- деса, сен: Йўқ,- дегин”.
21
Лекин Хебернинг хотини Йаэл чодирнинг қозиғи ва болғани қўлига олиб, секингина унинг олдига келди ва қозиқни унинг чаккасига шундай санчдики, ерга қоқиб қўйди. У эса чарчоқдан ухлаб қолган эди ва шундай ўлди.
22
Мана, Барак Сисаронинг ортидан таъқиб қилар эди. Йаэл унга пешвоз чиқди ва деди: “Киринг, сиз излаётган кишини мен сизга кўрсатаман”. У уникига кирди ва, мана, Сисаро ўлиб ётар, қозиқ эса унинг чаккасида эди.
23
Ўша куни Худо Канъан подшоҳи Йабинни Исроил ўғиллари олдида бўйсундирди.
24
Исроил ўғиллари Канъан подшоҳи Йабинни қириб ташламагунларича, уларнинг қўли Канъан подшоҳи Йабин устидан тобора ва тобора кучайиб бораверди.