3
1
Мана, канъанликларнинг ҳамма урушларини билмаган Исроилнинг бутун халқини синаш учун Раббий қолдирган халқлар – қуйидагилар:
2
(яъни урушни билмаган исроилликларнинг кейинги авлодлари урушни билишлари ва ўрганишлари учун қолдирилган халқлар):
3
Пелиштликларнинг бешта ҳокими, барча канъанликлар, сидўнликлар, Баал-Ҳермон тоғидан Ҳаматга кириш жойигача бўлган Лебанон тоғида яшайдиган ҳивликлардир.
4
Раббийнинг оталарига Мусо орқали берган амрларига исроилликлар бўйсунадиларми, деб билиб олиш учун бу халқлар синашга қолдирилган эдилар.
5
Шундай қилиб, Исроил ўғиллари канъанликлар, хетликлар, амўрликлар, перизликлар, ҳивликлар ва ябусликлар орасида яшар эдилар.
6
Уларнинг қизларини ўзларига хотинликка олар эдилар, ўз қизларини эса уларнинг ўғилларига берар эдилар. Уларнинг худоларига ҳам хизмат қилар эдилар.
7
Исроилнинг ўғиллари Раббий нигоҳида ёвуз нарсаларни қилдилар, ўз Раббий Худосини унутиб, Баал ва Аштаротга хизмат қилдилар.
8
Шунда Раббийнинг ғазаби Исроилга қарши алангаланди ва У уларни Орам-Наҳарайимнинг подшоҳи Қушонриштамнинг қўлига топширди. Исроил ўғиллари Қушонриштамга саккиз йил хизмат қилдилар.
9
Сўнг Исроил ўғиллари Раббийга фарёд қилдилар. Раббий эса Исроил ўғилларига қутқарувчини, Калебнинг кичик укаси Кеназнинг ўғли Отниэлни кўтарди ва у уларни қутқарди.
10
Раббийнинг Руҳи унинг устида эди. У Исроилда ҳакам эди. У урушга чиқди ва Раббий Орам-Наҳарайимнинг подшоҳи Қушонриштамни унинг қўлига топширди. Шундай қилиб, Отниэлнинг қўли Қушонриштамни енгди.
11
Шунда ер қирқ йил ором олди. Сўнг Кеназнинг ўғли Отниэл оламдан ўтди.
12
Исроил ўғиллари яна Раббий нигоҳида ёвуз нарсаларни қила бошладилар. Улар Раббий нигоҳида ёвуз нарсаларни қилганлари учун Раббий Мўаб подшоҳи Эглонни Исроилга қарши кучлантирди.
13
У ўзига аммўнликлару амолеқликларни йиғди ва бориб, Исроилни қириб ташлади. Улар Палмалар шаҳрини ҳам қўлга киритдилар.
14
Исроил ўғиллари Мўаб подшоҳи Эглонга ўн саккиз йил хизмат қилдилар.
15
Шунда Исроил ўғиллари Раббийга фарёд қилдилар ва Раббий уларга қутқарувчини – Бенямин ўғли Геранинг ўғли Эҳудни кўтарди. У чапақай эди. Исроил ўғиллари у орқали Мўаб подшоҳи Эглонга инъомлар юбордилар.
16
Аммо Эҳуд ўзига иккала томони ўткир бўлган, узунлиги бир тирсак бўлган қилич ясади ва уни ридоси остига ўзининг ўнг сонига боғлаб қўйди.
17
У Мўаб подшоҳи Эглонга инъомларни олиб келди, Эглон эса жуда семиз одам эди.
18
Эҳуд инъомларни келтириб бергач ва инъомларни кўтариб келган одамларни кузатиб қўйгач,
19
ўзи эса Гилгалда бўлган бутларнинг олдидан қайтиб келди ва деди: “Подшоҳ, менинг сенга айтадиган сир бўлган гапим бор”. У: “Жим”,- деди. Унинг олдида турганларнинг барчаси унинг олдидан чиқиб кетдилар.
20
Эҳуд унинг олдига кирди. У алоҳида салқин болохонада ўтирар эди. Эҳуд: “Менда сен учун Худодан сўз бор”,- деди. Эглон курсидан турди.
21
Эҳуд ўзининг чап қўлини чўзиб, ўнг сонидан қилични олди ва унинг қорнига уни шундай санчдики,
22
тиғи билан бирга дастаси ҳам кириб кетди ва ёғ тиғни ёпиб қолди, чунки Эҳуд қилични унинг қорнидан чиқармаган эди ва ундан чиқинди чиқиб кетди.
23
Эҳуд даҳлизга чиқди ва ортидан болохонанинг эшикларини ёпиб, қулфлаб қўйди.
24
У чиққанида, Эглоннинг қуллари келиб, қарадилар-да, мана, болохонанинг эшиклари қулф эди. Улар: “У салқин хонада эҳтиёжини чиқармоқда”,- дедилар.
25
Уни жуда узоқ кутдилар. Аммо ҳеч ким болохона эшикларини очмаётганини кўрганларида, калитни олиб, очдилар ва, мана, подшоҳ ерда ўлиб ётар эди.
26
Улар талмовсираб турганларида, Эҳуд кетиб қолди ва бутларнинг орасидан ўтиб, Сеираҳга қочиб қутулди.
27
У келиб, Эфрайим тоғида карнай чалди ва у билан бирга Исроилнинг ўғиллари тоғдан тушдилар, у улардан олдинда борар эди.
28
У: “Менинг ортимдан юринглар, чунки Раббий сизларнинг душманларингиз мўабликларни қўлларингизга топширди”,- деди уларга. Унинг ортидан бордилар ва Йордандан Мўабга бориладиган кечувни қўлга олиб, ҳеч кимни ўтгани қўймадилар.
29
Улар ўша вақтда мўабликлардан барчаси соғлом ва кучли бўлган ўн мингга яқин кишини қириб ташладилар, ҳеч ким қочиб кета олмади.
30
Шу тарзда, шу куни мўабликлар Исроилнинг қаршисида бўйсундилар ва ер саксон йил ором олди.
31
Ундан сўнг Анат ўғли Шамгар келди, у ҳўкизнинг қозиғи билан олти юзта пелиштликни ўлдирди. У ҳам Исроилни қутқарди.