2
1
Раббийнинг фариштаси Гилгалдан Бохимга келди ва деди: “Мен сизларни Мисрдан олиб чиқиб, сизларнинг оталарингизга ваъда берган ерга сизларни олиб кирдим ва Мен дедим: Сизлар билан тузган аҳдимни абадий бузмайман,
2
сизлар ҳам бу ернинг халқлари билан битим тузманглар, уларнинг қурбонгоҳларини барбод қилинглар. Лекин сизлар Менинг овозимга қулоқ солмадингизлар. Сизлар нима учун бундай қилдингизлар?
3
Шунинг учун Мен сизларга айтяпман: Мен уларни сизларнинг олдингиздан қувиб юбормайман, лекин улар сизларнинг биқинларингизга тикан бўладилар, уларнинг худолари эса сизларга тўр бўлади”.
4
Худонинг фариштаси бу сўзларни Исроилнинг барча ўғилларига айтганида, халқ баланд овозда фарёд қилиб йиғлади.
5
Шунинг учун у жой Бохим, деб аталади. Улар ўша жойда Раббийга қурбонлик келтирдилар.
6
Йешуа халқни қўйиб юборганида, Исроил ўғилларининг ҳар бири ўзининг улушига, ерни мерос қилиб олиш учун борди.
7
Халқ эса Йешуанинг барча кунларида ва Йешуадан сўнг ҳам яшаган, Раббийнинг Исроил учун қилган буюк ишларини кўрган оқсоқолларнинг барча кунларида Раббийга хизмат қилар эди.
8
Раббийнинг қули Нўн ўғли Йешуа бир юз ўн ёшда вафот этганидан сўнг,
9
уни ўзининг улушининг ҳудудида, яъни Гаҳаш тоғининг шимолида бўлган Эфрайим тоғидаги Тимнат-Қераҳда кўмдилар.
10
Бу авлоднинг ҳаммаси ўз оталарига қўшилганида, ва улардан сўнг Раббийни ҳам, Унинг Исроил учун қилган ишларини ҳам билмайдиган бошқа авлод кўтарилганида,
11
шунда Исроил ўғиллари Раббийнинг нигоҳида ёвуз нарсаларни қила бошладилар ва Баалларга хизмат қила бошладилар.
12
Уларни Миср еридан олиб чиққан Раббий оталарининг Худосини улар тарк этиб, бошқа худоларга, яъни уларни ўраб турган халқларнинг худоларига мурожаат қилиб, уларга сажда қила бошладилар ва Раббийни ғазаблантирдилар.
13
Улар Раббийни тарк этиб, Баал ва Аштаротга хизмат қила бошладилар.
14
Шунда Раббийнинг ғазаби Исроилга қарши алангаланди ва У уларни талончиларнинг қўлларига топширди. Булар эса уларни талон-тарож қилдилар. Уларни қуршаб турган душманларининг қўлларига У уларни топширди ва улар душманларига бошқа қарши тура олмадилар.
15
Раббий уларга айтганидек ҳамда Раббий уларга қасам ичганидек, улар қаерга бормасинлар, Раббийнинг қўли уларга ёмонликка эди ва улар жуда эзилдилар.
16
Сўнг Раббий уларга ҳакамларни кўтарар эди, улар эса талончиларнинг қўлидан уларни қутқарар эдилар.
17
Лекин улар ҳакамларга ҳам қулоқ солмас эдилар, аксинча, ўзга худоларнинг ортидан зинокорона юрар ва уларга сажда қилар эдилар. Уларнинг оталари Раббийнинг амрларига бўйсуниб юрган йўлдан эса улар тезда озиб, оталаридек ҳаракат қилмас эдилар.
18
Раббий уларга ҳакамларни кўтарганида, Раббийнинг Ўзи ҳакам билан бирга бўлиб, ҳакамнинг барча кунларида уларни душманларидан қутқарар эди. Чунки уларни азоблаётган ва эзаётганлардан бўлган уларнинг инграшларини эшитиб, Раббий уларга раҳм қилар эди.
19
Лекин ҳакам ўлганида, улар яна бошқа худоларга ўгирилдилар ва ўз оталаридан баттар ишни қилиб, уларга хизмат қилар ва сажда қилар эдилар. Улар ўз ишларидан ҳамда қайсарона йўлларидан қолмас эдилар.
20
Шунда Раббийнинг ғазаби Исроилга қарши алангаланди ва У деди: “Бу халқ Менинг оталари билан тузган аҳдимни бузаётгани ва Менинг овозимга қулоқ солмаётгани учун,
21
Йешуа ўлаётганида қолдирган халқлардан бирортасини Мен ҳам уларнинг қаршисидан қувиб юбормайман.
22
Мен бу халқлар билан Исроилни синайман: уларнинг оталари тутгани каби улар Раббийнинг йўлини тутадиларми ва шу йўлдан юрадиларми ёки йўқми?”
23
Шундай қилиб, Раббий бу халқларни қолдириб, уларни тезда қувиб юбормади ва уларни Йешуанинг қўлига топширмади.