6
1
Биз эса Унинг ҳамкорлари бўлиб, сизлардан ўтинамизки, Худонинг иноятини беҳуда қабул қилган бўлманглар.
2
Чунки шундай дейилган: “Маъқул вақтда Мен сени эшитдим ва нажот кунида сенга ёрдам бердим”. Мана энди маъқул вақтдир! Мана энди нажот кунидир!
3
Хизматимиз қораланмаслиги учун биз ҳеч кимга ҳеч нарсада қоқинишга йўл қўймаяпмиз.
4
Аксинча, биз ўзимизни ҳамма нарсада Худонинг хизматкорлари сифатида тақдим этмоқдамиз: узоқ сабр-тоқатда, ғам-қайғуларда, муҳтожликларда, қийин аҳволларда,
5
калтаклар остида, зиндонларда, тўполонларда, меҳнатларда, уйқусизликда, рўза тутишда,
6
покликда, билимда, бардошда, меҳрибонликда, Муқаддас Руҳда, самимий севгида,
7
ҳақиқат Сўзида, Худонинг қудратида, ўнг ва чап қўлда ҳақлик қуроли билан,
8
ҳурмат ва бадномликда, ҳақорат ва мақтовларда! Биз гўё алдамчилармиз, лекин биз ҳақиқатгўймиз;
9
биз гўё номаълуммиз, лекин бизни яхши танимоқдалар; биз гўё ҳалок бўлганмиз, лекин мана тирикмиз; биз гўё жазоланганмиз, лекин ўлдирилмаганмиз;
10
биз гўё хафа қилинганмиз, лекин доимо хурсандмиз; биз гўё камбағалмиз, лекин кўпларни бойитмоқдамиз; биз гўё ҳеч нарсага эга эмасмиз, лекин ҳамма нарсага эгамиз.
11
Эй, Коринфликлар, оғзимиз сизлар учун очилган, юрагимиз эса кенгайтирилган.
12
Сизлар бизнинг ичимизда сиқилган эмассизлар, аммо сизлар ўз ичингизда сиқилгансизлар.
13
Энди эса сизлар ҳам бунга жавобан ўзингизни кенгайтиринглар, деб мен фарзандларимга айтгандек сизларга айтяпман.
14
Имонсизлар билан бирга ўзга бўйинтуруққа қўшилманглар. Зеро ҳақлик ва қонунсизлик орасида қандай мулоқот бор? Нур билан зулмат орасида қандай умумийлик бор?
15
Масиҳ билан Белиар орасида қандай мувофиқлик бўлиши мумкин? Ёки имонли билан имонсиз орасида қандай шериклик бор?
16
Худонинг маъбади билан бутлар орасида қандай келишув бор? Сизлар эса барҳаёт Худонинг маъбадисизлар-ку, худди Худо айтганидек: “Мен уларнинг ичида жо бўлиб, уларда юраман. Уларнинг Худоси бўламан, улар эса Менинг халқим бўладилар.
17
Шунинг учун уларнинг орасидан чиқинглар ва улардан ажралинглар,- дейди Раббий,- нопокка қўл тегизманглар, шунда Мен сизларни қабул қиламан.
18
Мен сизларга Ота бўламан, сизлар эса Менинг ўғиллару қизларим бўласизлар,- дейди Раббий Қодир Худо”.