7
1
Шундай қилиб, эй, севганларим, шундай ваъдаларга эга бўлиб, ўзимизни тана ва руҳнинг ҳар қандай нопоклигидан тозалаб, муқаддаслигимизни Худонинг қўрқувида камолотга етказайлик.
2
Бизни қабул қилинглар: биз ҳеч кимни хафа қилмадик, ҳеч кимга зиён келтирмадик ва ҳеч кимдан ғаразли манфаатни изламадик.
3
Буни сизларни ҳукм қилиш учун айтмаяпман. Чунки аввал айтганимдек – сизлар билан бирга ўлиш ва яшаш учун сизлар бизнинг юрагимиздасизлар.
4
Менинг сизларга нисбатан бўлган ишончим катта, сизлар ҳақингизда бўлган мақтовим улкандир. Бизнинг барча қайғуларимизда мен тасаллига тўлиб тошганман ва ҳаддан ташқари қувонмоқдаман.
5
Чунки Македонияга келганимизда, танамиз ҳеч қандай ором топмади, лекин биз ҳар томонлама сиқилган эдик: ташқарида ҳужумлар, ичимизда қўрқувлар.
6
Аммо пастга урилганларни юпатадиган Худо Титуснинг келиши билан бизни юпатди.
7
Бироқ унинг келиши билангина эмас, балки унинг сизлардан топган тасаллиси ҳақида баён этиши билан ҳам бизни юпатди. Титус бизга ғайратингиз ва йиғингиз ҳақида, сизларнинг менга нисбатан бўлган рашкингиз ҳақида хабар берганида, мен янада кўпроқ қувондим.
8
Шунинг учун, мактубим билан сизларни қайғуга солганим учун афсусланган бўлсам ҳам, энди афсусланмаяпман. Чунки мактубим сизларни қайғуга солган бўлса ҳам, вақтинча қайғуга солганини кўряпман.
9
Энди мен шунчаки қайғурганингизга эмас, балки сизлар тавба учун қайғурганингизга қувоняпман. Чунки сизлар Худо ҳақи қайғурдингизлар, шунинг учун биздан ҳеч қандай зарар кўрмадингизлар.
10
Чунки Худо ҳақи қайғуриш нажотга олиб борадиган шубҳасиз тавбани келтириб чиқаради, дунёвий қайғуриш эса ўлимни келтириб чиқаради.
11
Қаранглар, Худо ҳақи ана шу қайғуришингиз сизларда қандай ғайрат, қандай узр, қандай ғазаб, қандай қўрқув, қандай хоҳиш, қандай рашк, қандай талабчанликни келтириб чиқарди! Бу ишда ўзларингизни ҳар жиҳатдан пок кўрсатдингизлар.
12
Мен эса сизларга мактуб ёзган бўлсам ҳам, буни ноҳақлик қилгани ёки ноҳақликдан азоб чекиш учун эмас, балки Худонинг ҳузурида сизлар ҳақингизда ғамхўрлигимиз сизларга намоён бўлиши учун ёзган эдим.
13
Шунинг учун биз сизларнинг юпанчингиз билан юпандик. Янада кўпроқ биз Титуснинг қувончидан қувондик, чунки сизларнинг ҳаммаларингиз унинг руҳини юпатдингизлар.
14
Шундай қилиб, мен сизлар ҳақингизда унинг олдида нималар тўғрисида мақтанган бўлсам ҳам, уятда қолмадим. Лекин биз сизларга ҳамма нарсани ҳақиқатда гапирганимиздай, худди шундай, Титуснинг олдидаги сизлар ҳақингиздаги мақтовимиз ҳам ҳақиқат бўлиб чиқди.
15
У ҳаммангизнинг итоаткорлигингизни, уни қандай қўрқув ва титроқ билан қабул қилганингизни эслаганида, унинг ичидаги сизларга бўлган ҳиссиёти янада ошиб боряпти.
16
Шундай қилиб, мен ҳамма нарсада сизларга ишончим комиллигидан хурсандман.