12
1
Мақтанишим мен учун фойдали эмас, шунинг учун Раббийдан олган кўриниш ва ваҳийларга келаман.
2
Масиҳдаги бир одамни биламанки, ўн тўрт йил илгари – танадами ёки танадан ташқаридами билмайман, буни Худо билади – у одам учинчи осмонга олиб чиқилган эди.
3
Бундай одамни биламанки – танадами ёки танадан ташқаридами билмайман, буни Худо билади –
4
у жаннатга олиб чиқилган эди ва инсонга айтиш тақиқланган, тил билан ифодалаб бўлмайдиган сўзларни эшитди.
5
Бундай одам билан мақтанишим мумкин. Лекин ўзим билан эмас, фақат заифликларим билан мақтанаман.
6
Бироқ мақтанишни хоҳласам ҳам, ақлсиз бўлмайман, чунки ҳақиқатни айтаман. Лекин мен ўзимни тийиб турибман, токи кимдир мен ҳақимда менда кўраётганидан ёки эшитаётганидан ортиқ ўйламасин.
7
Менга очилган ваҳийларнинг ҳаддан ортиқлигидан ўта юксалмаслигим учун, менинг танамга бир ниш, яъни шайтоннинг мени қийнайдиган фариштаси берилган, токи мен ўта юксалмайин.
8
Буни мендан узоқлаштиришни Раббийдан уч марта илтимос қилдим.
9
У эса менга деди: “Менинг иноятим сен учун етарлидир, чунки Менинг қудратим заифликда амалга ошади”. Шунинг учун Масиҳнинг қудрати менда жо бўлиши учун бажонидил ўз заифликларим билан янада кўпроқ мақтанаман.
10
Шундай қилиб, мен заифликларда, хафагарчиликларда, муҳтожликларда, қувғинларда, Масиҳ учун бўлган сиқувларда қаноатланиб юрибман, чунки мен заиф бўлганимда кучлиман.
11
Мен мақтаниб ақлсиз бўлдим – сизлар мени бунга мажбур қилдингизлар. Аслида сизлар мени мақташингиз керак эди, чунки мен ҳеч ким бўлмасам ҳам, ўша “олий ҳаворийлардан” ҳеч нарсада қолишмаган эдим.
12
Менинг ҳаворийлигимнинг белгилари орангизда ҳар қандай сабр-тоқатда, аломатларда, мўъжизаларда, куч-қудратда намоён бўлди.
13
Бошқа Жамоатларга нисбатан сизларга нима етишмайди? Фақатгина мен ўзим сизларга оғир юк бўлмаганимми? Бу айбим учун мени кечиринглар.
14
Мана, мен учинчи марта олдингизга боришга тайёрман ва сизларга ҳеч юк бўлмайман, чунки мен сизларникини эмас, балки сизларнинг ўзингизни излайман. Чунки фарзандлар ота-оналарига эмас, балки ота-оналар фарзандларига мол-мулк тўплашлари керак.
15
Мен эса ўзимни сизларнинг жонларингиз учун бажонидил сарф қиламан ва сарф бўламан. Мен сизларни ҳаддан ташқари севсам ҳам, сизлар томондан камроқ севилмоқдаман.
16
Борди-ю, мен ўзим сизларга юк бўлмаган бўлсам ҳам, лекин айёрлик қилиб, ҳийлакорлик билан сизлардан олган бўлсам.
17
Аммо олдингизга юборган одамлар орқали сизлардан манфаат изладимми?
18
Мен Титусдан илтимос қилганман ва у билан бирга биродаримни юборганман. Титус сизлардан манфаат изладими? Биз бир руҳда ҳаракат қилмадикми? Бир йўлда юрмаган эдикми?
19
Яна бизни олдингизда ўзини оқлаяпти, деб ўйламаяпсизларми? Эй, севганларим, буларнинг ҳаммасини сизларнинг барпо бўлишингиз учун Худонинг олдида, Исо Масиҳда айтяпмиз.
20
Зотан сизларнинг ёнингизга келганимда, мен сизларни исталмаган ҳолатда топмайин ва сизлар ҳам мени исталмаган ҳолатда топманглар, деб қўрқяпман, яъни орангизда яна жанжалкашликни, ҳасадни, ғазабни, талаш-тортишувларни, туҳматни, шикоятбозликни, мағрурликни, тартибсизликни топмайин,- дейман,
21
токи менинг кейинги келишимда Худо мени сизларнинг олдингизда камситмасин ва аввал гуноҳ қилиб, ўз нопоклигида, фоҳишабозлигида, бузуқлигида тавба қилмаган кўплар учун йиғлаб аза тутмайин.