11
1
О, кошки, сизлар менинг ақлсизлигимга бир оз бўлса ҳам, бардош берсангизлар эди! Бироқ менга бардош беряпсизлар ҳам.
2
Мен сизларни Худонинг рашки билан рашк қилмоқдаман, чунки мен сизларни покиза қиз сифатида Масиҳга тақдим этишим учун ягона эрга никоҳладим.
3
Лекин илон ўз ҳийлагарлиги билан Ҳаввани алдаганидек, сизларнинг онгингиз ҳам Масиҳдаги соддаликдан йироқлашиб бузилмасин, деб қўрқмоқдаман.
4
Агар кимдир келиб, биз воизлик қилгандан бошқа бир Исони воизлик қилганида эди, ёки сизлар олган Руҳдан бошқа бир руҳни олганингизда эди, ёки қабул қилинган Хушхабардан бошқа бир хушхабарни қабул қилганингизда эди, унда сизлар буни олиб келган одамга жуда ҳам бардош берар эдингиз.
5
Лекин менинг ўша “олий ҳаворийларнинг” қаршисида ҳеч қандай камчилигим йўқ, деб ўйлайман.
6
Мен сўзда жоҳил бўлсам ҳам, лекин билимда жоҳил эмасман. Бироқ ҳамма нарсада биз сизларга тамоман аёнмиз.
7
Сизларни юксалтириш учун ўзимни пастга уриб, сизларга Худонинг Хушхабарини текин воизлик қилганимда, мен гуноҳ қилар эдимми?
8
Сизларга хизмат қилишим учун мен бошқа Жамоатларни “талон-тарож” қилиб, улардан таъминот олар эдим.
9
Аммо орангизда бўлганимда, мен муҳтож бўлсам ҳам, ҳеч кимга оғирлигимни туширмадим, чунки Македониядан келган биродарлар менинг муҳтожликларимни қондирдилар. Шундай қилиб, мен ҳеч нарсада сизларга юк бўлмасликка ҳаракат қилганман ва ҳаракат қиламан.
10
Ичимда бўлган Масиҳнинг ҳақиқати бўйича айтяпманки: Ахая юртлари бўйлаб мана шу мақтов мендан тортиб олинмайди.
11
Нима учун? Сизларни севмаганим учунми? Худо буни билади!
12
Бироқ баҳона излаётганларга баҳона бермаслик учун қандай ҳаракат қилган бўлсам, бундан сўнг ҳам шундай ҳаракат қиламан, токи бундайлар мақтанаётган нарсаларида биздек бўлиб чиқсинлар.
13
Чунки бундайлар – сохта ҳаворийлардир, Масиҳнинг ҳаворийлари қиёфасини олаётган алдовчи хизматкорлардир.
14
Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки иблиснинг ўзи нур фариштасининг қиёфасини олмоқда.
15
Шунинг учун ҳам агар унинг хизматкорлари ҳақлик хизматкорларининг қиёфасини олсалар, ажабланарли эмас. Бироқ уларнинг оқибати ишларига яраша бўлади.
16
Яна айтаман: ҳеч ким мени ақлсиз, деб ўйламасин. Акс ҳолда, мен ҳам бироз мақтанишим учун мени ақлсиз каби қабул қилинглар.
17
Мақтанишим учун шу дадиллик билан айтаётганимни Раббийда эмас, балки ақлсизликда бўлгандек айтаман.
18
Хуллас, кўплар тана изми бўйича мақтанаётгани учун мен ҳам мақтанаман.
19
Чунки сизлар доно бўлиб, бажонидил ақлсизларга тоқат қилмоқдасизлар:
20
агар кимдир сизларни қул қилса, ҳақингизни еса, сизлардан ўғирласа, ўзини юксалтирса, агар кимдир юзингизга урса, сизлар бунга тоқат қилмоқдасизлар.
21
Сизларга таъна қилиб айтаманки, биз буларга жуда ҳам заиф эдик! Агар кимдир бирон нарсага журъат қилса, (ақлсизликда айтаман) мен ҳам журъат қиламан.
22
Улар яҳудийми? Мен ҳам. Улар исроилликми? Мен ҳам. Улар Иброҳим зурриётими? Мен ҳам.
23
Улар Масиҳнинг хизматкорларими? Ақлсиз бўлиб айтаман: мен кўпроқ хизматкорман. Мен улардан анча кўпроқ меҳнату заҳматда, ҳаддан ташқари жароҳатларда бўлдим, кўпроқ зиндонларда ётдим ва кўп марта ўлимда бўлдим.
24
Яҳудийлардан беш маротаба бир кам қирқта қамчи едим.
25
Уч марта мени калтаклашган, бир марта тошбўрон қилишган, уч марта мен кемада ҳалокатга учрадим, тун ва кун денгиз тубида бўлдим.
26
Кўп марта саёҳатларга чиқдим. Дарёларда хавфда бўлдим, қароқчилардан ҳам хавфда, ўз қабиладошларимдан ҳам хавфда, мажусийлардан ҳам хавфда, шаҳарда хавфда, саҳрода хавфда, денгизда хавфда, сохта биродарлар орасида хавфда бўлдим.
27
Мен меҳнату уқубатда, кўпинча уйқусизликда, очлигу ташналикда, кўпинча рўзада, совуқ ҳавода ва яланғочликда бўлдим.
28
Бундан ташқари, менда ҳар куни одамларнинг тўпланиши ва барча Жамоатлар ҳақида ғамхўрлик қилишдир.
29
Қайси бир заиф бўлган билан мен бирга заиф бўлмаган эдим?! Қайси бир васвасага тушган учун мен куймаган эдим?
30
Агар мақтанишим керак бўлса, ўзимнинг заифлигим билан мақтанаман.
31
Абадий муборак бўлган Худо, яъни Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси биладики, мен алдамаяпман:
32
Дамашқда подшоҳ Аретаснинг вилоят ҳокими мени тутиш учун Дамашқ шаҳрини қўриқлаган эди.
33
Лекин мен девордаги деразадан саватда туширилдим ва унинг қўлидан қочиб қутулдим.