10
1
Энди мен – сизларнинг орангизда камтар, сизлардан узоқда эса сизларга нисбатан жасур бўлган Повул – Масиҳнинг мулойимлиги ва муруввати билан сизларга мурожаат қиламан:
2
Сизлардан сўрайманки, мен олдингизга келиб, баъзиларингизга қарши ишлатмоқчи бўлган қатъий жасоратимни қўлламай. Чунки улар бизни тана изми бўйича ҳаракат қиляпти, деб ўйламоқдалар.
3
Ҳа, биз танада юрсак ҳам, тана изми бўйича жанг қилмаяпмиз.
4
Чунки жангимиздаги қуроллар танавий измига оид эмас, балки истеҳкомларни барбод қилиш учун Худо томонидан қудратлидир.
5
Булар билан Худони таниб билишга қарши кўтариладиган ҳар қандай хаёл ва кеккайишни йиқитамиз, ҳар қандай фикрни Масиҳга бўйсуниши учун асир қиламиз,
6
ва сизларнинг итоатингиз бажо бўлганида, ҳар қандай итоатсизликни жазолашга тайёрмиз.
7
Ташқи қиёфага қараяпсизларми? Ким ўзининг Масиҳники эканлигига амин бўлса, у ўзича буни англаб билсин: у қандай Масиҳники бўлса, биз ҳам худди шундай Масиҳникимиз.
8
Раббий бизга сизларни барбод қилиш учун эмас, балки барпо қилиш учун берган ҳокимият ҳақида мен янада кўпроқ мақтанганимда ҳам, уятда қолмас эдим.
9
Бироқ мактубларим билан сизларни қўрқитаётган одам бўлиб кўринмайин.
10
Чунки баъзилар: “У мактубларида қатъий ва кучли, лекин шахсан заиф ва сўзлари ҳам арзимас”,- деяптилар.
11
Бундайлар шуни англаб билсинки, биз орангизда йўқлигимизда, мактубларимиздаги сўзларда қандай бўлсак, орангизда борлигимизда ҳам амалда худди шундаймиз.
12
Ўзларини тавсия этаётган баъзилар билан биз ўзимизни тенг тутишга ёки солиштиришга журъат этмаймиз. Улар ақлсизларча ўзларини ўзлари билан ўлчаб, ўзларини ўзлари билан солиштирадилар.
13
Биз эса меъёрсиз мақтанмаймиз, лекин сизларга ҳам етиб боришимиз учун Худо бизга тайин этган меъёр бўйича, яъни улуш меъёрида мақтанамиз.
14
Биз гўё сизларга етиб бормагандай, ҳаддимиздан ошмаяпмиз, чунки сизларга ҳам Масиҳнинг Хушхабари билан етиб борганмиз.
15
Биз бошқаларнинг меҳнати билан меъёрсиз мақтанмаяпмиз, лекин сизларнинг имонингиз ўсиши билан сизларда ўз улушимизни мўл-кўл оширишга умид қиламиз,
16
токи бировнинг улушидаги тайёр ишлар билан мақтанмай, сизлардан узоқроқда ҳам Хушхабарни воизлик қилайлик.
17
Мақтанаётган эса Раббий билан мақтансин.
18
Ўзини ўзи мақтайдиган эмас, балки Раббий мақтайдиган одам мақтовга лойиқдир.