9 1 Сулаймон Раббийнинг маъбадини, подшоҳнинг уйини ва Сулаймон қилишни истаган барча ниятини қилиб бўлганида, 2 Раббий Сулаймонга Гибъўнда намоён бўлганидан кейин яна иккинчи марта намоён бўлди. 3 Раббий унга деди: “Мен сенинг ибодатингни ва сен Менинг қаршимда қилган илтижонгни эшитдим. Менинг номим абадий у жойда бўлиши учун сен қурган шу маъбадни Мен муқаддасладим. Менинг кўзларим ва Менинг юрагим ҳар куни ўша жойда бўлади. 4 Агар сен ҳам Менинг юзим олдида отанг Довуд каби пок юрак билан тўғриликда юрсанг, Мен сенга амр этганларнинг барчасини бажарсанг, Менинг низомлару қонунларимни сақласанг, 5 шунда, Мен отанг Довудга: Сенинг наслингдан Исроил тахтида ўтирадиган одам йўқ бўлмайди, деб айтганимдек, Мен сенинг шоҳона тахтингни Исроил устидан абадий мустаҳкам ўрнатаман. 6 Лекин агар сизлар ва сизларнинг ўғилларингиз Мени тарк этсангизлар, Мен сизларга берган Менинг амрларимга ва Менинг низомларимга амал қилмасангизлар, ҳамда бориб, ўзга худоларга хизмат қилиб, сажда қилсангизлар, 7 шунда Мен Исроилга берган ер юзидан Исроилни қириб ташлайман ва Мен Ўз номимга муқаддаслаган ушбу маъбадни Ўз юзим қаршисидан рад қиламан. Шунда Исроил халқи барча халқларда масал ва масхара бўлади. 8 Мана шу баланд маъбад ҳақида, унинг ёнидан ўтаётган ҳар бир кимса даҳшатга тушиб, ҳуштак чалади ва дейди: Нима учун Раббий бу ерни ва бу маъбадни бундай қилди? 9 Улар: Чунки улар оталарини Миср еридан олиб чиққан ўз Раббий Худосини тарк этдилар ва бошқа худоларни қабул қилдилар, уларга хизмат қилиб, сажда қилдилар? Шунинг учун Раббий уларга ушбу барча кулфатларни юборди,- дейдилар”. 10 Сулаймон иккита уй: Раббийнинг ва подшоҳнинг уйини қурган йигирма йил ўтганидан сўнг, 11 Тир подшоҳи Хирам Сулаймонга кедр, сарв дарахтларини ҳамда олтинни унинг кўнгли истаганича етказиб тургани учун подшоҳ Сулаймон Хирамга Галиле еридан йигирмата шаҳарни берди. 12 Сулаймон берган шаҳарларни кўриш учун Хирам Тирдан чиқиб келди ва улар унга ёқмади. 13 У: “Биродарим менинг, сен менга берган бу шаҳарлар қанақа шаҳарлар?”- деди. У уларни Кэбул (“Чекланган”), деб атади. Улар ҳозирги кунга қадар шундай аталади. 14 Хирам подшоҳга бир юз йигирма талант олтин юборди. 15 Подшоҳ Сулаймоннинг солиқ солишининг сабаби мана шудир: Раббийнинг маъбадини, ўзининг уйини, Миллони, Йерусалимнинг деворларини, Ҳазорни, Мегиддо ва Гезерни қуриш учун у солиқ солди. 16 Миср подшоҳи фиръавн келиб, Гезерни қўлга киритди, уни оловда ёндирди ва шаҳарда яшаётган канъанликларни қириб ташлаб, шаҳарни ўзининг қизи, Сулаймоннинг хотинига совға қилди. 17 Шунда Сулаймон Гезерни ва пастги Бейт-Хўронни, 18 Баалатни ва саҳродаги Тадморни, 19 барча ғамлаш шаҳарларини, жанг аравалари учун шаҳарларни, отлиқлар учун шаҳарларни қурди. Шундай қилиб, Сулаймон Йерусалимда, Лебанонда ҳамда ўзининг шоҳлигидаги барча ерда қуришни истаган барча нарсани қурди. 20 Исроил ўғилларидан бўлмаган, амўрликлардан, хетликлардан, перизликлардан, ҳивликлар ва ябусликлардан қолган бутун халқни, 21 шунингдек, улардан кейин ерда қолган, Исроил ўғиллари қириб ташламаган уларнинг фарзандларини Сулаймон ҳозирги кунгача товон тўловчи хизматкорлар қилди. 22 Исроил ўғилларини эса Сулаймон қул қилмади, лекин улар унинг жангчилари, хизматкорлари, амалдорлари, лашкарбошилари ва унинг жанговар араваларининг ҳамда отлиқларининг бошлиқлари бўлдилар. 23 Мана булар Сулаймоннинг ишларининг устидан бош назоратчилар: ишларни амалга ошираётган халқни бошқарадиганлар беш юз эллик нафар киши эди. 24 Фиръавннинг қизи Довуднинг шаҳридан Сулаймон унга қуриб берган уйга кўчиб ўтди. Сўнгра Сулаймон Миллони қурди. 25 Сулаймон Раббийга қурган қурбонгоҳда бир йилда уч марта тамоман ёндириш қурбонлиги ва тинчлик қурбонлиги келтириб, Раббийнинг қаршисида қурбонгоҳда тутатқилар тутатар эди. Шундай қилиб, у уйнинг қурилишини тугатди. 26 Подшоҳ Сулаймон Эдўм ерида, Қизил денгиз қирғоғида, Элат ёнидаги Эзион‑Габерда кема ясади. 27 Хирам денгизни биладиган ўзининг кемачи хизматкорларини кемада Сулаймоннинг хизматкорлари билан бирга юборди. 28 Улар Офирга жўнадилар ва у ердан тўрт юз йигирма талант олтинни олиб, подшоҳ Сулаймонга олиб келдилар.