10 1 Шеба маликаси эса Сулаймоннинг Раббий номи туфайли бўлган шуҳрати ҳақида эшитиб, уни топишмоқлар билан синаш учун Йерусалимга келди. 2 У Йерусалимга жуда кўп бойликлар билан келди. Туяларга жуда кўп хушбўйликлар, олтинлар ва қимматбаҳо тошлар ортилган эди. У Сулаймоннинг олдига келиб, унинг юрагида бўлган ҳамма нарса ҳақида у билан суҳбатлашди. 3 Сулаймон унинг барча саволларига жавоб берди. Подшоҳ унга тушунтириб бера олмайдиган, подшоҳга номаълум бўлган бирор нарса йўқ эди. 4 Шеба маликаси Сулаймоннинг барча донолигини ва у қурган уйни, 5 унинг дастурхонидаги таомларни, қулларининг яшаш жойини, хизматкорларининг тавозели хизматларини, уларнинг кийимларини, унинг шароб қуювчиларини ва у Раббийнинг маъбадида келтираётган тамоман ёндириш қурбонликларини кўриб, ўзини бошқа тута олмай, 6 подшоҳга деди: “Мен ўз еримда сизнинг ишларингиз ва донолигингиз ҳақида эшитганларим тўғри экан. 7 Бироқ мен келмагунимча ва менинг кўзларим буларни кўрмагунича, бу сўзларга ишонмаган эдим. Мана, менга буларнинг ярми ҳам айтилмаган экан. Сизнинг донолигингиз ва бойлигингиз мен эшитганимдан ҳам кўпроқ экан. 8 Сизнинг одамларингиз бахтли ва доим сизнинг қаршингизда туриб, донолигингизни тинглаётган сизнинг ушбу хизматкорларингиз бахтлидир. 9 Сизни Исроилнинг тахтига ўтқизишни маъқул кўрган Раббий Худойингиз муборакдир! Раббий Исроилни абадий севиши туфайли сизни ҳукм ва адолатни амалга оширишингиз учун подшоҳ қилиб қўйди”. 10 У подшоҳга бир юз йигирма талант олтин, жуда кўп миқдорда хушбўйликлар ва қимматбаҳо тошлар туҳфа қилди. Малика Шеба подшоҳ Сулаймонга берган даражада кўп хушбўйликлар ҳали ҳеч қачон келган эмас эди. 11 Офирдан олтинларни олиб келган Хирамнинг кемаси Офирдан ҳам жуда кўп қизил дарахти ва қимматбаҳо тошларни олиб келди. 12 Подшоҳ қизил дарахтлардан Раббийнинг уйи ва подшоҳнинг уйи учун ёғоч панжаралар, шунингдек, қўшиқчилар учун қўбиз ва ғижжаклар ясади. Ҳеч қачон бу қадар шунча кўп қизил дарахт келмаган ҳам, шу кунгача кўришмаган ҳам эди. 13 Подшоҳ Сулаймон Шеба маликасига шоҳона саҳий қўли билан ҳадя этган нарсаларидан ташқари, у нимани сўраса истаган нарсаларининг ҳаммасини берди. Сўнгра у ўзининг хизматкорлари билан ўз ерига қайтиб кетди. 14 Сулаймонга ҳар йили келадиган олтиннинг вазни олти юз олтмиш олти талант олтин эди, 15 бундан ташқари, савдогарлардан ва сотувчиларнинг молларидан, барча арабийлик подшоҳлардан ва вилоят ҳокимларидан олтин келар эди. 16 Подшоҳ Сулаймон болғаланган олтиндан икки юзта катта қалқон ясади, ҳар бир қалқонга олти юз шеқел олтин кетди. 17 У яна болғаланган олтиндан уч юзта кичик қалқон ясади, ҳар бир қалқонга уч манеҳ олтин кетди. Подшоҳ уларни Лебанон дарахтидан ясалган уйга қўйди. 18 Сўнг подшоҳ филнинг суягидан катта тахт ясади ва уни соф олтин билан қоплади. 19 Тахтнинг олтита зинапояси бор бўлиб,тахтнинг тепаси орқа томондан айлана эди. Ўриндиқнинг иккала томонида тирсак қўйгич ёндор бор бўлиб, тирсак қўйгич ёндорларнинг ёнида иккита шер турар эди. 20 Яна у жойда, олтита зинапоянинг икки томонида ўн иккита шер турар эди. Бошқа бирор шоҳликда бунга ўхшаши йўқ эди. 21 Подшоҳ Сулаймоннинг ичиш учун барча идишлари олтиндан бўлиб, Лебанон дарахтидан ясалган уйдаги барча идишлар соф олтиндан эди. Бирор нарса кумушдан қилинган эмас эди, чунки кумуш Сулаймоннинг кунларида ҳеч нарса каби ҳисобланар эди. 22 Чунки денгизда подшоҳнинг Хирам кемаси билан бирга Таршиш кемаси бор эди. Таршиш кемаси уч йилда бир марта олтин, кумуш, фил суяги, маймун ва товусларни олиб келар эди. 23 Шундай қилиб, Сулаймон бойлик ва доноликда ердаги барча подшоҳлардан устун эди. 24 Сулаймоннинг юрагига Худо солган доноликни эшитиш учун ердаги барча уни кўриш имконини излар эдилар. 25 Ҳар йили улар унга ҳар бири ўз совғасини: кумуш ва олтин идишлар, либослар, қуроллар, хушбўйликлар, от ва хачирларни олиб келар эди. 26 Сулаймон арава ва отлиқларни йиғди, унинг бир минг тўрт юзта араваси ва ўн икки минг нафар отлиғи бор эди. У уларни аравалар учун мўлжалланган шаҳарларга ва Йерусалимда подшоҳнинг ёнига жойлаштирди. 27 Подшоҳ Йерусалимда кумушни оддий тошга тенг қийматли қилди, кедрларни эса кўплигидан паст жойларда ўсадиган сикаморга тенг қийматли қилди. 28 Отларни Сулаймонга Миср ва Қоведан олиб келар эдилар. Подшоҳнинг савдогарлари уларни Қоведан пулга сотиб олар эдилар. 29 Мисрдан арава олти юз, от эса бир юз эллик шеқел кумушга олиб келинар эди. Худди шу тарзда, буларнинг барчасини Хет подшоҳларига ва Сурия подшоҳларига ҳам етказар эдилар.