5 1 Тир подшоҳи Хирам, Сулаймонни отасининг ўрнига подшоҳликка мойлаганини эшитганида, ўз қулларини унинг олдига юборди, чунки Хирам бутун ҳаёти давомида Довуд билан дўст эди. 2 Сулаймон ҳам Хирамнинг олдига одам юбориб, деди: 3 ”Сиз биласизки, менинг отам Довуд атрофидаги халқлар билан жанг қилаётиб, Раббий уларни унинг оёғининг товони остига бўйсундирмагунича у ўз Раббий Худосининг номига уй қура олмади. 4 Эндиликда эса Раббий Худо менга ҳар томондан тинчлик ато этди: душман ҳам йўқ, ёвуз ғовлар ҳам йўқ. 5 Мана, Раббий менинг отам Довудга: Мен сенинг ўрнингга сенинг тахтингга ўтқизадиган ўғлинг, Менинг номимга уй қуради,- деб айтганидек, мен ўз Раббий Худойимнинг номига уй қурмоқчиман. 6 Шундай қилиб, мен учун Лебанондан кедрларни кесишни буюринг. Мана, менинг қулларим сизнинг қулларингиз билан бирга бўлади. Мен сизга қулларингиз учун сиз белгилайдиган тўловни бераман, чунки сиз биласизки, бизда сидўнликлар каби дарахтларни кеса оладиган одамлар йўқ”. 7 Хирам Сулаймоннинг бу гапларини эшитганида, жуда хурсанд бўлиб: “Бу кўп сонли халқни бошқариш учун Довудга доно ўғил берган Раббий бу кун муборак бўлсин!”- деди. 8 Сўнг Хирам Сулаймоннинг олдига одам юбориб, деди: “Сен менинг олдимга нима мақсадда одам юборганингни диққат билан тингладим. Сенинг кедр ва сарв дарахтлари ҳақидаги барча истакларингни амалга ошираман. 9 Менинг қулларим уларни Лебанондан денгиз олдига олиб келадилар, мен эса уларни денгиз орқали сен менга белгилайдиган жойга кемаларда олиб бораман. Мен уларни ўша ерда тахлайман ва сен оласан. Сен ҳам менинг истагимни бажаргин: менинг хонадонимга нон етказиб бергин”. 10 Шундай қилиб, Хирам Сулаймонга у истаганича кедр ва сарв дарахтлари етказиб бера бошлади. 11 Сулаймон эса Хирамга унинг хонадони озиқланиши учун йигирма минг кор буғдой ва йигирма кор тоза зайтун ёғи берди. Сулаймон Хирамга ҳар йили шунчадан бериб турди. 12 Раббий Сулаймонга ваъда берганидай, унга донолик берди. Сулаймон билан Хирамнинг ораси тинч эди ва улар ўзаро иттифоқ туздилар. 13 Подшоҳ Сулаймон бутун Исроилни мажбурий ишга чорлади, ўттиз минг киши мажбурий ишга боришлари керак эди. 14 У уларни Лебанонга, ҳар ой навбатма‑навбат ўн мингтадан юборар эди. Улар бир ой Лебанонда, икки ой эса ўз уйларида бўлар эдилар. 15 Яна Сулаймоннинг етмиш минг нафар юк ташувчиси ва саксон минг нафар тоғда тош йўнувчиси бор эди. 16 Булар ― меҳнат қилаётган халқни назорат қилиш учун Сулаймон иш бошқарувчи қилиб қўйган уч минг уч юз кишидан ташқари эди. 17 Подшоҳ уйнинг пойдевори учун катта тошлар, қимматбаҳо тошлар ва йўнилган тошлар келтиришни буюрди. 18 Уларни Сулаймоннинг ишчилари, Хирамнинг ишчилари ва гебалийликлар йўнар эдилар. Улар уйни қуриш учун дарахт ва тошларни тайёрлар эдилар.