4 1 Подшоҳ Сулаймон бутун Исроил устидан подшоҳ эди. 2 Мана булар – унинг қўл остидаги бошлиқлар эдилар: руҳоний Садокнинг ўғли Азарийаҳ, 3 Шибанинг ўғиллари Элиҳореф ва Ахийаҳ котиблар, Аҳилуднинг ўғли Йеҳошафат тарихчи, 4 Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳ лашкарбоши, Садок ва Абиатар эса руҳонийлар, 5 Натаннинг ўғли Азарийаҳ назоратчиларга бошлиқ, Натаннинг ўғли руҳоний Забут подшоҳнинг дўсти, 6 Аҳишар подшоҳнинг хонадони устидан бошлиқ, Абданинг ўғли Адонирам эса солиқларнинг устидан бошлиқ. 7 Сулаймоннинг Исроил устидан ўн иккита назоратчиси бор эди. Улар подшоҳга ва унинг хонадонига озиқ‑овқат етказиб турар эдилар. Ҳар бир назоратчи йилнинг бир ойида озиқ‑овқат етказиб туриши керак эди. 8 Мана уларнинг исмлари: Эфрайим тоғида Бен-Хур эди. 9 Маказда, Шаалбимда, Бейт-Шемешда, Элон ва Бейт-Хананда Бен-Декар эди. 10 Арубофда Бен-Ҳесед эди. У яна Сўкоҳ ва Ҳефер устида ҳам бўлган. 11 Бутун Новоҳ-Дор ҳудуди устида Бен‑Абинадаб эди. Сулаймонинг қизи Тават унинг хотини эди. 12 Таанаҳ ва Мегиддода Аҳилуднинг ўғли Баанаҳ эди. У яна Йезреэл остидаги Заретан олдидаги Бейт-Шеандан то Абел-Мехолаҳгача, ҳатто Йокмеҳамдан наригача бутун юрт устида ҳам бўлган. 13 Гилъаддаги Рамўтда Бен‑Гебер эди. У яна Гилъаддаги Манашеҳ ўғли Йаирнинг шаҳарлари, шунингдек, Башандаги Аргоб вилояти, деворли ва мис дарвозали олтмишта катта шаҳар устида ҳам бўлган. 14 Маханайимда Иддонинг ўғли Аҳинадаб эди. 15 Нафтали ерида Охимаас эди. У ўзига Сулаймоннинг қизи Босиматни хотинликка олган эди. 16 Ашернинг ери ва Беалотда Хушайнинг ўғли Баана эди. 17 Иссохор ерида Паруйахнинг ўғли Йеҳошафат эди. 18 Бенямин ерида Элаҳнинг ўғли Шимей. 19 Гилъад ерида, яъни Амўрлик подшоҳи Сихоннинг ерида ва Башан подшоҳи Огнинг ерида Урийнинг ўғли Гебер эди. У Гилъадда назоратчи эди. 20 Денгиз бўйидаги қум каби кўп сонли Яҳудо ҳамда Исроил еб‑ичар ва шодланар эди. 21 Сулаймон Фурот дарёсидан Пелишт еригача ва Мисрнинг чегарасигача барча шоҳликлар устидан ҳукмронлик қилар эди. 22 Сулаймоннинг ҳар кунги озуқаси қуйидагилардан иборат эди: ўттиз кор буғдой уни ва олтмиш кор бошқа унлар; 23 ўнта семиртирилган ҳўкиз, йигирмата яйловдан келтирилган ҳўкиз, буғу, кийик, оққуйруқ ва семиртирилган қушлардан ташқари юзта қўй эди. 24 Зеро дарёнинг у томонидаги Типсаҳдан Газагача бутун ер устидан ва дарёнинг бу томонидаги барча подшоҳлар устидан Сулаймон ҳукмронлик қилар эди. У атрофидаги барча мамлакатлар билан тинчликда эди. 25 Шундай қилиб, Сулаймоннинг барча кунларида Дандан то Беир-Шебагача Яҳудо ва Исроилнинг ҳар бир одами ўзининг узумзори остида ва анжир дарахти остида хотиржам яшар эди. 26 Сулаймонинг отхоналарида аравалар учун қирқ мингта ва отлиқлар учун ўн икки мингта от бор эди. 27 Ўша назоратчилар подшоҳ Сулаймонга, шоҳнинг дастурхонига керакли барча нарсаларни ҳар бири ўзининг ойида келтириб берар ва ҳеч нарсанинг камчилигига йўл қўймас эдилар. 28 Ҳар бири ўз навбатида, подшоҳ яшайдиган жойга от ва хачирлар учун арпа ҳамда сомонни ҳам етказиб берар эди. 29 Худо Сулаймонга донолик, ўта буюк идрок ва денгиз қирғоғидаги қум каби кенг ақл берди. 30 Сулаймоннинг донолиги барча шарқ ўғилларининг ҳамда Мисрнинг бор донолигидан юқори эди. 31 У барча одамлардан доно эди. У эзраҳлик Эйтандан, Маҳолнинг ўғиллари Ҳейман, Калкол ва Дардадан ҳам донороқ эди. Атрофидаги барча халқлар орасида унинг исми шарафда эди. 32 У уч мингта ҳикмат айтди ва унинг бир минг бешта қўшиғи бор эди. 33 У Лебанондаги кедрдан то девордан ўсиб чиқадиган ҳиссопгача дарахтлар ҳақида сўзлади. У ҳайвонлар, қушлар, судралиб юрувчилар ва балиқлар ҳақида ҳам сўзлади. 34 Сулаймоннинг донолиги ҳақида эшитиб, унинг донолигини эшитиш учун барча халқлардан ва барча подшоҳликлардан келар эдилар.