20 1 Сурия подшоҳи Бен-Ҳадад ўзининг барча лашкарини йиғди. У билан бирга ўттиз икки нафар подшоҳ, отлар, аравалар бор эди. У бориб, Самарияни қамал қилиб, унга қарши жанг қилди. 2 У шаҳарга, Исроил подшоҳи Ахабнинг олдига элчиларни юборди ва унга деди: “Бен-Ҳадад шундай дейди: 3 Сенинг кумушингу олтининг меники, хотинларингу энг сара ўғилларинг ҳам меники". 4 Исроил подшоҳи жавоб бериб: “Оҳ, менинг ҳукмдорим подшоҳ, сен айтганингдек бўлсин: мен ҳам, менинг ҳамма нарсам ҳам сеники бўлсин”,- деди. 5 Элчилар яна келиб, дедилар: “Бен-Ҳадад шундай дейди: Мен элчиларни сенга: Ўз кумушингу олтинингни ва хотинларингу ўғилларингни менга топшир, дейишга юборган эдим. 6 Шунинг учун мен эртага, шу вақтда сенинг олдингга уйингни ва олдингдаги хизматкорларингнинг уйини текшириб чиқиш учун ўз қулларимни юбораман, улар сенга қадрли бўлган ҳамма нарсани ўз қўлларига олиб, чиқиб кетадилар”. 7 Шунда Исроил подшоҳи ернинг барча оқсоқолларини чақириб: “Қаранглар, билиб олинглар: бу одам ёвузликни ният қилган. У менинг хотинларимни, ўғилларимни, кумуш ва олтинимни олиб кетиш учун элчиларни юборганида, мен уни рад этмадим”,- деди. 8 Барча оқсоқоллар ва бутун халқ унга: “Қулоқ солманг, рози ҳам бўлманг”,- дейишди. 9 Шунинг учун у Бен-Ҳададнинг элчиларига: “Менинг ҳукмдорим подшоҳга бундай денглар: Сен қулингга биринчи бор нималарни сўраб юборган бўлсанг, барчасини мен қилишга тайёрман, лекин бунисини қила олмайман”,- деди. Элчилар кетдилар ва унга жавобни етказдилар. 10 Бен-Ҳадад унинг олдига яна одам юбориб: “Агар менинг ортимдан бораётган барча одамга Самариянинг тупроғи бир ҳовучдан тегса, унда худолар мени бундай қилсинлар ва бундан-да ортиқроғини қилсинлар”,- деди. 11 Исроил подшоҳи жавоб бериб: “Айтинглар: Белини боғлаётган худди белбоғини ечаётгандек мақтанмасин”,- деди. 12 Чодирларда подшоҳлар билан бирга ичиб ўтирган Бен-Ҳадад бу сўзни эшитганида, ўз қулларига: “Сафланинглар”,- деди. Улар шаҳар қаршисида саф тортдилар. 13 Мана, бир пайғамбар Исроилнинг подшоҳи Ахабнинг олдига келиб: “Раббий шундай дейди: Сен бу улкан қўшинни кўряпсанми? Мана, мен бугун уни сенинг қўлларингга топшираман, шунда Сен Менинг Раббий эканлигимни билиб оласан”,- деди. 14 Ахаб: “Ким орқали?”- деди. У: “Раббий шундай дейди: Вилоят ҳокимларининг хизматкорлари орқали”,- деди. Ахаб: “Ким жангни бошлаши керак?”- деди. У: “Сен”,- деди. 15 Шунда Ахаб вилоят ҳокимларининг хизматкорларини санади, улар икки юз ўттиз икки киши эди. Улардан кейин бутун халқни, Исроилнинг барча ўғилларини санади, улар етти минг киши эди. 16 Улар тушги пайтда жангга чиқдилар. Бен-Ҳадад эса чодирда подшоҳлар билан бирга, яъни унга ёрдам бераётган ўттиз икки нафар подшоҳ билан бирга ичиб маст бўлди. 17 Вилоят ҳокимларининг хизматкорлари биринчи бўлиб жангга чиқдилар. Бен-Ҳадад одамларни юборди ва улар унга Самариядан одамлар чиққанини етказдилар. 18 У: “Агар улар тинчлик учун чиққан бўлсалар, унда уларни тириклайин тутинглар, агар улар жангга чиққан бўлсалар, шунда ҳам тириклайин тутинглар”,- деди. 19 Шундай қилиб, вилоят ҳокимларининг хизматкорлари шаҳардан чиқдилар ва уларнинг кетидан қўшин чиқди. 20 Уларнинг ҳар бири ўзининг душманини қира бошлади, шунда сурияликлар қочиб кетдилар, исроилликлар эса уларни таъқиб қилдилар. Суриянинг подшоҳи Бен-Ҳадад отлиқлар билан бирга отда қочиб, қутилиб қолди. 21 Исроил подшоҳи чиқиб, от ва араваларни қирғин қилди ва сурияликларни улкан қирғин билан қириб ташлади. 22 Шунда пайғамбар Исроил подшоҳининг олдига келди ва унга: “Бориб, қувватлангин ва сен нима қилишинг кераклигини кўриб, билиб ол, чунки бир йилдан сўнг Сурия подшоҳи яна сенга қарши чиқади”,- деди. 23 Суриянинг хизматкорлари унга дедилар: “Уларнинг Худоси тоғларнинг Худоси, шунинг учун ҳам улар бизни мағлуб қилдилар. Агар биз улар билан текисликда жанг қилсак, унда уларни аниқ мағлуб қиламиз. 24 Шундай қилиб бундай қилинг: Подшоҳларнинг ҳар бирини ўз ўрнидан олиб ташланг ва уларнинг ўрнига вилоят ҳокимларини қўйинг. 25 Қанча қўшин қулаган бўлса, шунча қўшин: отга от, аравага арава йиғинг. Сўнг улар билан текисликда жанг қиламиз, шунда аниқ уларни мағлуб этамиз”. У уларнинг овозига қулоқ солди ва шундай қилди. 26 Бир йил ўтиши билан Бен-Ҳадад сурияликларни йиғиб, исроилликлар билан жанг қилиш учун Офоққа чиқди. 27 Исроил ўғиллари ҳам йиғилдилар ва озиқ‑овқатлар олиб, уларга пешвоз чиқдилар. Исроил ўғиллари уларнинг қаршисида худди иккита кичиккина эчки подасидек жойлашдилар, сурияликлар эса ерни тўлдирдилар. 28 Худонинг кишиси келиб, Исроил подшоҳига: “Раббий шундай дейди: Сурияликлар: Раббий – тоғлар Худосидир, лекин У – водий Худоси эмас, деганлари учун Мен бу барча улкан қўшинни сенинг қўлингга топшираман, шунда сизлар Мен Раббий эканлигимни билиб оласизлар”,- деди. 29 Улар етти кун бир‑бирларининг қаршисида қароргоҳ қурдилар. Еттинчи кун жанг бошланди ва Исроил ўғиллари бир кунда суриялик пиёда аскарлардан юз мингтасини ўлдирдилар. 30 Қолганлари эса Офоқ шаҳрига қочиб кетдилар, лекин у ерда қолган йигирма етти минг кишининг устига девор йиқилди. Бен-Ҳадад эса шаҳарга қочиб, ички хонага кирди. 31 Унинг хизматкорлари унга: “Биз эшитдикки, Исроил хонадонининг подшоҳлари шафқатли подшоҳлар экан. Рухсат беринг, биз қанор кийимларини белимизга боғлаб ва арқонларни бошимизга ўраб, Исроил подшоҳининг олдига борайлик. Балки у сизнинг ҳаётингизни сақлаб қолар”,- дедилар. 32 Шундай қилиб, улар белларига қанор кийимини боғладилар, бошларига арқон ўрадилар ва Исроил подшоҳининг олдига келиб дедилар: “Сизнинг қулингиз Бен-Ҳадад: Илтимос, менга шафқат қил, демоқда”. Шоҳ: “Наҳот у тирик бўлса? У менинг биродарим”,- деди. 33 Бу одамлар буни яхши белги, деб қабул қилиб, унинг оғзидаги сўзни шошилинч илиб олдилар ва унга: “Сизнинг биродарингиз Бен-Ҳадад!”- дедилар. Шунда у: “Бориб, уни олиб келинглар”,- деди. Шунда Бен-Ҳадад унинг олдига чиқди ва у уни ўзи билан бирга аравага ўтқизди. 34 Бен-Ҳадад унга: “Менинг отам сенинг отангдан олган шаҳарларни сенга қайтариб бераман ва менинг отам Самарияда майдонларга эга бўлгани каби, сен ҳам ўзингга Дамашқда майдонларга эга бўлишинг мумкин”,- деди. Ахаб: “Битимдан кейин сени қўйиб юбораман”,- деди. Сўнг у билан битим тузиб, уни қўйиб юборди. 35 Пайғамбарларнинг ўғилларидан бир киши иккинчисига, Раббийнинг сўзи бўйича: “Илтимос, ур мени”,- деди. Лекин у киши уни уришга рози бўлмади. 36 Унга: “Сен Раббийнинг овозига қулоқ солмаганинг учун, менинг олдимдан кетаётганингда сени шер ўлдиради”,- деди. У унинг олдидан кетаётганида, унга шер пешвоз чиқиб, уни ўлдирди. 37 Шунда у бошқа одамни топиб: “Илтимос, ур мени”,- деди. У одам уни шу қадар урдики, уни бутунлай моматалоқ қилди. 38 Пайғамбар бориб, юзини ёпинчиқ билан ёпиб олди ва йўлда подшоҳни кута бошлади. 39 Подшоҳ ёнидан ўтиб кетаётганида, у подшоҳга бақириб деди: “Сенинг қулинг урушга борган эди, мана, бир киши мени четга тортиб, олдимга бир кишини келтириб: Бу кишини тутиб тургин, агар у йўқолиб қолса, сенинг жонинг унинг жони ўрнига бўлади ёки сен талант кумуш тортиб беришинг керак бўлади, деди. 40 Сенинг қулинг у‑бу ишлар билан банд бўлганида, у йўқолиб қолди”. Исроилнинг подшоҳи унга: “Сенга ҳукм худди шундай бўлади, сен буни ўзинг ҳал қилдинг”,- деди. 41 У шу заҳоти юзидан ёпинчиқни олди ва подшоҳ унинг пайғамбарлардан бири эканини таниди. 42 У шоҳга: “Раббий шундай дейди: Мен лаънатлаган одамни қўлингдан чиқарганинг учун сенинг жонинг унинг жони ўрнига ва сенинг халқинг унинг халқи ўрнига бўлади”,- деди. 43 Исроил подшоҳи уйига хавотиру қайғу билан жўнаб кетди ва Самарияга келди.