19 1 Ахаб Йезебелга Элийаҳ қилган барча ишларни ва у барча пайғамбарларни қилич билан ўлдирганини айтиб берди. 2 Шунда Йезебел Элийаҳнинг олдига хабарчини юбориб: “Агар мен эртага, мана шу вақтгача, сенинг жонингни уларнинг ҳар бирининг жони нима қилинган бўлса шундай қилмасам, унда менинг худоларим менга шундай қилсин ва ҳатто ортиқроғини қилсин”,- деди. 3 Буни кўриб, Элийаҳ ўрнидан турди ва ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун кетиб, Яҳудиядаги Беир-Шебага келди. Сўнгра хизматкорини ўша жойда қолдириб, 4 ўзи эса бир кунлик йўл босиб саҳрога кетди. Бир жойга келиб, у арча тагида ўтирди. Элийаҳ ўзига ўлим сўраб: “Етар энди, ё, Раббий, менинг жонимни олгин, чунки мен оталаримдан кўра яхшироқ эмасман!”- деди. 5 У ётиб, арча тагида ухлаб қолди. Мана, фаришта уни туртиб: “Тур, овқатлангин”,- деди. 6 Шунда Элийаҳ қаради ва, мана, унинг бош томонида кўмирда пишган кулча ҳамда кўзада сув бор эди. У еди, ичди ва яна уйқуга кетди. 7 Худонинг фариштаси иккинчи марта қайтиб келди ва уни туртиб: “Тур ва овқатлангин, чунки сенинг олдингда олис йўл турибди”,- деди. 8 У туриб, еб-ичди. Кейин шу озуқа билан қувватланиб, Худонинг тоғи Хоребгача қирқ кун ва қирқ тун юрди. 9 У ўша ерда ғорга кирди ва унинг ичида тунади. Мана, унга Раббийнинг сўзи келди ва Раббий унга: “Элийаҳ, сен бу ерда нима қиляпсан?”- деди. 10 У: “Мен Раббий Қўшинлар Худованди ҳақида рашк қилдим, чунки Исроил ўғиллари Сенинг амрингни тарк этдилар, Сенинг қурбонгоҳларингни барбод қилдилар ва Сенинг пайғамбарларингни қилич билан ўлдирдилар. Битта мен қолдим ва улар менинг жонимни олиш учун мени изламоқдалар”,- деди. 11 У эса деди: “Чиқ ва тоғда Раббий юзи олдида тур. Мана, Раббий ўтиб кетади. Раббийнинг олдидан қояларни парчалайдиган, тоғларни ёрадиган кучли ва қаттиқ шамол бўлади, бироқ Раббий шамолда эмас. Шамолдан кейин зилзила бошланади, бироқ Раббий зилзилада ҳам эмас. 12 Зилзиладан кейин олов ёнади, бироқ Раббий оловда ҳам эмас. Оловдан кейин майин шабада эсади”. 13 Элийаҳ буни эшитганида, юзини ўзининг ридоси билан ёпди ва чиқиб, ғорнинг кириш қисмида турди. Унга овоз келди ва деди: “Элийаҳ, сен бу ерда нима қиляпсан?” 14 Шунда у: “Мен Раббий Қўшинлар Худованди ҳақида рашк қилдим, чунки Исроил ўғиллари Сенинг амрингни тарк этдилар, Сенинг қурбонгоҳларингни барбод қилдилар ва Сенинг пайғамбарларингни қилич билан ўлдирдилар. Битта мен қолдим ва улар менинг жонимни олиш учун мени изламоқдалар”,- деди. 15 Раббий унга деди: “Ўз йўлинг билан Дамашқ саҳроси орқали ортингга қайтгин ва келганингда, Сурия устидан Ҳазаэлни подшоҳликка мойлагин. 16 Нимшининг ўғли Йеҳуни Исроил устидан подшоҳликка мойлагин. Абел‑Мехолаҳдан бўлган Шафатнинг ўғли Элишани эса ўзингнинг ўрнингга пайғамбарликка мойлагин. 17 Кимки Ҳазаэлнинг қиличидан қочса, уни Йеҳу ўлдиради ва кимки Йеҳунинг қиличидан қутилса, уни Элиша ўлдиради. 18 Мен исроилликлар орасида етти минг кишини қолдирдим. Уларнинг барчасининг тиззалари Баал қаршисида тиз чўкмади ва уларнинг оғизлари уни ўпмади”. 19 Элийаҳ ўша жойдан кетди ва ўн икки жуфт ҳўкиз билан ер ҳайдаётган Шафатнинг ўғли Элишани топди. Унинг ўзи эса ўн иккинчи жуфтнинг ёнида эди. Элийаҳ унинг ёнидан ўтиб кетаётганида, унинг устига ўзининг ридосини ташлади. 20 У ўз ҳўкизларини қолдириб, Элийаҳнинг ортидан югурди ва деди: “Илтимос, мен бориб ота‑онамни ўпиб келишимга рухсат бергин ва сўнг мен сенинг ортингдан бораман”. У эса унга: “Бор ва қайтиб кел, зеро мен сенга нима қилдим?”- деди. 21 У унинг олдидан қайтиб, бир жуфт ҳўкизни олди ва уларни сўйди. Ҳўкизларнинг омочини ёндириб, уларнинг гўштини пиширди ҳамда одамларга тарқатди ва улар едилар. Ўзи эса туриб, Элийаҳга эргашди ва унга хизмат қила бошлади.