18 1 Кўп кунлар ўтганидан сўнг, учинчи йили Элийаҳга: “Бориб, Ахабга кўрингин. Мен эса ер юзига ёмғир ёғдираман”,- деган Раббийнинг сўзи келди. 2 Шунда Элийаҳ Ахабга кўриниш учун борди. Самарияда очарчилик кучли эди. 3 Ахаб қаср устидан бошлиқ Обадийаҳни чақирди. Обадийаҳ эса Худодан жуда қўрқадиган киши эди. 4 Йезебел Раббийнинг пайғамбарларини қириб ташлаётганида, Обадийаҳ юз нафар пайғамбарни олиб, уларни ғорларда эллик кишидан қилиб яширган ва уларни нон‑сув билан таъминлаган эди. 5 Ахаб Обадийаҳга: “Ернинг барча сув булоқларига ва ернинг барча жилғаларига боргин, отларни, хачирларни тирик сақлаб қолиш ва моллардан маҳрум бўлмаслик учун балки бирор ердан ўт топа олармиз”,- деди. 6 Шундай қилиб, улар ерни айланиб чиқиш учун уни ўзаро бўлиб олдилар. Ахабнинг ўзи бир йўлдан, Обадийаҳнинг ўзи бошқа йўлдан кетди. 7 Обадийаҳ йўлда кетаётганида, мана, унга Элийаҳ пешвоз чиқди. У уни таниди ва юз тубан йиқилиб: “Бу сизми, менинг ҳазратим Элийаҳ?”- деди. 8 У унга: “Бу менман. Бориб, ўз ҳукмдорингга: Мана, Элийаҳ шу ерда, деб айтгин”,- деди. 9 У эса деди: “Мен нима гуноҳ қилдимки, мени ўлдириши учун сиз ўз қулингизни Ахабнинг қўлига топширмоқчисиз? 10 Сизнинг Раббий Худойингиз тирик! Менинг ҳукмдорим сизни излаш учун одам юбормаган бирорта халқ ва шоҳлик қолмади. Улар: У бу ерда йўқ, деб айтганларида, у ўша подшоҳликка ва халққа сизни топа олмаганликларига қасам ичишларини талаб қилар эди. 11 Энди эса сиз: Бориб, ўз ҳукмдорингга: Элийаҳ, шу ерда! деб айт,- демоқдасиз. 12 Мен сизнинг олдингиздан кетганимда, Худонинг Руҳи сизни мен билмайдиган томонга олиб кетади. Агар мен Ахабни хабардор қилишга борсам, у эса сизни топа олмаса, унда мен, сизнинг қулингиз ёшлигимдан Раббийдан қўрқадиган бўлсам ҳам, у мени ўлдиради. 13 Йезебел Раббийнинг пайғамбарларини ўлдираётганида, мен нима қилганим, Раббийнинг юз нафар пайғамбарини эллик нафардан қилиб ғорларда яшириб, уларни нон ва сув билан таъминлаганимни, менинг ҳазратимга сўзлаб беришмадими? 14 Сиз эса энди: Бориб, ўз ҳукмдорингга: Мана, Элийаҳ шу ерда, деб айт,- демоқдасиз. Унда у мени ўлдиради”. 15 Элийаҳ: “Мен қаршисида турган Қўшинлар Худованди тирик! Мен бугун унга кўринаман”,- деди. 16 Шундай қилиб, Обадийаҳ Ахабга пешвоз чиққани кетди ва унга хабарни етказди. Ахаб Элийаҳга пешвоз чиқиш учун кетди. 17 Ахаб Элийаҳни кўрганида, Ахаб унга: “Бу сенми, Исроилни безовта қилаётган одам?”- деди. 18 Элийаҳ унга деди: “Мен Исроилни безовта қилганим йўқ, аксинча, сен ва отангнинг хонадони безовта қилдилар, чунки сен Раббийнинг амрларини тарк этдинг ва Баалга эргашдинг. 19 Энди одам юборгин ва менинг олдимга, Кармел тоғига бутун Исроилни, Баалнинг пайғамбарларини ва Йезебелнинг дастурхонидан озиқланадиган Аштаротнинг пайғамбарларини йиққин. 20 Шунда Ахаб исроилликларнинг барча ўғилларига хабар юборди ва Кармел тоғига барча пайғамбарларни йиғди. 21 Элийаҳ бутун халққа яқинлашиб: “Қачонгача икки фикр орасида тебранасизлар? Агар Йаҳвеҳ Худо бўлса, унда Унга эргашинглар! Агар Баал бўлса, унда унга эргашинглар”,- деди. Бироқ халқ унга бирор оғиз сўз жавоб бермади. 22 Сўнг Элийаҳ халққа деди: “Йаҳвеҳнинг пайғамбарларидан битта мен қолдим, Баалнинг пайғамбарлари эса тўрт юз эллик киши. 23 Бизга иккита буқа берсинлар, улар ўзларига битта буқани танлаб, уни бўлакларга бўлсинлар ва уни ўтин устига қўйсинлар, лекин остига олов ёқмасинлар. Мен эса иккинчи буқани тайёрлаб, уни ўтин устига қўяман, лекин остига олов ёқмайман. 24 Сизлар ўз худоларингизнинг номини айтиб чақиринглар, мен эса ўз Раббий Худойимнинг номини айтиб чақираман. Олов воситасида жавоб берадиган Худо ― ҳақиқий Худодир!” Бутун халқ: “Бу яхши фикр”,- деди. 25 Элийаҳ Баалнинг пайғамбарларига: “Ўзларингизга битта буқани танлаб, уни сизлар биринчи тайёрланглар, чунки сизлар кўпчиликсизлар. Сўнг ўз худоларингизнинг номини айтиб чақиринглар, лекин олов ёқманглар”. 26 Шунда уларга берилган биринчи буқани олиб, уни тайёрладилар ва Баалнинг номини эрталабдан туш вақтигача: “Ё, Баал, бизни эшитгин!”- дер чақирдилар. Лекин бирор садо ҳам бўлмади, жавоб ҳам бўлмади. Улар эса қурган қурбонгоҳлари олдида сакрар эдилар. 27 Туш вақтида Элийаҳ уларнинг устидан кула бошлаб деди: “Баланд овозда бақиринглар, зеро у худо! Балки у ўйлаётгандир, ёки бирор иш билан банддир, балки йўлдадир, балки ухлаётгандир ва уни уйғотиш керакдир?” 28 Улар баланд овозда бақирар ва ўз одатлари бўйича пичоқлару найзалар билан қон оққунича ўзларини тилар эдилар. 29 Куннинг ярми ўтди, улар эса кечки қурбонлик келтириш вақтигача телбаландилар, бироқ бирор садо ҳам, бирор жавоб ҳам, бирор эшитувчи ҳам бўлмади. 30 Шунда Элийаҳ бутун халққа: “Менинг олдимга келинглар”,- деди. Бутун халқ унинг олдига келди. У Раббийнинг барбод қилинган қурбонгоҳини қайта тиклади. 31 Раббий: Сенинг исминг Исроил бўлади, деб айтган Ёқубнинг ўғилларининг қабилаларининг сони бўйича Элийаҳ ўн иккита тош олди. 32 Бу тошлардан Раббийнинг номига қурбонгоҳ қурди ва қурбонгоҳ атрофида икки сиҳ дон сиғадиган чуқур қилди. 33 Сўнгра унинг устига ўтин қўйди, буқани бўлакларга бўлди ва уни ўтиннинг устига қўйди. 34 У: “Тўртта челакни сувга тўлдириб, тамоман ёндириш қурбонлигининг устига ва ўтиннинг устига қуйинглар”,- деди. Кейин у: “Яна бир марта қилинглар”,- деди. Улар яна бир марта шундай қилдилар. У: “Учинчи марта шундай қилинглар”,- деди. Улар учинчи марта шундай қилдилар. 35 Шунда сув қурбонгоҳнинг атрофига оқди ва чуқур сув билан тўлди. 36 Кечки қурбонлик келтирилиши вақтида пайғамбар Элийаҳ яқинроқ келиб, деди: “Ё, Раббий, Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Исроилнинг Худоси! Сен Исроилда ягона Худо эканинг, мен Сенинг қулинг эканим ва бу ишларнинг ҳаммасини Сенинг сўзинг бўйича қилганимни бугун билиб олсинлар. 37 Мени эшит, ё, Раббий, мени эшит! Токи Сен, ё, Раббий, Худо эканингни ва уларнинг юракларини яна Ўзингга ўгиришингни бу халқ билиб олсин!” 38 Шунда Раббийнинг олови тушиб, тамоман ёндириш қурбонлигини, ўтинни, тошларни, тупроқни ямлади ва чуқурдаги сувни ютиб юборди. 39 Бутун халқ буни кўрганида, юз тубан йиқилди ва улар: “Йаҳвеҳ, У ― Худодир! Йаҳвеҳ, У― Худодир!”- дедилар. 40 Элийаҳ уларга: “Баалнинг пайғамбарларини қўлга олинглар, улардан бирортаси қочиб кетмасин!”- деди. Уларни қўлга олдилар ва Элийаҳ уларни Кишон жилғаси ёнига олиб бориб, уларни ўша жойда сўйди. 41 Элийаҳ Ахабга: “Боргин ва еб‑ичгин, чунки ёмғирнинг шовқини эшитилмоқда”,- деди. 42 Шунда Ахаб еб‑ичишга кетди, Элийаҳ эса Кармелнинг чўққисига чиқди ва ерга эгилиб, юзини тиззаларининг орасига қўйди. 43 У ўз хизматкорига: “Бориб, денгиз томонга қара”,- деди. У бориб қаради-да: “Ҳеч нима йўқ”,- деди. У: “Етти марта бориб-келгин”,- деди. 44 Еттинчи мартасида у: “Мана, денгиздан одамнинг кафтича кичкина булут кўтарилмоқда”,- деди. У: “Бориб, Ахабга: Ўз аравангизни тайёрланг ва ёмғир тўхтатиб қолмаслиги учун тоғдан тушинг, деб айтгин”,- деди. 45 Шу орада, осмон қора булут ва шамолдан қоронғилашиб, кучли ёмғир қуйди. Ахаб эса аравасига ўтирди-да, Йезреэлга чоптириб кетди. 46 Раббийнинг қўли Элийаҳнинг устида эди. У ўз белини боғлади ва Йезреэлнинг дарвозасигача Ахабдан олдинда югуриб кетди.