17 1 Гилъадда яшовчи тишбиҳлик Элийаҳ Ахабга деди: “Мен қаршисида турган Исроилнинг Раббий Худоси тирик! Мана шу йилларда, мен айтмагунимча, шудринг ҳам ёмғир ҳам ёғмайди”. 2 Унга Раббийнинг сўзи келди: 3 “Бу ердан кетиб, шарққа ўгирил ва Йорданнинг олдидаги Керит жилғаси ёнида яширин. 4 Сен бу жилғадан сув ичасан, чунки Мен қарғаларга сени ўша ерда боқишга буюрдим”. 5 Шунда у кетиб, Раббийнинг сўзини бажарди. Шундай қилиб, у бориб, Йорданнинг олдидаги Керит жилғаси ёнида яшай бошлади. 6 Қарғалар унга эрталаб нон ва гўшт, оқшом ҳам нон ва гўшт олиб келар эдилар. У жилғадан сув ичар эди. 7 Бир неча кун ўтганидан сўнг, бу жилға ҳам қуриб қолди, чунки ерга ёмғир ёғмаётган эди. 8 Шунда унга Раббийнинг сўзи келди: 9 “Тур, Сидўндаги Зарепатга бор ва ўша ерда қол. Мен у ерда бева аёлга сени боқишга буюрдим”. 10 Шунда у туриб, Зарепатга борди. У шаҳарнинг дарвозаси олдига келганида, мана, у ерда бева аёл ўтин терар эди. У уни чақириб: “Мен ичишим учун идишда озгина сув бергин”,- деди. 11 У олиб келгани кетаётганида, Элийаҳ унинг ортидан қичқириб: “Ўз қўлингга мен учун бир бурда нон ҳам ола кел”,- деди. 12 Бева эса жавобан: “Сизнинг Раббий Худойингиз тирик! Менда ҳеч қандай нон йўқ, фақатгина хумчада бир ҳовуч ун ва кўзада озгина ёғ бор. Мана, мен озгина ўтин йиғяпман, буни ўзим ва ўғлим учун тайёрламоқчиман. Буни еймиз, кейин ўламиз”,- деди. 13 Шунда Элийаҳ унга деди: “Қўрқма, бор ва айтганингдек қил, фақат олдин мен учун кичик кулча пишириб, менга олиб кел. Кейин ўзинг ва ўғлинг учун қиласан. 14 Чунки Исроилнинг Раббий Худоси шундай демоқда: Раббий ерга ёмғир бергунга қадар хумнинг ичидаги ун тугамайди ва кўзадаги ёғ камаймайди!” 15 У бориб, Элийаҳ айтганидек қилди. Шундай қилиб, кўп кунлар давомида Элийаҳ, хотин ва унинг хонадони овқатландилар. 16 Раббий Элийаҳ орқали айтган сўзи бўйича хумчадаги ун тугамас ва кўзадаги ёғ камаймас эди. 17 Бундан кейин бу аёлнинг, яъни хонадон соҳибасининг ўғли касал бўлиб қолди, унинг касали шунча оғир эдики, уни ҳаёт нафаси тарк этди. 18 Шунда бу аёл Элийаҳга: “Эҳ, Худонинг одами, мен сизни нима қилай? Сиз гуноҳларимни эслатиш ва ўғлимни ўлдириш учун менинг олдимга келдингиз”,- деди. 19 У эса унга: “Менга ўғлингни бер”,- деди. У болани унинг қўлидан олиб, ўзи яшаётган болохонага олиб чиқди ва уни ўзининг тўшагига ётқизди. 20 У Раббийга фарёд қилиб: “Ё, менинг Раббий Худойим, наҳотки Сен беванинг ўғлини ўлдириб, мен яшаётган унинг хонадонига кулфат келтирган бўлсанг?”- деди. 21 Сўнг у ўсмирнинг устига уч марта чўзилиб ётди ва Раббийга фарёд қилиб деди: “Ё, менинг Раббий Худойим! Сендан илтижо қиламан, бу ўсмирнинг жони ўзига қайтсин!” 22 Раббий Элийаҳнинг овозини эшитди, боланинг жони ўзига қайтди ва у тирилди. 23 Элийаҳ болани олиб, уни болохонадан пастги уйга олиб тушди ва уни онасига топшириб, Элийаҳ: “Қара, ўғлинг тирик”,- деди. 24 Шунда ўша хотин Элийаҳга: “Энди мен сизнинг Худонинг одами эканингизни ва сизнинг оғзингиздаги Раббийнинг сўзлари ҳақиқат эканини билиб олдим”,- деди.