16 1 Бааша ҳақида Йеҳу ўғли Ҳананига Раббийнинг сўзи келди: 2 “Мен сени тупроқдан кўтардим ва Менинг халқим Исроилга ҳукмдор қилиб қўйдим. Сен эса Йеробоамнинг йўлидан бординг ва Мени ўз гуноҳлари билан ғазаблантириши учун Менинг халқим Исроилни гуноҳга ботирдинг. 3 Шунинг учун Мен Баашанинг ва унинг уруғининг хонадонини қириб ташлайман, Небат ўғли Йеробоамнинг хонадонини қирғин қилганим каби, сенинг хонадонингни ҳам худди шундай қиламан. 4 Баашанинг хонадонидан ким шаҳарда ўлса, уни итлар ейди, унинг хонадонидан ким далада ўлса, уни само қушлари ейдилар”. 5 Баашанинг қолган фаолияти, унинг қилган ишлари ва унинг қудрати Исроил подшоҳлари китобида ёзилган. 6 Бааша кўз юмиб, оталарига қўшилди ва Тирзаҳда дафн этилди. Унинг ўрнига ўғли Элаҳ подшоҳ бўлди. 7 Аммо Ҳанани ўғли Йеҳу орқали Баашага ва унинг хонадонига қарши аллақачон Раббийнинг сўзи айтилган эди, чунки у Йеробоамнинг хонадонига тақлид қилиб, ўз қўлларининг ишлари билан Раббийни ғазаблантириб, Унинг нигоҳида ҳар қандай ёвузликни қилган эди. Айни шунинг учун Йеробоам ўлдирилган эди. 8 Яҳудиянинг подшоҳи Осо ҳукмронлигининг йигирма олтинчи йилида, Исроил устидан Баашанинг ўғли Элаҳ Тирзаҳда подшоҳ бўлди ва икки йил ҳукмронлик қилди. 9 Жанг араваларининг ярмининг устидан бошлиқ бўлган унинг хизматкори Зимри унга қарши фитна уюштирди. Элаҳ Тирзаҳда, Тирзаҳдаги қаср устидан бошлиқ Арзанинг уйида маст бўлгунича ичганида, 10 Зимри кириб, уни яралади ва Яҳудия подшоҳи Осо ҳукмронлигининг йигирма еттинчи йилида уни ўлдирди ҳамда унинг ўрнига подшоҳ бўлди. 11 У подшоҳ бўлганида ва Башаанинг тахтига ўтирганида, шунда Баашанинг бутун хонадонини қириб ташлади ва у бирорта деворга сиядиган кишини: унинг қариндошларини ҳам, ошналарини ҳам қолдирмади. 12 Шундай қилиб, Раббий пайғамбар Йеҳу орқали Бааша ҳақида айтилган Унинг сўзи бўйича Зимри Баашанинг бутун хонадонини қириб ташлади. 13 Уларнинг ўзлари қилган ва ўз бутлари билан Исроилнинг Раббий Худосини ғазаблантириб, Исроилни гуноҳга ботирган Баашанинг барча гуноҳлари ва унинг ўғли Элаҳнинг барча гуноҳлари учун бу содир бўлди. 14 Элаҳнинг қолган фаолияти ва унинг барча қилган ишлари Исроил подшоҳлари китобида ёзилган. 15 Яҳудиянинг подшоҳи Осо ҳукмронлигининг йигирма еттинчи йилида, Зимри Тирзаҳда етти кун подшоҳ бўлди. Бу вақтда халқ пелиштликларнинг Гиббетон шаҳрини қамал қилаётган эди. 16 Қамал қилаётган халқ эса Зимри фитна уюштириб, подшоҳни ўлдирганини эшитганларида, исроилликларнинг ҳаммаси шу куни лашкарбоши Омрини қароргоҳда Исроил устидан подшоҳ қилиб қўйди. 17 Омри ва исроилликларнинг барчаси у билан бирга Гиббетондан чиқиб бориб, Тирзаҳни қамал қилдилар. 18 Зимри шаҳар қўлга олинганини кўриб, подшоҳ уйининг ичкари хонасига кирди-да, ўзининг ортидан подшоҳнинг уйига ўт қўйди ва ҳалок бўлди. 19 У Йеробоамнинг йўлидан ва Исроилни гуноҳга ботириш учун қилган гуноҳларида юриб Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилгани ҳамда қилган гуноҳлари учун бу содир бўлди. 20 Зимрининг қолган фаолияти ва у уюштирган унинг фитнаси Исроил подшоҳлари китобида ёзилган. 21 Шунда Исроил халқи иккига бўлинди: халқнинг ярми Гинафнинг ўғли Тибнини подшоҳ қилиш учун унинг ортидан эргашди, ярми эса Омрига эргашди. 22 Бироқ Омрига эргашган халқ Гинаф ўғли Тибнига эргашган халқдан устун келди: Тибни ўлди ва Омри подшоҳ бўлди. 23 Яҳудиянинг подшоҳи Осо ҳукмронлигининг ўттиз биринчи йилида Омри Исроил устидан подшоҳ бўлди ва ўн икки йил ҳукмронлик қилди. У Тирзаҳда олти йил ҳукмронлик қилди. 24 Омри Семердан Самария тоғини икки талант кумушга сотиб олди. У тоғда шаҳар қурди ва қурган шаҳрини тоғнинг эгаси Семернинг исми бўйича Самария, деб атади. 25 Бироқ Омри Раббий нигоҳида ёвуз ишларни, ундан олдин бўлганларнинг барчасидан баттар ҳам ишларни қилар эди. 26 Зеро у Небат ўғли Йеробоамнинг барча йўлларидан бориб, ўз бутлари билан Исроилнинг Раббий Худосини ғазаблантирар ва Исроилни гуноҳга ботирган унинг гуноҳларида юрар эди. 27 Омрининг қилган бошқа ишлари ва кўрсатган унинг жасорати Исроил подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 28 Омри кўз юмиб, оталарига қўшилди ва Самарияда дафн этилди. Унинг ўрнига ўғли Ахаб подшоҳ бўлди. 29 Яҳудиянинг подшоҳи Осо ҳукмронлигининг ўттиз саккизинчи йилида Омрининг ўғли Ахаб Исроил устидан подшоҳ бўлди ва Омрининг ўғли Ахаб Самарияда Исроил устидан йигирма икки йил ҳукмронлик қилди. 30 Омрининг ўғли Ахаб Раббий нигоҳида ундан олдин бўлганларнинг барчасидан ортиқроқ ёвуз ишларни қилар эди. 31 Небат ўғли Йеробоамнинг гуноҳларида юриш у учун камлик қилганидек, у ўзига Сидўн подшоҳи Этбаалнинг қизи Йезебелни хотинликка олди. Шунинг учун у Баалга хизмат қилиб, унга сажда қила бошлади. 32 У Самарияда қурган Баалнинг бутхонасида Баалга қурбонгоҳ қўйди. 33 Шунингдек, Ахаб Аштаротга эманзор қилди. Шу тарзда, Ахаб ундан олдин бўлган барча Исроил подшоҳларидан ортиқроқ Исроилнинг Раббий Худосини ғазаблантирадиган ишларни қилди. 34 Унинг кунларида бейт-эллик Ҳиэл Йерихони қурди. Раббий Нўн ўғли Йешуа орқали айтган сўзи бўйича, у ўз тўнғичи Абирамни йўқотиб, Йериҳоннинг пойдеворини қўйди ва ўзининг кенжа ўғли Сегубни йўқотиб, унинг дарвозасини қўйди.