15 1 Небат ўғли Йеробоам подшоҳлигининг ўн саккизинчи йилида Яҳудия устидан Абийам подшоҳ бўлди. 2 У Йерусалимда уч йил ҳукмронлик қилди. Унинг онасининг исми Маақаҳ бўлиб, у Абишаломнинг қизи эди. 3 Абийам унинг отаси ундан олдин қилган барча гуноҳларда юрар ва унинг юраги унинг отаси Довуднинг юраги каби Раббий Худога тўлиқ содиқ эмас эди. 4 Лекин Раббий Довуд ҳақи, ундан кейин унинг ўғлини кўтариш ва Йерусалимни мустаҳкамлаш учун Раббий Худоси унга Йерусалимда чироқ берди. 5 Чунки Довуд Раббийнинг нигоҳида тўғри ишларни қилар ва ҳаётининг барча кунларида, хетлик Урийаҳга қилган қилмишидан ташқари Худо унга амр этган барча нарсаларда йўлдан оғмас эди. 6 Реҳобоам ва Йеробоам орасида, уларнинг ҳаётларининг барча кунларида уруш бўлди. 7 Абийамнинг қолган фаолияти ва унинг қилган барча ишлари Яҳудия подшоҳлари китобида ёзилган. Абийам ва Йеробоам орасида ҳам уруш бўлди. 8 Абийам кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва уни Довуд шаҳрида дафн этишди. Унинг ўрнига унинг ўғли Осо подшоҳ бўлди. 9 Исроил подшоҳи Йеробоам ҳукмронлигининг йигирманчи йилида Яҳудия устидан Осо подшоҳ бўлди. 10 У Йерусалимда қирқ бир йил подшоҳлик қилди. Унинг онасининг исми Маақаҳ бўлиб, у Абишаломнинг қизи эди. 11 Осо эса отаси Довуд каби Раббийнинг нигоҳида тўғри ишларни қилар эди. 12 У юртидан фоҳишабозларни қувиб юборди ва унинг оталари ясаган барча бутларни олиб ташлади. 13 У ҳатто ўз онасини ҳам, унинг Аштарот бутини ясагани учун маликалик унвонидан маҳрум қилди. Осо унинг бутини чопиб ташлади ва Кедрон анҳори ёнида ёндирди. 14 Лекин тепаликлар йўқ қилинмаган эди. Барибир Осонинг юраги унинг барча кунларида Раббийга тўлиқ бағишланган эди. 15 У Раббийнинг уйига унинг отаси ва унинг ўзи бағишлаган нарсаларни: олтин, кумуш ва идишларни олиб келди. 16 Осо ва Исроил подшоҳи Баашанинг орасида, уларнинг барча кунларида уруш бўлди. 17 Исроилнинг подшоҳи Бааша Яҳудияга қарши чиқди ва Яҳудиянинг подшоҳи Осонинг олдига ҳеч ким кириб-чиқа олмаслиги учун Рамаҳни қурди. 18 Шунда Осо Раббий уйининг хазиналаридан ва подшоҳ уйининг хазинасидан қолган барча кумуш ва олтинни олиб, хизматкорларининг қўлларига берди ҳамда уларни подшоҳ Осо Дамашқда яшовчи Суриянинг подшоҳи Ҳезион ўғли, Табримоннинг ўғли Бен-Ҳададнинг олдига юбориб, деди: 19 “Менинг отам ва сенинг отанг орасида иттифоқ бўлгани каби, мен ва сенинг орангда иттифоқ бўлсин. Мана, мен сенга инъом сифатида кумуш ва олтин юбормоқдаман, сен Исроил подшоҳи Бааша билан бўлган иттифоқингни бузгин, токи у мендан чекинсин”. 20 Бен-Ҳадад подшоҳ Осога қулоқ солди ва ўз лашкарбошиларини Исроил шаҳарларига юборди. Улар Ижонни, Данни, Абел‑Бей‑Маақаҳни, бутун Киннеретни, бутун Нафтали ери билан биргаликда қирғин қилди. 21 Бааша буни эшитганида, Рамаҳни қуришни бас қилди ва Тирзаҳга қайтиб кетди. 22 Шунда подшоҳ Осо бутун Яҳудия аҳлини, ҳеч кимни қолдирмасдан чақирди ва улар Бааша қурилиш учун ишлатган тошларни, дарахтларни Рамаҳдан олиб кетдилар. Подшоҳ Осо улардан Беняминнинг Гебеаҳини ва Мизпаҳни қурди. 23 Осонинг қолган барча фаолияти, унинг бор қудрати, унинг барча қилган ишлари ва қурган шаҳарлари Яҳудия подшоҳлари китобида ёзилган. У қариган чоғида унинг оёқлари оғрир эди. 24 Осо кўз юмиб, оталарига қўшилди ва отаси Довуд шаҳрида ўз оталари билан дафн этилди. Унинг ўрнига унинг ўғли Йеҳошафат подшоҳ бўлди. 25 Яҳудия подшоҳи Осо ҳукмронлигининг иккинчи йилида Исроил устидан Йеробоамнинг ўғли Надаб подшоҳ бўлди ва Исроил устидан икки йил ҳукмронлик қилди. 26 У Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилар ва ўз отасининг йўлидан ҳамда Исроилни гуноҳга ботирган унинг гуноҳларида юрар эди. 27 Шунда Иссохор хонадонидан Ахийаҳ ўғли Бааша унга қарши фитна уюштириб, Небат ва барча исроилликлар Гиббетонни қуршаб олганларида, уни Бааша пелиштликларнинг Гиббетон шаҳрининг олдида ўлдирди. 28 Яҳудиянинг подшоҳи Осо ҳукмронлигининг учинчи йилида Бааша уни ўлдирди ва унинг ўрнига подшоҳ бўлди. 29 У подшоҳ бўлганида, Йеробоамнинг бутун хонадонини қириб ташлади. Раббий Ўз қули шилўҳлик Ахийаҳ орқали айтган сўзи бўйича уни қириб ташламагунича, Йеробоамдан бирорта ҳам жонни қолдирмади. 30 Ушбуларнинг барчаси Йеробоамнинг қилган гуноҳлари, Исролни гуноҳга ботиргани ва Исроилнинг Раббий Худосини ғазабини қўзғагани учун бўлди. 31 Надабнинг қолган фаолияти ва унинг барча ишлари Исроилнинг подшоҳлари китобида ёзилган. 32 Осо ва Исроил подшоҳи Бааша орасида уларнинг барча кунларида уруш бўлди. 33 Яҳудиянинг подшоҳи Осо ҳукмронлигининг учинчи йилида барча исроилликлар устидан Ахийаҳнинг ўғли Бааша Тирзаҳда подшоҳ бўлди. У йигирма тўрт йил ҳукмронлик қилди. 34 У Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилар ва Йеробоамнинг йўлларидан, у Исроилни гуноҳга ботирган унинг гуноҳларида юрар эди.