14 1 Ўша вақтда Йеробоамнинг ўғли Абийаҳ касал бўлиб қолди. 2 Йеробоам ўз хотинига деди: “Тур, Йеробоамнинг хотини эканингни билмасликлари учун қиёфангни ўзгартириб, Шилўҳга боргин. Ўша ерда пайғамбар Ахийаҳ бор, у менга мана шу халққа подшоҳ бўлишимни башорат қилган эди. 3 Ўзинг билан ўнта нон, кулчалар ва бир кўза асал олиб, унинг олдига бор. У сенга болага нима бўлишини айтади”. 4 Йеробоамнинг хотини худди шундай қилди. Ўрнидан туриб, Шилўҳга борди ва Ахийаҳнинг уйига келди. Ахийаҳнинг кўзлари энди кўрмас, чунки унинг кўзлари қариганидан хиралашган эди. 5 Раббий Ахийаҳга деди: “Мана, Йеробоамнинг хотини ўз ўғли ҳақида сендан сўрагани келмоқда, чунки у касал. Сен унга мана бундай-бундай дегин, чунки у қиёфасини ўзгартириб келади”. 6 Ахийаҳ аёл эшикдан кириб келганида, оёқларининг шитирлашини эшитиб, деди: “Эй, Йеробоамнинг хотини, кир. Қиёфангни ўзгартиришинг нима керак эди? Мен сенга даҳшатли элчиман. 7 Бор, Йеробоамга айт: Раббий Исроилнинг Худоси шундай дейди: Мен сени оддий халқ орасидан кўтариб, Менинг халқим Исроилга бошлиқ қилиб қўйдим. 8 Мен Довуднинг хонадонидан шоҳликни тортиб олиб, сенга бердим. Сен эса Менинг амрларимга амал қилган ва Менинг нигоҳимда тўғри ишларнигина қилиб, бор юраги билан Менга эргашган Менинг қулим Довуд каби эмассан. 9 Сен барча сендан олдин бўлганлардан ёмонроқ иш қилдинг: бориб, Мени ғазаблантириш учун ўзингга ўзга худолар ва ҳайкаллар ясадинг, Мени эса ортга улоқтирдинг. 10 Шунинг учун Мен Йеробоамнинг хонадонига кулфат юбораман, Йеробоамнинг хонадонидан деворга сиядиганларни, асир қилинганларни ва Исроилда қолганларни қириб ташлайман. Йеробоамнинг уйининг қолдиғини, биров ахлатни тўлиқ тозалагунича олиб ташлаганидек супуриб ташлайман. 11 Йеробоамнинг хонадонидан ким шаҳарда ўлса, уни итлар еб битиради, ким далада ўлса, уни само қушлари чўқиб ейди. Зеро Раббий шундай дейди. 12 Туриб, ўз уйингга бор. Сенинг оёқларинг шаҳарга қадам босганида, бола ўлади. 13 У ҳақида барча исроилликлар фарёд қиладилар ва уни дафн этадилар. Йеробоамнинг хонадонидан қабрга фақат у киради, чунки Йеробоамнинг хонадонидан ундангина Исроилнинг Раббий Худоси қаршисида қандайдир эзгулик топилди. 14 Бундан ташқари, Раббий Ўзига Исроил устидан подшоҳни кўтаради; у ўша куни Йеробоамнинг хонадонини қириб ташлайди. Қачон? Ҳатто ҳозир! 15 Раббий Исроилни шикастлайди ва у сувда тебранадиган қамиш каби бўлади. У уларнинг оталарига берган мана шу яхши ердан Исроилни қўпориб олади ва уларни дарёнинг у томонига сочиб юборади, чунки улар Раббийни ғазаблантириб, ўзларига бутлар ясадилар. 16 Раббий Йеробоамнинг гуноҳлари учун: унинг ўзи қилгани ва Исроилни гуноҳга ботиргани учун Исроилни душманга топширади”. 17 Йеробоамнинг хотини ўрнидан туриб, кетди ва Тирзаҳга келди. У эшикнинг остонасига қадам қўйганидаёқ бола ўлди. 18 Уни дафн этдилар ва Раббий Ўз қули пайғамбар Ахийаҳ орқали айтган Унинг сўзи бўйича барча исроилликлар бола учун йиғладилар. 19 Йеробоамнинг қолган ишлари, у қандай жанг ва подшоҳлик қилгани Исроил подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 20 Йеробоамнинг ҳукмронлик қилган муддати йигирма икки йил эди. У кўз юмиб, оталарига қўшилди ва унинг ўрнига унинг ўғли Надаб подшоҳ бўлди. 21 Сулаймоннинг ўғли Реҳобоам Яҳудияда подшоҳлик қилар эди. Реҳобоам подшоҳ бўлганида, қирқ бир ёшда эди. У Раббий Ўз номи ўша жойда бўлиши учун Исроил қабилалари орасидан танлаган шаҳар Йерусалимда ўн етти йил подшоҳлик қилди. Унинг онасининг исми аммўнлик Наамаҳ эди. 22 Яҳудо Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилар, уларнинг оталари қилган гуноҳларнинг устига улар ўзларининг гуноҳлари билан Уни ўта ғазаблантирар эдилар. 23 Улар ҳам ўзларига ҳар бир баланд тепаликда ва ҳар қандай яшил дарахт остида сиғинадиган тепаликлар, бутлар ва бутхоналар қурдилар. 24 Бу ерда фоҳишабозлар ҳам бор бўлиб, улар Раббий Исроил ўғиллари юзи қаршисидан қувиб юборган халқларнинг барча жирканч ишларини қилар эдилар. 25 Реҳобоам подшоҳлигининг бешинчи йилида, Миср подшоҳи Шушак Йерусалимга қарши юриш қилди. 26 У Раббий уйининг хазинасини, подшоҳ уйининг хазинасини олиб кетди. У ҳамма нарсани олиб кетди, Сулаймон ясаган барча олтин қалқонларни ҳам олиб кетди. 27 Подшоҳ Реҳобоам уларнинг ўрнига мис қалқонлар ясади ва уларни подшоҳ уйининг эшигини қўриқлайдиган қўриқчилар бошлиғининг қўлларига топширди. 28 Подшоҳ Раббийнинг уйига борганида, қўриқчилар уларни кўтариб борар ва ундан кейин уларни яна қўриқчиларнинг хонасига қайтариб, олиб келар эдилар. 29 Реҳобоамнинг қолган ишлари ва у қилган барча ишлар ҳақида Яҳудиянинг подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 30 Реҳобоам ва Йеробоам орасида, уларнинг ҳаётларининг барча кунларида уруш бўлди. 31 Реҳобоам кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва ўз оталари ёнида Довуд шаҳрида дафн этилди. Унинг онасининг исми аммўнлик Наамаҳ эди. Унинг ўрнига ўғли Абийам подшоҳ бўлди.