13 1 Йеробоам тутатқи тутатиш учун қурбонгоҳ олдида турганида, мана, Худонинг кишиси Раббийнинг сўзи бўйича Яҳудиядан Бейт-Элга келди. 2 У қурбонгоҳга қарши Раббийнинг сўзини эълон қилиб: “Эй, қурбонгоҳ, қурбонгоҳ! Раббий шундай дейди: Мана, Довуднинг хонадонида Йошийаҳ исмли ўғил туғилади. У сенинг тутатқи тутатаётган руҳонийларингни сенда қурбон қилади ва сенда одамларнинг суякларини ёндиради!”- деди. 3 Кейин у шу куннинг ўзида аломат бериб деди: “Буни Раббий айтганининг аломати мана будир: Мана, бу қурбонгоҳ парчаланади ва ундаги кул сочилиб кетади”. 4 Подшоҳ Йеробоам Худонинг кишисининг Бейт-Элдаги қурбонгоҳга қарши эълон қилган сўзини эшитганида, у ўз қўлини қурбонгоҳдан олди ва унга чўзиб: “Уни тутинглар!”- деди. Лекин унга қарши чўзилган унинг қўли қотиб қолди ва у уни ўзига қайира олмади. 5 Худонинг кишиси Раббийнинг сўзи билан берган аломат бўйича қурбонгоҳ парчаланди ва қурбогоҳдаги кул сочилиб кетди. 6 Подшоҳ Худонинг кишисига: “Раббий Худойингнинг юзига илтижо қил ва қўлим ўзимга қайрилиши учун мен ҳақимда ибодат қил!”- деди. Худонинг кишиси Раббий қаршисида илтижо қилди ва подшоҳнинг қўли ўзига қайрилди ҳамда худди олдингидек бўлиб қолди. 7 Шунда подшоҳ Худонинг кишисига: “Мен билан бирга уйга кириб, озуқа билан ўзингни қувватлантир ва мен сенга совға бераман”,- деди. 8 Лекин Худонинг кишиси подшоҳга деди: “Сен менга ҳатто ўз уйингнинг ярмини берганингда ҳам, мен сен билан бирга бормайман, бу жойда нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. 9 Чунки менга Раббийнинг сўзи билан шундай амр этилган: У ерда нон емагин, сув ҳам ичмагин ва сен борган йўлингдан ортингга қайтмагин”. 10 Сўнг у бошқа йўл билан кетди ва Бейт-Элга келган йўлдан ортига қайтмади. 11 Бейт-Элда бир кекса пайғамбар яшар эди. Унинг ўғиллари келиб, бугун Бейт-Элда Худонинг кишиси қилган барча ишларни унга айтиб бердилар. Шунингдек, у подшоҳга айтган сўзларни ҳам ўғиллари ўз оталарига сўзлаб беришди. 12 Отаси улардан: “У қайси йўл билан кетди?”- деб сўради. Ўғиллари Яҳудиядан келган Худонинг кишиси қайси йўл билан кетганини кўрсатиб юбордилар. 13 У ўғилларига: “Менга эшакни эгарланглар”,- деди. Шунда улар эшакни эгарладилар ва у унга ўтирди. 14 У Худонинг кишиси ортидан кетди ва уни эман дарахти тагида ўтирган ҳолда топди. У: “Сен Яҳудиядан келган Худонинг кишисимисан?”- деди унга. У: “Ҳа, менман”,- деди. 15 Шунда у: “Менинг уйимга киргин ва нон еб олгин”,- деди унга. 16 У деди: “Мен сен билан бирга қайта олмайман ва сеникига бора олмайман. Мен сен билан бу жойда нон ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. 17 Чунки Раббийнинг сўзи билан менга: У ерда нон емагин, сув ҳам ичмагин ва сен борган йўл билан ортингга қайтмагин, деб амр этилган”. 18 У унга деди: “Мен ҳам сен каби пайғамбарман ва менга фаришта Раббийнинг сўзи билан сўзлаб: Уни ўз уйингга қайтариб олиб кел, у нон есин ва сув ичсин, деди”. Шундай деб, у уни алдади. 19 Шунда пайғамбар у билан бирга қайтиб, унинг уйида нон еди ва сув ичди. 20 Улар дастурхон атрофида ўтирганларида, уни қайтариб олиб келган пайғамбарга Раббийнинг сўзи келди. 21 У Яҳудиядан келган Худонинг кишисига эълон қилиб, деди: “Раббий шундай дейди: Сен Раббийнинг оғзининг сўзига итоат қилмаганинг ва Раббий Худойинг сенга амр этган буйруққа амал қилмаганинг учун, 22 бироқ ортинга қайтиб, Раббий сенга: Нон ҳам ема, сув ҳам ичма, деб айтган жойда нон еганинг ва сув ичганинг учун сенинг тананг оталарингнинг қабрига кирмайди”. 23 У нон еб ва сув ичиб бўлганидан сўнг, у қайтариб олиб келган пайғамбар учун эшакни эгарлади. 24 Пайғамбар йўлга чиққанида, йўлда унга шер дуч келди ва уни ўлдирди. Унинг йўлда улоқтириб ташланган танаси ётар, эшак эса унинг ёнида турар эди. Шер ҳам тананинг ёнида турар эди. 25 Мана, йўлдан ўтаётган одамлар йўлга улоқтириб ташланган танани ва тананинг ёнида турган шерни кўрдилар. Улар бориб, буни кекса пайғамбар яшайдиган шаҳарда сўзлаб бердилар. 26 Уни йўлдан қайтариб олиб келган пайғамбар буни эшитиб: “Бу Раббийнинг сўзига итоат қилмаган ўша Худонинг кишиси. Шунинг учун Раббий унга айтган сўзи бўйича уни шерга топширди, у эса уни ёриб ташлади ва ўлдирди”,- деди. 27 У ўз ўғилларига: “Менга эшакни эгарланглар”,- деди. Улар уни эгарладилар. 28 У йўлга отланди ва йўлда улоқтириб ташланган танани топди, эшак ва шер тананинг ёнида турар эдилар. Шер танани емаган, эшакни ҳам ёрмаган эди. 29 Пайғамбар Худонинг кишисининг танасини кўтариб, эшакнинг устига қўйди ва уни қайтариб олиб кетди. Кекса пайғамбар йиғи қилиш ва уни кўмиш учун ўз шаҳрига келди. 30 Унинг танасини ўзининг мақбарасига қўйди ва у ҳақида: “Афсус, менинг биродарим!”- деб йиғлади. 31 Уни дафн этганидан сўнг, у ўз ўғилларига деди: “Мен ўлганимда, мени Худонинг кишиси дафн этилган мақбарага дафн этинглар. Менинг суякларимни унинг суяклари ёнига қўйинглар. 32 Чунки у Бейт-Элда қурбонгоҳ ҳақида ва Самариянинг шаҳарлари тепаликларидаги барча бутхоналар ҳақида Раббийнинг буйруғи бўйича эълон қилган сўз амалга ошади”. 33 Йеробоам ўша воқеалардан кейин ҳам ўзининг ёвуз йўлидан қайтмади, бироқ тепаликларнинг руҳонийларини оддий халқдан қўйишни давом эттирди. У кимни истаса, ўшани бағишлар ва ўша одам тепаликларнинг руҳонийси бўлиб қолар эди. 34 Бу иш Йеробоамнинг хонадонини гуноҳга бошлаб, уни ҳалокатга ва ер юзидан қириб ташланишга олиб борди.