12 1 Реҳобоам Шеқемга борди, чунки уни подшоҳ қилиш учун барча исроилликлар Шеқемга келдилар. 2 Мисрда бўлган Небатнинг ўғли Йеробоам бу ҳақида эшитди. Йеробоам эса подшоҳ Сулаймондан қочиб кетган ва у Мисрда яшаётган эди. 3 Улар унинг ортидан одам юбордилар ва уни чақирдилар. Йеробоам ва бутун Исроилнинг жамоаси келди ва Реҳобоамга сўзлаб: 4 “Сизнинг отангиз бизга оғир юкни юклади, бироқ сиз отангизнинг машаққатли меҳнатини ва у бизга юклаган оғир юкни енгиллаштиринг, шунда биз сизга хизмат қиламиз”,- дедилар. 5 У уларга: “Боринглар ва уч кундан кейин менинг олдимга қайтиб келинглар”,- деди. Шунда халқ қайтиб кетди. 6 Подшоҳ Реҳобоам отасининг ҳаётлигида унинг олдида турган ёши улуғ одамлар билан маслаҳатлашиб: “Мен ушбу халққа қандай жавоб беришимни маслаҳат берасизлар?”- деди. 7 Улар унга сўзлаб: “Агар сен ушбу кунда бу халққа хизматкор бўлсанг, унга хизмат қилсанг, уларга диққат қилсанг ва уларга мулойим гапирсанг, унда улар барча кунларда сенга қул бўладилар”,- дедилар. 8 Лекин у ёши улуғ одамлар унга берган маслаҳатни менсимади ва ўзи билан бирга ўсган ҳамда унинг ҳузурида турган ёшлар билан маслаҳатлашди. 9 У уларга: “Менга: Сизнинг отангиз бизга юклаган юкни енгиллаштиринг, деб айтаётган бу халққа қандай жавоб беришимни маслаҳат берасизлар?”- деди. 10 У билан бирга ўсган ёш йигитлар унга сўзлаб, дедилар: “Сизга: Сизнинг отангиз бизга оғир юк юклади, сиз эса буни енгиллаштиринг, деб айтаётган халққа шундай денг: Менинг жимжилоғим отамнинг белидан йўғонроқ! 11 Агар менинг отам сизларга оғир юк юклаган бўлса, унда мен сизларнинг юкингизга юк қўшаман. Агар менинг отам сизларни қамчи билан жазолаган бўлса, мен сизларни чаёнлар билан жазолайман”. 12 Подшоҳ: Менинг олдимга учинчи куни қайтиб келинглар, деб буюрганига кўра Йеробоам ва бутун халқ Реҳобоамнинг олдига учинчи куни келдилар. 13 Подшоҳ халққа қўпол жавоб берди ва ёши улуғ одамлар унга берган маслаҳатни менсимади. 14 У ёш йигитларнинг маслаҳати бўйича сўзлаб: “Менинг отам сизларга оғир юкни юклади, мен эса сизларнинг юкларингизга юк қўшаман. Менинг отам сизларни қамчи билан жазолар эди, мен эса сизларни чаёнлар билан жазолайман!”- деди. 15 Подшоҳ халққа қулоқ солмади, чунки Раббий томонидан шундай белгиланган эди, токи Раббий шилўҳлик Ахийаҳ орқали Небатнинг ўғли Йеробоамга айтган Унинг сўзи амалга ошсин. 16 Бутун исроилликлар подшоҳ уларга қулоқ солмаганини кўрганларида, халқ подшоҳга жавоб бериб: “Биз Довудда қандай улушга эгамиз? Йишай ўғлида бизга мерос йўқ экан! Эй, Исроил, ҳамма ўз чодирига тарқалсин! Довуд, энди ўз уйингни кўр!”- деди. Шундай қилиб, Исроил ўз чодирларига тарқалиб кетди. 17 Реҳобоам фақат Яҳудиянинг шаҳарларида яшовчи Исроил ўғиллари устидан подшоҳлик қилди. 18 Подшоҳ Реҳобоам солиқнинг устидан бошлиқ бўлган Адорамни юборди. Лекин исроилликлар уни тошбўрон қилишди ва у ўлди. Подшоҳ Реҳобоам эса Йерусалимга қочиш учун зудлик билан аравага минди. 19 Шундай қилиб, Исроил Довуднинг уйига қарши исён қилди, бу ҳозирги кунларда ҳам шундайдир. 20 Барча исроилликлар Йеробоам қайтиб келганини эшитганларида, улар одам юбориб, уни йиғинга чақиришди ва уни барча исроилликларнинг устидан подшоҳ қилиб қўйишди. Яҳудонинг ва Бенямин қабиласидан бошқа ҳеч ким Довуднинг хонадони билан қолмади. 21 Реҳобоам Йерусалимга келиб, Яҳудонинг бутун хонадонидан ва Бенямин қабиласидан бир юз саксон нафар сара лашкарни йиғди, чунки Сулаймоннинг ўғли Реҳобоамга шоҳликни қайтариш учун Исроилнинг хонадонига қарши жанг қилмоқчи эди. 22 Бироқ Худонинг кишиси Шемайаҳга Худонинг сўзи келди: 23 “Яҳудиянинг подшоҳи, Сулаймоннинг ўғли Реҳобоамга, Бенямин ва Яҳудонинг бутун хонадонига ҳамда қолган халққа айтгин. 24 Раббий шундай дейди: Сизлар борманглар ва ўз биродарларингиз Исроил ўғилларига қарши жанг қилманглар. Ҳар бирингиз ўз хонадонингизга қайтинглар, чунки бу иш Мендандир”. Шунда улар Раббийнинг сўзига қулоқ солдилар ва Раббийнинг сўзи бўйича ортларига қайтдилар. 25 Йеробоам Эфрайим тоғида Шеқемни қурди ва унга жойлашди. Сўнгра у ердан бориб, Пенуэлни қурди. 26 Йеробоам ўз юрагида деди: “Шоҳлик Довуднинг хонадонига қайтиб ўтиши мумкин. 27 Агар бу халқ Раббийнинг уйига қурбонлик келтириш учун Йерусалимга борсалар, унда бу халқнинг юраги ўз ҳукмдори Яҳудонинг подшоҳи Реҳобоамга ўгирилади ва улар мени ўлдириб, Яҳудонинг подшоҳи Реҳобоамга қайтадилар”. 28 Шунда подшоҳ маслаҳатлашиб, иккита олтин буқа ясади ва халққа: “Сизлар Йерусалимга боришларингиз шарт эмас! Мана, эй, Исроил, сени Миср еридан олиб чиққан сенинг худоларинг!”- деди. 29 У биттасини Бейт-Элга, бошқасини эса Данга қўйди. 30 Бу иш гуноҳга олиб келди, чунки халқ уларнинг бирига, ҳатто Данга боришни бошлади. 31 У тепаликда бутхона қурди ва халқнинг орасидан Левининг ўғилларидан бўлмаган кишиларни руҳоний қилиб қўйди. 32 Йеробоам саккизинчи ойнинг ўн бешинчи кунида, Яҳудияда бўлган байрамга ўхшаш байрам уюштирди ва қурбонгоҳда қурбонлик келтирди. У Бейт-Элда, ўзи ясаган буқаларга қурбонлик келтириш учун шундай қилди ва ўзи ясаган тепаликларнинг руҳонийларини Бейт-Элда қўйди. 33 У Бейт-Элда ўзи ясаган қурбонгоҳда, ўзбошимча қарор қилган кунда, яъни саккизинчи ойнинг ўн бешинчи кунида қурбонлик келтирди ва Исроил ўғилларига байрам уюштирди. Сўнг тутатқи тутатиш учун қурбонгоҳга яқинлашди.