2 1 Довуднинг ўлиш вақти етиб келди ва у ўз ўғли Сулаймонга васият қилиб, деди: 2 “Мана, мен бутун ернинг йўлига тушиб кетмоқдаман, сен эса кучли ва жасур бўлгин. 3 Мусонинг қонунида ёзилганидай, ўз Раббий Худойингнинг йўлларидан юриб, Унинг низомларига, Унинг амрларига, Унинг қарорлару фармонларига риоя қилиб, Раббий Худойингнинг аҳдини сақлагин, токи нимаики қилсанг, ҳамма ишда ва қаерга ўгирилсанг, ўша жойда доно бўлгин, 4 токи Раббий мен ҳақимда: Агар сенинг ўғилларинг бор юрагидан ва бор қалби билан Менинг қаршимда ҳақиқатда юриш учун ўз йўлларини назорат қилишса, шунда сенинг наслингдан Исроилнинг тахтида ўтирадиган киши тўхтамайди, деб айтган Ўз сўзини амалга оширсин. 5 Яна: Сен Зеруйаҳнинг ўғли Йўаб менга нима қилганини, Исроил қўшинининг икки нафар лашкарбошиси Нернинг ўғли Абинер ва Йетернинг ўғли Амасага нима қилганини биласан. У уларни ўлдириб, ўз белидаги белбоғни ва оёқларидаги пойафзални қонга белаб, тинчлик вақтида уруш қонини тўкди. 6 Ўз донолигинг бўйича ҳаракат қил, токи унинг оқарган сочини қабрга тинчлик билан қўйиб юбормагин. 7 Гилъадлик Барзиллайнинг ўғилларига эса шафқат кўрсат, токи улар сенинг дастурхонингдан овқатланувчилар орасида бўлсинлар, чунки мен сенинг аканг Абишаломдан қочганимда, улар менинг олдимга келган эдилар. 8 Мана, яна сенда Баҳуримдан беняминлик Геранинг ўғли Шимей ҳам бор. Мен Маханайимга кетаётганимда, у мени қаттиқ лаънат билан лаънатлади. Лекин у менга Йордан бўйида пешвоз чиқди ва мен унга: Мен сени қилич билан ўлдирмайман,- деб Раббий номи билан қасам ичдим. 9 Сен эса уни жазосиз қолдирма, чунки сен доно кишисан ва унинг оқарган сочини қабрга қон билан тушириш учун уни нима қилишни биласан”. 10 Сўнг Довуд кўз юмиб, оталарига қўшилди ва Довуд шаҳрида дафн этилди. 11 Довуднинг Исроил устидан ҳукмронлигининг вақти қирқ йил эди: у Хебронда етти йил ва Йерусалимда ўттиз уч йил ҳукмронлик қилди. 12 Сўнг Сулаймон ўз отаси Довуднинг тахтида ўтирди ва унинг ҳукмронлиги жуда мустаҳкам эди. 13 Ҳагифнинг ўғли Адонийаҳ Сулаймоннинг онаси Батшебанинг олдига келди. Батшеба: “Тинчлик билан келдингми?”- деди. У: “Тинчлик билан,- деб жавоб берди,- 14 Сизга гапим бор”. Батшеба: “Гапир”,- деди. 15 Шунда у деди: “Сиз биласиз, подшоҳлик менга тегишли эди. Бутун Исроил бўлажак подшоҳ сифатида менга ўз нигоҳларини қаратар эди. Лекин подшоҳлик мендан йироқлашиб, укамга тегишли бўлди, чунки бу унга Раббийдан эди. 16 Энди эса фақат бир нарса сўрайман, мени рад қилманг”. У эса унга: “Сўрагин”,- деди. 17 У: “Сиздан илтимос қиламан, подшоҳ Сулаймон билан гаплашинг, чунки у сизни рад қилмайди, токи у менга шунамлик Абишагани хотинликка берсин”,- деди. 18 Батшеба: “Яхши, сен ҳақингда подшоҳга гапириб кўраман”,- деди. 19 Шунда Батшеба Адонийаҳ ҳақида гапириш учун подшоҳ Сулаймоннинг олдига кирди. Подшоҳ унинг қаршисида туриб, унга таъзим қилди ва ўз тахтига ўтирди. Подшоҳнинг онаси учун ҳам тахт ўрнатдилар ва у унинг ўнг қўли томонда ўтирди. 20 Сўнгра Батшеба: “Менинг сенга кичик илтимосим бор, мени рад этма”,- деди. Подшоҳ унга: “Онам менинг, сўранг, мен сизни рад этмайман”,- деди. 21 Шунда у: “Ўз аканг Адонийаҳга шунамлик Абишагани хотинликка бер”,- деди. 22 Подшоҳ Сулаймон онасига жавоб бериб: “Нима учун сиз Адонийаҳга шунамлик Абишагни сўрамоқдасиз? Унга подшоҳликни ҳам сўранг, чунки у менинг катта акам ва руҳоний Абиатар, Зеруйаҳнинг ўғли Йўаб унга дўст”,- деди. 23 Сўнг подшоҳ Сулаймон Раббий номи билан қасам ичиб, деди: “Агар Адонийаҳ бу сўзни ўзининг жонига қасд қилиб гапирмаган бўлса, Худо менга буни ва буни қилсин, бундан ҳам ортиғини қилсин. 24 Энди мени мустаҳкамлаган, менинг отам Довуднинг тахтига мени ўтқизган ва Ўзи айтганидек, менинг хонадонимни барпо қилган Раббий тирик, энди Адонийаҳ ўлиши керак!” 25 Шунда подшоҳ Сулаймон Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳни юборди, у эса Адонийаҳни яралади ва у ўлди. 26 Руҳоний Абиатарга эса подшоҳ: “Ўз далангга, Анатотга йўл ол! Сен ўлимга лойиқсан, бироқ мен сени ҳозир ўлдирмайман, чунки сен менинг отам Довуд қаршисида Раббий Худонинг Киботини кўтариб юрган ва отам нимага бардош берган бўлса, барчасига бардош берган эдинг”,- деди. 27 Сулаймон Абиатарни Раббийнинг руҳонийлигидан четлаштирди ва Раббийнинг Шилўҳдаги Элий хонадони ҳақида айтган сўзи амалга ошди. 28 Бу ҳақидаги хабар Йўабга етиб келди. Йўаб Абишалом томонда бўлган бўлмаса ҳам, Адонийаҳ томонга ўтган эди. Шунинг учун Йўаб Раббийнинг Чодирига қочиб кетди ва қурбонгоҳнинг шохларини маҳкам ушлаб олди. 29 Подшоҳ Сулаймонга Йўаб Раббийнинг Чодирига қочиб кетганини ва у қурбонгоҳ олдида эканини айтдилар. Сулаймон Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳни: “Бориб, уни ўлдир”,- деб юборди. 30 Шунда Бенайаҳ Раббийнинг Чодирига келиб, Йўабга: “Подшоҳ шундай демоқда: Чиқ!”- деди. У: “Йўқ, мен шу ерда ўлмоқчиман”,- деди. Бенайаҳ бу гапни яна подшоҳга етказиб: “Йўаб шундай демоқда ва менга шундай жавоб берди”,- деди. 31 Подшоҳ унга деди: “У айтганидек қилгин, уни ўлдир ва уни кўмгин. Йўаб тўккан бегуноҳ қоннинг айбини мендан ва отамнинг хонадонидан олгин. 32 У икки нафар ўзидан кўра ҳақроқ ва яхшироқ бўлган кишиларни ўлдиргани учун Раббий унинг қонини унинг бошига солсин. У отам Довудга билдирмасдан, Исроилнинг лашкарбошиси Нер ўғли Абинерни ва Яҳудиянинг лашкарбошиси Йетер ўғли Амасани қилич билан ўлдирган. 33 Уларнинг қони абадий Йўаб ва унинг авлодининг бошига тушсин, аммо Довудга, унинг авлодига, унинг хонадонига, унинг тахтига Раббийдан абадий тинчлик бўлсин!” 34 Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳ бориб, Йўабни яралаб ўлдирди. У саҳрода, ўз уйида дафн этилди. 35 Сулаймон Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳни унинг ўрнига лашкарбоши қилиб қўйди, руҳоний Садокни эса, у Абиатарнинг ўрнига қўйди. 36 Подшоҳ одам юбориб, Шимейни чақиртирди ва унга деди: “Исроилда ўзингга уй қуриб, шу ерда яша ва бу ердан ҳеч қаерга чиқма. 37 Шуни билгинки, сен шаҳардан чиқиб, Кедрон анҳоридан ўтган куниёқ ўласан ва сенинг қонинг ўз бошингда бўлади”. 38 Шимей подшоҳга: “Маъқул, менинг ҳукмдорим подшоҳ қандай буюрса, қулингиз худди шундай қилади”,- деди. Шундай қилиб, Шимей Йерусалимда узоқ вақт яшади. 39 Лекин уч йилдан сўнг, Шимейнинг икки нафар қули Гат подшоҳи Маақаҳ ўғли Ақишнинг олдига қочиб кетдилар. Шимейга: “Мана, сенинг қулларинг Гатда”,- деб хабар беришди. 40 Шимей туриб, эшагини эгарлади ва ўз қулларини излашга Гатга, Ақишнинг олдига йўл олди. Шимей бориб, Гатдан ўз қулларини қайтариб олиб келди. 41 Сулаймонга Шимей Йерусалимдан Гатга борганини ва қайтиб келганини етказдилар. 42 Шунда подшоҳ одамларни юбориб, Шимейни чақиртирди ва унга деди: “Мен сенга Раббий номи билан қасам ичтириб, сени: Билгин, сен шаҳардан чиқиб, бирон жойга борган куниёқ ўласан, деб огоҳлантирган эмасмидим? Сен эса: Мен эшитган бу сўз менга маъқул, деб жавоб берган эмасмидинг? 43 Нима учун сен Раббий қаршисидаги қасамга ва мен сенга буюрган амрга амал қилмадинг?” 44 Подшоҳ Шимейга яна: “Сен биласан ва менинг отам Довудга қилган барча ёвузликларингни сенинг юрагинг билади. Шунинг учун Раббий сенинг ёвузликларингни ўзингнинг бошингга солсин! 45 Сулаймон эса баракалансин ва Довуднинг тахти Раббийнинг қаршисида тебранмас бўлсин!” 46 Сўнг подшоҳ Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳга буюрди ва у бориб, Шимейни яралади, у эса ўлди. Шоҳлик эса Сулаймоннинг қўлида мустаҳкамланди.