1 1 Подшоҳ Довуд қариб, кекса ёшга кирганида, уни кийимлар билан ўрар эдилар, лекин у исина олмас эди. 2 Шунда унинг хизматкорлари: “Бизнинг ҳукмдоримиз подшоҳ учун ёш қизни изласинлар, токи у подшоҳ олдида турсин, унинг кетидан юрсин ва у билан бирга ётсин, шунда бизнинг ҳукмдоримиз подшоҳ исинади”,- дедилар. 3 Шундай қилиб, Исроилнинг бутун ҳудуди бўйлаб чиройли қизни излаб, шунамлик Абишагани топдилар ва уни подшоҳнинг олдига олиб келдилар. 4 Қиз жуда чиройли эди. У подшоҳнинг кетидан юрар ва унга хизмат қилар эди, лекин подшоҳ унга тегмади. 5 Ҳаггифнинг ўғли Адонийаҳ мағрурланиб: “Мен подшоҳ бўламан”,- дер эди. У ўзига от‑аравалар, отлиқлар ва тез чопар элликта кишини олди. 6 Унинг отаси ҳеч қачон уни: “Нима учун сен бундай қиляпсан?”- деган савол билан хижолат қилмас эди. У жуда кўркам киши бўлиб, Абишаломдан кейин туғилган эди. 7 У Зеруйаҳнинг ўғли Йўаб ва руҳоний Абиатар билан маслаҳатлашар эди, улар эса Адонийаҳга ёрдам берар эдилар. 8 Лекин руҳоний Садок ва Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳ, пайғамбар Натан, Шимей, Рей ва Довуднинг жасур одамлари Адонийаҳ томонда эмас эдилар. 9 Адонийаҳ Эн‑Рогел булоғи ёнидаги Зохелет тоши олдида қўй, ҳўкиз ва буқаларни сўйди. Шундай қилиб, у подшоҳнинг ўғиллари, яъни ўзининг барча укаларини ва подшоҳ олдида хизмат қиладиган барча яҳудийларни таклиф қилди. 10 Лекин у пайғамбар Натанни, Бенайаҳни, ўша жасур одамларни, ўз укаси Сулаймонни таклиф қилмади. 11 Шунда Натан Сулаймоннинг онаси Батшебага деди: “Ҳаггифнинг ўғли Адонийаҳ подшоҳ бўлганини эшитдингми? Бизнинг ҳукмдоримиз Довуд эса бундан бехабар. 12 Мана, энди мен сенга бундай маслаҳат бераман: Ўз жонингни ва ўз ўғлинг Сулаймоннинг жонини қутқаргин. 13 Бор, подшоҳнинг олдига кир ва унга бундай дегин: Менинг ҳукмдорим подшоҳ, сиз ўз қулингизга қасам ичиб: Сенинг ўғлинг Сулаймон подшоҳ бўлади ва у менинг тахтимда ўтиради, демаганмидингиз? Нима учун Адонийаҳ подшоҳ бўлди? 14 Мана, сен ўша жойда подшоҳ билан суҳбатлашаётганингда, мен сенинг ортингдан кириб бораман ва сенинг сўзларингни қўллаб-қувватлайман”. 15 Батшеба подшоҳнинг олдига ётоқхонага борди. Подшоҳ жуда қари эди. Шунамлик Абишага подшоҳга хизмат қилар эди. 16 Батшеба эгилиб, подшоҳга таъзим қилди. Подшоҳ унга: “Сенга нима керак?”- деди. 17 У унга: “Менинг ҳукмдорим подшоҳ! Сиз ўз қулингизга Раббий Худойингиз номи билан: Сенинг ўғлинг Сулаймон мендан кейин подшоҳлик қилади ва у менинг тахтимда ўтиради, деб қасам ичган эдингиз. 18 Энди эса, мана, Адонийаҳ подшоҳ бўлди, сиз эса, менинг ҳукмдорим подшоҳ, бундан бехабарсиз. 19 У кўплаб ҳўкиз, буқа ва қўйларни сўйиб, барча подшоҳ ўғилларини, руҳоний Абиатарни, лашкарбоши Йўабни таклиф қилди, қулингиз Сулаймонни эса таклиф қилмади. 20 Лекин сиз менинг ҳукмдорим – подшоҳсиз, менинг ҳукмдорим подшоҳдан кейин унинг тахтига ким ўтиришини эълон қилишингиз учун барча исроилликларнинг нигоҳи сизга қаратилган. 21 Акс ҳолда, менинг ҳукмдорим подшоҳ кўз юмиб, ўз оталарига қўшилганида, мен ва менинг ўғлим Сулаймон айбдор бўлиб қоламиз”. 22 У подшоҳ билан суҳбатлашаётганида, пайғамбар Натан ҳам келди. 23 Подшоҳга сўзлаб: “Мана, пайғамбар Натан келди”,- дейишди. У подшоҳнинг олдига кирди ва юз тубан таъзим қилди. 24 Сўнг Натан деди: “Менинг ҳукмдорим подшоҳ! Сиз: Мендан кейин Адонийаҳ подшоҳлик қилади ва менинг тахтимда ўтиради,- деб айтган эдингизми? 25 Зеро у эндиликда бориб, кўпгина ҳўкиз, буқа ва қўйларни сўйди. У шоҳнинг барча ўғилларини, лашкарбошиларни, руҳоний Абиатарни таклиф қилди. Мана, улар унинг олдида еб‑ичиб: Яшасин подшоҳ Адонийаҳ!- демоқдалар. 26 Сизнинг қулингиз мени, руҳоний Садокни, Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳни ва қулингиз Сулаймонни эса таклиф қилмади. 27 Бу менинг ҳукмдорим подшоҳнинг иродаси бўйича бўлган эмасми? Нима учун ўз қулингизга ҳукмдорим подшоҳдан кейин унинг тахтида ким ўтиришини маълум қилмадингиз?” 28 Подшоҳ жавоб бериб: “Менинг олдимга Батшебани чақиринглар”,- деди. У кириб келиб, подшоҳнинг қаршисида турди. 29 Подшоҳ қасам ичиб, деди: “Менинг жонимни ҳар қандай кулфатдан халос қилган Раббий тирик! 30 Мен сенга Исроилнинг Раббий Худоси билан қасам ичиб: Сенинг ўғлинг Сулаймон мендан кейин ҳукмронлик қилади ва у менинг ўрнимга менинг тахтимда ўтиради, деганимдек, мен буни бугун амалга ошираман”. 31 Батшеба юзи билан ергача эгилди ва подшоҳга таъзим қилиб: “Менинг ҳукмдорим подшоҳ Довуд абадий яшасин!”- деди. 32 Подшоҳ Довуд: “Менинг олдимга руҳоний Садокни, пайғамбар Натанни ва Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳни чақиринглар”,- деди. Улар подшоҳнинг олдига кирдилар. 33 Подшоҳ уларга деди: “Ўзларингиз билан бирга ҳукмдорингизнинг хизматкорларини олинглар ва менинг ўғлим Сулаймонни менинг хачиримга ўтқизиб, Гиҳўнга олиб боринглар. 34 Ўша ерда уни руҳоний Садок ва пайғамбар Натан Исроил устидан подшоҳликка мойласин. Сўнг бурғу чалиб: Яшасин подшоҳ Сулаймон!- деб эълон қилинглар. 35 Кейин эса уни қайтариб олиб келинглар ва у келиб, менинг тахтимда ўтиради. У менинг ўрнимга ҳукмронлик қилади. У Исроил ва Яҳудонинг бошлиғи бўлиши учун мен уни тайинлаганман”. 36 Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳ подшоҳга жавоб бериб деди: “Омин, менинг ҳукмдорим подшоҳнинг Раббий Худоси шундай десин! 37 Раббий Худо менинг ҳукмдорим подшоҳ билан бирга бўлганидай, худди шундай У Сулаймон билан ҳам бирга бўлсин! Раббий унинг тахтини менинг ҳукмдорим подшоҳ Довуднинг тахтидан ҳам буюкроқ қилсин!” 38 Шундай қилиб, руҳоний Садок, пайғамбар Натан, Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳ, қерайтиликлар ҳамда пелетликлар бориб, подшоҳ Довуднинг хачири устига Сулаймонни ўтқиздилар ва уни Гиҳўнга олиб бордилар. 39 Руҳоний Садок муқаддас Чодирдан мой солинган бурғуни олиб, Сулаймонни мойлади. Сўнг бурғу чалдилар ва бутун халқ: “Яшасин подшоҳ Сулаймон!”- деб ҳайқирди. 40 Бутун халқ Сулаймоннинг ортидан чиқиб келди, халқ най чалар ва шу қадар қувонар эдики, уларнинг қичқириқларидан ер ёрилиб кетар эди. 41 Адонийаҳ ва у таклиф қилганларнинг барчаси овқат ейишни тўхтатганларида, буни эшитдилар. Йўаб эса, бурғуларнинг овозини эшитиб: “Шаҳарни тўлқинлантираётган бу шовқин нима сабабдан?”- деди. 42 У ҳали гапираётганида, руҳоний Абиатарнинг ўғли Йўнатан келди. Шунда Адонийаҳ: “Кир, сен тўғри одамсан ва яхши хабар олиб келасан”,- деди. 43 Йўнатан Адонийаҳга жавоб бериб деди: “Бизнинг ҳукмдоримиз подшоҳ Довуд Сулаймонни подшоҳ қилди. 44 Подшоҳ у билан бирга руҳоний Садокни, пайғамбар Натанни, Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳни, қерайтиликлар ҳамда пелетликларни юборди. Улар уни подшоҳнинг хачирига ўтқиздилар. 45 Уни руҳоний Садок ва пайғамбар Натан Гиҳўнда подшоҳликка мойладилар. Улар у ердан хурсандчилик билан йўлга тушдилар, шунинг учун шаҳар ҳаракатга келди. Сизлар эшитаётган шовқиннинг сабаби мана шу. 46 Сулаймон аллақачон шоҳ тахтига ўтирган эди. 47 Бундан ташқари, бизнинг ҳукмдоримиз подшоҳ Довудни табриклаш учун подшоҳнинг хизматкорлари келиб: Сизнинг Худойингиз Сулаймоннинг исмини сизнинг исмингиздан ҳам улуғроқ қилсин, шунингдек, унинг тахтини сизнинг тахтингиздан ҳам буюкроқ қилсин!- дедилар. Подшоҳ ўз тўшагида таъзим қилди 48 ва подшоҳ: Раббий Исроилнинг Худоси муборакдир. У бугун менинг тахтимда ўтирадиганни берди ва буни менинг кўзларим кўрмоқда!- деди”. 49 Шунда Адонийаҳнинг олдидаги таклиф қилинганларнинг барчаси қўрқиб, ўринларидан турди ва ҳар бири ўзининг йўлидан кетди. 50 Адонийаҳ эса Сулаймондан қўрқиб, ўрнидан турди ва бориб, қурбонгоҳнинг шохидан маҳкам ушлаб олди. 51 Сулаймонга хабар бериб: “Мана, Адонийаҳ подшоҳ Сулаймондан қўрқмоқда. Мана, у қурбонгоҳнинг шохидан маҳкам тутиб: Менга подшоҳ Сулаймон, ўз қулини қилич билан ўлдирмаслиги ҳақида қасам ичсин!- демоқда”,- дедилар. 52 Сулаймон: “Агар у ростгўй одам бўлса, унинг бошидан ерга битта сочи ҳам тушмайди. Агарда унда ёвузлик топилса, унда ўлади”,- деди. 53 Подшоҳ Сулаймон одам юборди ва уни қурбонгоҳ олдидан олиб келдилар. У келиб, подшоҳ Сулаймонга таъзим қилди. Сулаймон унга: “Ўз уйингга бор”,- деди.