8 1 Бутларга бағишланган қурбонлик таомлари ҳақида биз биламиз, чунки ҳаммамиз билимга эгамиз. Лекин билим мағрурлантиради, севги эса барпо қилади. 2 Кимдир бирон нарсани биламан, деб ўйласа, у ҳали ҳеч нарсани билиши керак бўлган даражада билмайди. 3 Лекин ким Худони севса, у Худо томонидан таниб билингандир. 4 Шундай қилиб, бутларга бағишланган қурбонлик таомларини ейиш ҳақида биз биламизки, бут дунёда ҳеч нарса эмасдир. Ягона Худодан бошқа худо йўқдир. 5 Чунки еру осмонда худо, деб аталадиган зотлар бор бўлса ҳам (зеро кўп “худолар” ва кўп илоҳлар ҳам бор), 6 бироқ бизнинг Ота Худойимиз ягонадир, ҳамма нарса Ундандир ва биз У учунмиз. Шунингдек, бизнинг Раббимиз – Исо Масиҳ ягонадир, ҳамма нарса У орқали яратилган, биз ҳам У орқалимиз. 7 Лекин бундай билимнинг борлиги ҳаммада ҳам эмас. Баъзилар ҳозиргача ҳам бутларни тан оладиган виждони билан бутга бағишланганни ейдилар. Уларнинг виждони эса заиф бўлгани учун булғанади. 8 Овқат эса бизни Худога яқинлаштирмайди. Чунки есак ҳам, ҳеч нарса орттирмаймиз; емасак ҳам, ҳеч нарса йўқотмаймиз. 9 Бироқ сизларнинг бу озодлигингиз заиф бўлганларга васваса бўлмаслиги учун эҳтиёт бўлинглар. 10 Чунки агар бирор киши билимга эга бўлган сени бутхонада бутга бағишланган қурбонлик таомини еб ўтирганингни кўрса, унда унинг заиф виждони уни ҳам бутга бағишланганни ейишга мойил қилмайдими? 11 Шундай қилиб, сенинг билиминг туфайли ана шу заиф биродар ҳалок бўлади. У учун эса Масиҳ ўлган. 12 Шу тарзда биродарларингизга қарши гуноҳ қилиб, уларнинг заиф виждонини жароҳатлаганингизда, сизлар Масиҳга қарши гуноҳ қиласизлар. 13 Шунинг учун агар мен ейдиган овқат биродаримни васвасага солса, унда ўз биродаримни васвасага солмаслик учун мутлақо гўшт емайман.