7 1 Энди, сизлар менга ёзган нарсаларга келсак, одам учун аёлга тегмаслик яхшидир. 2 Аммо зино қилмаслик учун ҳар бир эркакнинг ўз хотини бўлсин ва ҳар бир аёлнинг ўз эри бўлсин. 3 Эр ўз хотинига нисбатан ҳамда хотин ўз эрига нисбатан керак бўлган илтифотни кўрсатсин. 4 Хотин танаси устидан ўзи эмас, балки эри ҳокимлик қилади. Худди шундай эр танаси устидан ўзи эмас, балки хотини ҳокимлик қилади. 5 Бир-бирингиздан бош тортманглар. Агар фақат ўзаро келишсангиз, унда ўзингизни рўза ва ибодатга бағишлаш учун вақтинча айириб туринглар. Кейин эса яна бирга бўлинглар, токи ўзингизни тия олмаганингиздан шайтон сизларни васваса қилмасин. 6 Бироқ буни мен буйруқ каби эмас, лекин ижозат каби айтяпман. 7 Чунки ҳамма одамлар мен каби бўлишларини хоҳлар эдим. Лекин ҳар бир киши Худодан олган ўз инъомига эгадир: бирисида бундай бўлса, бошқасида ўзгачадир. 8 Никоҳда бўлмаганларга ва бева хотинларга айтаман: мен каби қолсалар, улар учун яхшидир. 9 Аммо ўзларини тута олмасалар, турмуш қурсинлар. Зеро ҳирсдан ёнишдан кўра турмуш қуриш яхшироқдир. 10 Никоҳда бўлганларга эса мен эмас, балки Раббий буюради: хотин эридан ажралмасин, 11 агарда ажралса, эрсиз қолсин ёки ўз эри билан ярашсин. Эр ҳам ўз хотинини қўйиб юбормасин. 12 Бошқаларга эса Раббий эмас, балки мен айтяпман: агар бирор биродарнинг имонсиз хотини бўлса-ю, у эри билан яшашга рози бўлса, унда эри хотинини қўйиб юбормасин. 13 Шунингдек, бирон хотиннинг имонсиз эри бўлса-ю, у хотини билан яшашга рози бўлса, унда хотин эрини ташлаб кетмасин. 14 Чунки имонсиз эр имонли хотини орқали муқаддасланади ва имонсиз хотин имонли эри орқали муқаддасланади. Акс ҳолда, сизларнинг фарзандларингиз нопок бўлар эди, энди эса муқаддасдир. 15 Агарда имонсиз ажралмоқчи бўлса, унда ажралаверсин. Бундай ҳолда, биродар ёки опа-сингил имонсизга боғланган эмасдир. Худо бизни тинчликка даъват этган. 16 Эй, хотин, эрингни қутқармаслигингни қаердан биласан? Ёки, эй, эр, хотинингни қутқармаслигингни қаердан биласан? 17 Шунинг учун ҳар ким Худо унга қандай белгилаган бўлса, Раббий уни қандай ҳолатда даъват этган бўлса, шундай юраверсин. Мен барча Жамоатларда шундай буйруқ беряпман. 18 Кимдир хатна бўлган ҳолатда даъват этилган бўлса, яширмасин. Кимдир хатна бўлмаган ҳолатда даъват этилган бўлса, хатна қилинмасин. 19 Хатна ҳеч нарса эмас, хатнасизлик ҳам ҳеч нарса эмас, балки ҳамма нарса – Худонинг амрларига риоя қилишдир. 20 Ҳар ким қандай ҳолатда даъват этилган бўлса, шу ҳолатда қолаверсин. 21 Қул бўлиб даъват этилган бўлсанг, бу ҳақида ташвишланма. Аммо озод бўлишга имкониятинг бўлса, унда фурсатдан фойдалангин. 22 Чунки Раббий кимни қуллик ҳолатида даъват этган бўлса, у Раббийнинг озод одамидир. Худди шундай озодлик ҳолатида даъват этилган одам Масиҳнинг қулидир. 23 Сизлар қимматбаҳо нарх билан сотиб олингансизлар – инсонларнинг қули бўлманглар. 24 Шундай қилиб, биродарлар, ким қандай ҳолатда даъват этилган бўлса, Худонинг қаршисида шундай қолаверсин. 25 Қизлик ҳолатида қолиш ҳақида Раббимдан бирор амр олганим йўқ. Лекин мен Раббийга содиқ бўлиш учун Ундан раҳм-шафқат топган одам сифатида шундай маслаҳат бераман. 26 Мен ўйлайманки, ҳозирги қийинчиликлар сабабли инсоннинг шундай ҳолатда қолиши яхшидир: 27 Хотинга боғланганмисан? Ажралишни излама. Хотинсиз қолдингми? хотин излама. 28 Бироқ уйлансанг ҳам, гуноҳ қилган бўлмайсан. Шунингдек, қиз ҳам турмушга чиқса, гуноҳ қилган бўлмайди. Лекин бундайлар тананинг қайғуларига дучор бўладилар, мен эса сизларга ачинаман. 29 Биродарлар, мен сизларга айтаманки, вақт энди қисқа, шунинг учун хотинли бўлганлар, хотини йўқдай бўлишлари керак, 30 йиғлаётганлар йиғламаётгандай ва қувонаётганлар қувонмаётгандай, сотиб олаётганлар эга бўлмаётгандай, 31 бу дунёдан фойдаланаётганлар фойдаланмаётгандай бўлишлари керак, чунки бу дунёнинг қиёфаси ўтиб кетмоқда! 32 Мен эса сизларнинг ташвишсиз бўлишингизни хоҳлайман. Уйланмаган одам Раббийни қандай рози қилишни ўйлаб, Раббийга тегишли нарсалар ҳақида қайғуради. 33 Аммо уйланган одам хотинини қандай рози қилишни ўйлаб, дунёга тегишли нарсалар ҳақида қайғуради. 34 Эрли хотин билан эрга тегмаган қиз орасида ҳам фарқ бор: бокира қиз танаси ва руҳи билан муқаддас бўлиш учун, Раббийни қандай рози қилишни ўйлаб, Унга тегишли нарсалар ҳақида қайғуради. Лекин эрли хотин эрини қандай рози қилишни ўйлаб, дунёга тегишли нарсалар ҳақида қайғуради. 35 Буни мен сизларга кишан солиш учун эмас, аксинча, сизларнинг манфаатингиз учун айтяпман, токи сизлар иффатли бўлиб, чалғимасдан Раббийга бағишланган бўлинглар. 36 Агар бирор киши ўз бокира қизининг етук ёшида шундайлигича қолишини номаъқул, деб ҳисобласа, хоҳлаганидек қилсин, у гуноҳ қилган бўлмайди. Бундайлар турмушга чиқсинлар. 37 Бироқ ким ўз юрагида оғишмай мустаҳкам турса, ҳамда муҳтожликка эга бўлмай, аммо ўз иродасига ҳоким бўлиб, ўз бокира қизини шундай сақлашга қарор қилган бўлса, у одам яхши иш қилган бўлади. 38 Шундай қилиб, ўз бокира қизини эрга берган одам яхши иш қилган бўлади. Эрга бермаган эса янада яхшироқ иш қилган бўлади. 39 Хотин эри ҳали тирик бўлганида, қонун бўйича унга боғланган бўлади. Агар эри ўлса, унда у истаган кишига турмушга чиқиш учун озоддир. Фақат ўша киши Раббийга тегишли бўлиши шарт. 40 Бироқ маслаҳат берганимдек, хотин ёлғиз қолса, у бахтлироқ бўлади. Ўйлайманки, менда ҳам Худонинг Руҳи бор.