6 1 Сизларда бирининг бошқасига даъвоси бўлганида, муқаддаслар ҳузурида эмас, бетавфиқлар ҳузурида суд қилишга қандай ҳаддингиз сиғди? 2 Бу дунёни муқаддаслар ҳукм қилишини наҳотки билмасангизлар? Агар сизлар дунёни ҳукм қиладиган бўлсангизлар, наҳотки бундай аҳамиятсиз ишларни ҳукм қилишга муносиб бўлмасангизлар? 3 Биз фаришталарни ҳукм қилишимизни билмайсизларми? Янада кўпроқ, тирикчилик ишларини ҳукм қила олмаймизми? 4 Сизлар эса тирикчилик ишлари ҳақида даъволашиб, Жамоат учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган одамларни ўзларингизга қози қилиб қўймоқдасизлар. 5 Буларни сизларнинг уялишингиз учун айтяпман. Наҳотки орангизда бирон бир доно киши бўлмаса? Наҳотки у ўз биродарлари орасида қози бўла олмаса? 6 Бироқ биродар ўз биродари билан даъволашмоқда-ю, бунинг устига, имонсизлар олдида! 7 Ҳар ҳолда, бир-бирингиз билан даъволашишингизнинг ўзи ҳам сизлар учун тамоман мағлубиятдир. Ноҳақликка чидаб туришингиз сизлар учун яхшироқ эмасми? Бирор нарсангиздан маҳрум бўлиб қолишингиз сизлар учун яхшироқ эмасми? 8 Лекин сизлар ўз биродарларингизга ноҳақлик қилиб, улардан тортиб оляпсизлар. 9 Ноҳақлар Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олмасликларини билмайсизларми? Алданманглар: на бузуқлар, на бутпарастлар, на зинокорлар, на эркак-фоҳишлар, на баччабозлар, 10 на ўғрилар, на тамагирлар, на ичкиликбозлар, на ғийбатчилар, на талончилар Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олмайдилар. 11 Сизларнинг баъзиларингиз ҳам шундай эдингизлар, лекин Раббий Исо Масиҳнинг номи ҳамда Худойимизнинг Руҳи билан ювилдингизлар, муқаддасландингизлар ва оқландингизлар. 12 Менга ҳамма нарса жоиз экан, лекин ҳамма нарса ҳам фойдали эмас. Менга ҳамма нарса жоиз экан, лекин ҳеч бир нарса менинг устимдан ҳукмрон бўлмаслиги керак. 13 Овқат қорин учун, қорин ҳам овқат учундир, аммо Худо уни ҳам, буни ҳам йўқ қилади. Тана эса зино учун эмас, лекин Раббий учундир, Раббий эса тана учундир. 14 Раббийни тирилтирган Худо бизни ҳам Ўз қудрати билан тирилтиради. 15 Сизларнинг таналарингиз Масиҳнинг аъзолари эканлигини билмайсизларми? Шундай қилиб, Масиҳнинг аъзоларини олиб, фоҳишанинг аъзолари қилар эканманми? Йўқ, асло! 16 Фоҳиша билан қовушган одам у билан бир тан бўлишини билмайсизларми? Чунки: “Иккови бир тан бўлади”,- деб айтилган. 17 Раббий билан бирлашган эса У билан бир руҳ бўлади. 18 Зинодан қочинглар! Инсон қиладиган ҳар қандай гуноҳ танадан ташқарида бўлади, зино қилувчи эса ўз танасига қарши гуноҳ қилади. 19 Энди нима? Таналарингиз – сизлар Худодан қабул қилган ва ичингизда бўлган Муқаддас Руҳнинг маъбади эканлигини билмайсизларми? Энди сизлар ўзингизники эмассизлар, 20 чунки сизлар қимматбаҳо нарх билан сотиб олингансизлар. Шунинг учун Худоники бўлган танангиз ва руҳингизда Худони улуғланглар.