5 1 Сизларнинг орангизда зинокорлик пайдо бўлгани ҳақида овозалар чиқди. Бунинг устига шундай зинокорликки, ҳатто мажусийлар орасида ҳам бундай ҳодиса юз бермаган, яъни сизлардан кимдир отасининг хотинини олибди! 2 Сизлар эса бундан мағрурланиб юрибсизлар. Бунинг ўрнига йиғлаб фарёд қилишингиз керак эди, токи шу ишни қилган одам орангиздан чиқариб ташлансин. 3 Мен эса танам билан сизлардан узоқда бўлсам ҳам, лекин руҳим билан орангизда бўлиб, худди сизларнинг ёнингизда тургандек, аллақачон Раббимиз Исо Масиҳ номидан ҳукм чиқардим: 4 Сизларнинг йиғилишингизда менинг руҳим билан биргаликда, Раббимиз Исо Масиҳнинг куч-қудрати билан 5 бундай ишни қилган одамнинг танасини барбод қилиш учун уни шайтонга топшириш керак, токи Раббий Исонинг кунида унинг руҳи нажот топсин. 6 Сизларнинг мақтанишингиз яхши эмас. Наҳотки озгина ачитқи бутун хамирни ачитишини билмасангизлар? 7 Шундай қилиб, сизлар янги хамир бўлишингиз учун ўзингизни эски ачитқилардан покланглар, чунки сизлар аслида ачитқисизсизлар. Зеро биз учун қурбон бўлган Масиҳ – бизнинг Песаҳимиздир. 8 Шунинг учун эски ачитқи, яъни ёвузлик ва бузуқлик ачитқиси билан эмас, балки самимийлик ва ҳақиқат бўлган ачитқисиз нон билан байрам қилайлик. 9 Мактубимда сизларга зинокорлар билан алоқа қилманглар, деб ёзган эдим. 10 Бироқ умуман бу дунёнинг зинокорлари ёки тамагирлари, талончилари, бутпарастлари билан демоқчи эмас эдим, акс ҳолда, сизлар бу дунёни тарк этишга мажбур бўлар эдингизлар! 11 Аммо ўзини биродар, деб атаб, лекин бузуқи, тамагир, бутпараст, ғийбатчи, ичкиликбоз ва талончи бўлиб қолувчилар билан алоқа қилмаслигингиз учун мен сизларга ёзган эдим. Бундай одам билан бирга ҳатто овқат ҳам еманглар. 12 Чунки ташқарида бўлганларни ҳукм қилишнинг менга нима кераги бор? Сизлар Жамоат ичида бўлганларни ҳукм қилмайсизларми? 13 Ташқарида бўлганларни эса Худо ҳукм қилади. Шундай қилиб, бузуқ кишини орангиздан чиқариб ташланглар.