4 1 Шундай қилиб, ҳар бир киши бизни Масиҳнинг хизматкорлари ва Худо сирларининг идора қилувчилари, деб ҳисобласин. 2 Идора қилувчидан эса содиқ бўлиш талаб қилинади. 3 Сизлар мени қандай ҳукм қилишингиз ёки бошқаларнинг қандай ҳукм қилиши мен учун кам аҳамиятга эгадир. Менинг ўзим ҳам ўзимни ҳукм қилмайман. 4 Чунки ўзимда бирор айб топмасам ҳам, ўзимни шу билан оқламайман. Мени ҳукм қилувчи эса Раббийдир. 5 Шунинг учун вақтдан олдин, яъни Раббий келмагунича, ҳеч қандай ҳукм қилманглар. У келиб, яширин бўлган нарсаларни ёритади ва одамларнинг юрагидаги ниятларини ошкор қилади. Ўшанда ҳар кимга мақтов Худодан бўлади. 6 Биродарларим, мен буни сизлар учун ўзимда ва Аполлосда намуна қилиб кўрсатдим, токи сизлар ёзилганидан ташқари фикр юритмасликни биздан ўрганинглар ва бир-бирингизнинг олдингизда кеккайманглар. 7 Ким сени бошқадан фарқлаяпти? Худодан олмаган бирор нарсанг борми? Агар олган бўлсанг, нима учун олмагандай мақтаняпсан? 8 Сизлар энди тўқ бўлдингизлар, энди бой бўлдингизлар, бизсиз ҳукмронлик қилмоқдасизлар. Кошки, ҳақиқатан ҳукмронлик қилсангизлар эди, токи биз ҳам сизлар билан бирга ҳукмронлик қила олсак! 9 Мен ўйлайманки, Худо биз, охирги элчиларга, худди ўлимга маҳкум этилгандай бўлиш тақдирини ато этди. Чунки биз бу дунёда, фаришталару инсонлар олдида бир томоша бўлдик. 10 Биз Масиҳ ҳақи ақлсизмиз, сизлар эса Масиҳда доносизлар. Биз заифмиз, сизлар эса кучлисизлар. Сизлар шуҳратда, биз эса ҳурматсизликдамиз. 11 Ҳаттоки, ҳозирги вақтгача ҳам очлик ва чанқоқликка, яланғочлик ва калтакларга чидаб, сарсон бўлиб юрибмиз. 12 Биз ўз қўлимиз билан меҳнат қилмоқдамиз. Бизни ғийбат қилсалар, биз дуо қилмоқдамиз. Бизни қувғин қилсалар, биз тоқат қилмоқдамиз. 13 Бизни ҳақорат қилсалар, биз юмшоқ гапирмоқдамиз. Ҳозиргача биз дунёнинг аҳлати ва ҳамма нарсанинг супуриндисидек бўлдик. 14 Буларни эса мен сизларни уялтириш учун эмас, балки севимли болаларимдай насиҳат қилиш учун ёздим. 15 Чунки сизларнинг Масиҳда минглаб устозларингиз бўлса ҳам, оталарингиз кўп эмас. Мен эса сизларни Хушхабар орқали Исо Масиҳда туғдим. 16 Шунинг учун сизлардан ўтиниб сўрайманки, менга тақлид қилинглар. 17 Ана шу мақсадда мен Раббийга содиқ бўлган севимли ўғлим Тимўтийни сизларнинг олдингизга юбордим. У эса ҳар ерда ва ҳар бир Жамоатда таълим берганимдай, Масиҳдаги йўлларимни сизларга эслатади. 18 Мен сизларнинг олдингизга бормаганим учун, сизларнинг орангиздаги баъзилар мағрурланиб кетибди. 19 Бироқ Раббим хоҳласа, мен яқинда олдингизга келаман, шунда мағрурланиб кетганларнинг сўзини эмас, уларнинг куч-қудратини синаб кўраман. 20 Чунки Худонинг Шоҳлиги сўзда эмас, балки куч-қудратдадир. 21 Нимани хоҳлайсизлар? Ёнингизга ҳокимият ҳассаси билан келишимними ёки мулойимлик руҳидаги севги билан келишимними?