3 1 Биродарларим, мен сизлар билан, руҳий одамлар билан гаплашгандай гаплаша олмадим, балки тана изми бўйича юрган одамлар, яъни Масиҳдаги гўдаклар билан гаплашгандай гаплашдим. 2 Мен сизларни қаттиқ овқат билан эмас, балки сут билан озиқлантирдим, чунки бунга ҳали кучингиз етмас эди, ҳозир ҳам кучингиз етмайди. 3 Сизлар ҳали ҳам тана изми бўйича юрган одамларсизлар. Чунки орангизда ҳасад, баҳс ва низо бўлса, унда сизлар тана изми бўйича юрган одамлар эмасмисизлар? Сизлар инсоний одат бўйича ҳаракат қилмаяпсизларми? 4 Агар кимдир: “Мен Повулникиман”, бошқаси эса: “Мен Аполлосникиман”,- деб айтса, унда сизлар тана изми бўйича юрган одамлар эмасмисизлар? 5 Ахир Повул ким? Аполлос ким? Раббий ҳар бирига ато қилгани бўйича улар – хизматкорлар, сизлар эса улар орқали имон топгансизлар, холос. 6 Мен экдим, Аполлос суғорди, лекин Худо ўстирди. 7 Шунинг учун экадиган ва суғорадиган ҳеч нарса эмасдир, ўстирадиган Худо ҳамма нарсадир. 8 Экувчи ва суғорувчининг иккаласи ҳам бирдир, лекин ҳар бири ўзининг меҳнатига яраша ўз мукофотини олади. 9 Чунки биз Худонинг ҳамкорларимиз, сизлар эса Худонинг экинзори, Худонинг иморатисизлар. 10 Мен Худодан берилган иноят бўйича доно қурувчи сифатида пойдевор қўйдим, бошқаси эса унинг устида қурмоқда. Лекин ҳар ким қандай қураётганига эътибор берсин. 11 Чунки ҳеч ким қўйилган пойдевордан, яъни Исо Масиҳдан бошқа пойдевор қўя олмайди. 12 Бу пойдевор устида кимдир олтиндан, кимдир кумуш ва қимматли тошлардан, кимдир эса ёғочу хашак ёки сомондан қурмоқда – 13 ҳар кимнинг иши эса ошкор бўлади, чунки ўша кун буни кўрсатади. Зеро бу нарса оловда фош бўлади ва олов ҳар кимнинг иши қандай эканлигини синайди. 14 Агар кимнинг қургани охиригача турса, у мукофот олади. 15 Кимнинг қилган иши ёниб кетса, у зиён кўради. Бироқ ўзи нажот топади, лекин олов ичидан қутулгандек бўлади. 16 Сизлар Худонинг маъбади эканлигингизни ва Худонинг Руҳи ичингизда яшаётганини наҳотки билмасангизлар? 17 Кимки Худонинг маъбадини ҳаром қилса, уни Худо уради, чунки Худонинг маъбади муқаддасдир. Бу маъбад эса сизларсиз. 18 Ҳеч ким ўз-ўзини алдамасин: сизлардан ким бу дунёда доно бўлишни ўйласа, у доно бўлиш учун ақлсиз бўлсин. 19 Чунки бу дунёнинг донолиги Худонинг ҳузурида телбаликдир. Худди ёзилганидек: “У доноларни уларнинг ҳийлагарлиги билан овлайди”. 20 Ва яна ёзилганки: “Раббий доноларнинг фикр-мулоҳазалари беҳуда эканлигини билади”. 21 Шундай қилиб, ҳеч ким инсоний нарса билан мақтанмасин, чунки ҳаммаси сизларникидир: 22 Повул ҳам, Аполлос ҳам, Кифа ҳам, бу дунё ҳам, ҳаёт ҳам, ўлим ҳам, шу замон ва келажак ҳам – ҳаммаси сизларникидир. 23 Сизлар эса Масиҳникисизлар, Масиҳ эса Худоникидир.