12 1 Биродарларим, сизларни руҳий инъомлар ҳақида билимсиз қолишингизни хоҳламайман. 2 Биласизларки, мажусий бўлганингизда, сизларни худди етаклаб олиб боришганидай, гунг бутларга борар эдингизлар. 3 Шунинг учун сизларга шундай тушунча бераман: Худонинг Руҳи билан гапираётган ҳеч ким Исога лаънат айтмайди ва ҳеч ким Муқаддас Руҳсиз Исони Раббим, деб атай олмайди. 4 Инъомлар ҳар хил, лекин Руҳ ўша-ўшадир. 5 Хизматлар ҳам ҳар хил, лекин Раббий ўша-ўшадир. 6 Фаолиятлар ҳам ҳар хил, лекин ҳаммада ҳамма нарсани ҳаракатга келтирадиган Худо ўша-ўшадир. 7 Аммо Руҳнинг намоён бўлиши ҳар бирига манфаат учун берилади. 8 Кимгадир Руҳ томонидан донолик сўзи берилади, бошқага эса худди ўша Руҳ томонидан билим сўзи берилади. 9 Яна кимгадир худди ўша Руҳ томонидан имон, бошқага эса худди ўша Руҳ томонидан шифокорлик инъомлари берилади. 10 Кимгадир мўъжизакорлик куч-қудрати, бошқага эса пайғамбарчилик берилади. Кимгадир руҳларни фарқлаш, бошқага ҳар хил тиллар, яна бошқага тилларни талқин қилиш инъомлари берилади. 11 Бироқ буларнинг ҳаммасини ўша битта Руҳ келтириб чиқаради. У Ўзи хоҳлагани бўйича буларни ҳар кимга алоҳида тақсимлайди. 12 Бир танада кўп аъзолар бор. Тананинг аъзолари кўп бўлса ҳам, улар бир танани ташкил қилади. Масиҳ ҳам худди шундайдир. 13 Биз эса – яҳудийми, юнонми, қулми, эркинми – ҳаммамиз ўша битта Руҳ билан ягона Масиҳнинг Танасига чўмганмиз ва ҳаммамиз ўша битта Руҳдан суғорилганмиз. 14 Тана эса битта аъзодан эмас, балки кўп аъзолардан иборатдир. 15 Агар оёқ: “Мен қўл бўлмаганим учун танага тегишли эмасман”,- деб айтса, унда наҳотки у танага тегишли бўлмай қолса? 16 Агар қулоқ: “Мен кўз бўлмаганим учун танага тегишли эмасман”,- деб айтса, унда наҳотки у танага тегишли бўлмай қолса? 17 Агар бутун тана кўз бўлганида эди, эшитиш қаерда бўлар эди? Агар бутун тана қулоқ бўлганида эди, ҳид сезиш қаерда бўлар эди? 18 Лекин Худо аъзоларнинг ҳар бирини танада Ўзи хоҳлаганидек жойлаштирди. 19 Агарда ҳаммаси битта аъзо бўлганида эди, тана қаерда бўлар эди? 20 Аммо энди аъзолар кўп, тана эса биттадир. 21 Кўз қўлга: “Сен менга керак эмассан”, ёки бош оёқларга: “Сизлар менга керак эмассизлар”,- деб айта олмайди. 22 Аксинча, тананинг энг заиф бўлиб кўринадиган аъзолари жуда кераклидир. 23 Танамизнинг иззатсиз туюлган аъзоларини кўп иззат билан буркаймиз. Хунук аъзоларимизга эса янада кўпроқ кўрк берамиз. 24 Лекин кўркам аъзоларимизнинг бунга муҳтожлиги йўқ. Аммо камчиликка эга бўлган аъзоларга кўпроқ иззат бериб, Худо бутун танани мувофиқлаштирди, 25 токи танада бўлиниш бўлмасин, аксинча, ҳамма аъзолар бир-бирига бир хил ғамхўрлик қилсинлар. 26 Агар бир аъзо азоб чекса, барча аъзолар у билан бирга азоб чекадилар. Агар бир аъзо улуғланса, барча аъзолар у билан бирга қувонадилар. 27 Шундай қилиб, сизлар – Масиҳнинг Танасисизлар, ҳар бирингиз алоҳида – аъзосизлар. 28 Худо эса баъзиларни Жамоатда биринчидан ҳаворийлар, иккинчидан пайғамбарлар, учинчидан муаллимлар қилиб қўйди. Яна баъзиларга мўъжизакорликни, бошқаларга эса шифокорлик, ёрдам бериш, бошқариш, турли тиллар инъомларини берди. 29 Ҳамма ҳам ҳаворийми? Ҳамма ҳам пайғамбарми? Ҳамма ҳам муаллимми? Ҳамма ҳам мўъжизакорми? 30 Ҳамма ҳам шифокорлик инъомларига эгами? Ҳамма ҳам номаълум тилларда гапирадими? Ҳамма ҳам талқин қиладими? 31 Лекин каттароқ инъомлар учун рашк қилинглар. Мен эса сизларга янада афзалроқ йўлни кўрсатаман: