13 1 Мен инсонларнинг ва фаришталарнинг тилларида гапирсам-у, лекин севгига эга бўлмасам, жаранглайдиган мис ёки янграйдиган кимбалдирман. 2 Агар пайғамбарчилик инъомига эга бўлсам-у, бор билимларни ва бор сирларни тушунсам, агар тоғларни кўчирадиган бор имонга эга бўлсам-у, лекин севгига эга бўлмасам, мен ҳеч нарса эмасдирман. 3 Агар бор мол-мулкимни тарқатиб юборсам, ҳатто танамни ёндиришга топширсам-у, лекин севгига эга бўлмасам, бундан менга ҳеч қандай фойда йўқдир. 4 Севги узоқ сабр-тоқат қилади. У меҳрибонлик қилади. Севги ҳасад қилмайди, севги кеккаймайди ва мағрурланмайди. 5 Севги бебошлик қилмайди, ўз манфаатини изламайди, тез аччиқланмайди ва ёвузликни ўйламайди. 6 Севги ноҳақликка қувонмайди, аксинча, ҳақиқатга севинади. 7 Севги ҳамма нарсани кўтаради, ҳамма нарсага ишонади, ҳамма нарсага умид қилади, ҳамма нарсага бардош беради. 8 Севги ҳеч қачон тугамайди, пайғамбарчиликлар эса тугайди, тиллар тамом бўлади ва билим ҳам бекор бўлади. 9 Чунки биз қисман биламиз ва қисман пайғамбарчилик қиламиз. 10 Лекин мукаммаллик келганида, қисман бўлган нарсалар тугайди. 11 Мен гўдак бўлганимда, гўдак каби гапирар, гўдак каби фикр юритар, гўдак каби мулоҳаза қилар эдим. Аммо вояга етгач, гўдаклигимни қолдирдим. 12 Ҳозир биз гўё хира ойна орқали тахминан кўряпмиз, ўша кунда эса юзма-юз кўрамиз. Ҳозир мен қисман билмоқдаман, аммо ўша кунда мен ўзим таниб билингандек таниб биламан. 13 Энди эса шу учтаси мавжуддир: имон, умид, севги. Лекин севги улардан буюкроқдир.