10 1 Эй, биродарларим, сизлар бу ҳақида билимсиз қолишингизни хоҳламайман: оталаримизнинг ҳаммаси булут остида бўлган эдилар ва денгизнинг ўртасидан ўтган эдилар. 2 Уларнинг ҳаммаси булут ва денгизда Мусога чўмган эдилар. 3 Ҳаммаси бир хил руҳий озуқани ейишди. 4 Ҳаммаси бир хил руҳий ичимликни ичишди, чунки улар келажакда келаётган руҳий Қоятошдан ичдилар. Қоятош эса Масиҳ эди. 5 Лекин Худо уларнинг кўпларига илтифот қилмади, зеро улар саҳрода йўқ қилиндилар. 6 Улар ёвузликка ҳирс қўйганларидай, биз ҳам ёвузликка ҳирс қўймаслигимиз учун улар бизга намуна бўлдилар. 7 Улардан баъзилари бутпараст бўлганларидай, сизлар ҳам бутпараст бўлманглар. Улар ҳақида шундай ёзилган: “Халқ еб-ичишга ўтирди ва ўйнагани турди”. 8 Улардан баъзилари зинокорлик қилганларидай, зинокорлик қилмайлик, чунки бир кунда улардан йигирма уч минг киши ҳалок бўлди. 9 Улардан баъзилари Худони васваса қилганларидай, Масиҳни васваса қилмайлик, чунки улар илонлардан ҳалок бўлдилар. 10 Улардан баъзилари нолиганларидай, нолиманглар, чунки улар қирғин қилувчидан ҳалок бўлдилар. 11 Буларнинг ҳаммаси уларда намуна сифатида содир бўлган. Бизга эса, замоннинг охирига етганларга – булар огоҳлантириш учун ёзиб қолдирилган. 12 Шунинг учун мустаҳкам турибман, деб ўйлаётган киши йиқилмаслиги учун эҳтиёт бўлсин. 13 Бошингизга оддий инсоний васвасадан бошқа васваса келган эмас. Худо эса содиқдир, У кучингиз етмаган васвасага тушишга йўл қўймайди, лекин васваса пайтида бардош беришингиз учун халос бўлиш йўлини ҳам беради. 14 Шундай қилиб, севганларим, бутпарастликдан қочинглар. 15 Мен сизларга буни фаросатлиларга айтгандай айтяпман. Сўзларим ҳақида ўзларингиз мулоҳаза қилинглар. 16 Биз дуо қилаётган “барака косаси” Масиҳнинг қонига дахлдор бўлиш эмасми? Биз синдираётган нон Масиҳнинг Танасига дахлдор бўлиш эмасми? 17 Шундай қилиб, битта нон бутун бўлганидек, биз ҳам кўпчилик бўлиб, битта танамиз, чунки ҳаммамиз битта нонда иштирок этамиз. 18 Эски Аҳдаги Исроилга бир қаранглар: қурбонликни еган руҳонийлар қурбонгоҳга дахлдор бўлмаганларми? 19 Мен нима демоқчиман ўзи? Бут бирор аҳамиятга эгами? Ёки бутга бағишланган қурбонликнинг бирор аҳамияти борми? 20 Йўқ, аммо мажусийлар қурбонлик келтирганларида, Худога эмас, жинларга қурбонлик келтирадилар. Мен эса сизларнинг жинлар билан алоқада бўлишингизни хоҳламайман. 21 Сизлар ҳам Раббий косасидан, ҳам жинлар косасидан ича олмайсизлар. Сизлар ҳам Раббий дастурхонида, ҳам жинлар дастурхонида иштирок эта олмайсизлар. 22 Наҳотки биз Раббийнинг рашкини келтирсак? Наҳотки биз Ундан кучли бўлсак? 23 Менга ҳамма нарса жоиз экан, лекин ҳамма нарса ҳам фойдали эмас. Менга ҳамма нарса жоиз экан, лекин ҳамма нарса ҳам барпо қилмайди. 24 Ҳар бир киши ўзининг эмас, балки бошқанинг манфаатини изласин. 25 Виждонингиз хотиржам бўлиши учун бозорда сотиладиган ҳамма нарсани текширмасдан еяверинглар. 26 Чунки ер юзи ва уни тўлдириб турган ҳамма нарса Раббийникидир. 27 Агар имонсизлардан кимдир сизларни меҳмонга таклиф этса, сизлар эса боришни хоҳласангизлар, унда виждонингиз хотиржам бўлиши учун олдингизга қўйилган ҳамма нарсани текширмасдан еяверинглар. 28 Агар кимдир сизларга: “Бу бутга бағишланган қурбонлик”,- деб айтса, унда буни сизларга айтган киши ҳақи ва виждон хотиржамлиги учун еманглар. Чунки биз биламизки, ер юзи ва уни тўлдириб турган ҳамма нарса Раббийникидир. 29 Виждон деганимда ўзимнинг эмас, балки бошқанинг виждонини назарда тутяпман. Чунки нима учун бошқа кишининг виждони туфайли менинг эркинлигим ҳукм этилиши керак? 30 Агар мен иноят бўйича иштирок этаётган бўлсам, унда нега миннатдорчилик билдирганим учун маҳкум бўлишим керак? 31 Шундай қилиб, ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар, ҳамма нарсани Худонинг шуҳрати учун қилинглар. 32 На яҳудийларни, на юнонларни, на Худонинг Жамоатини қоқинтирадиган бирон нарса қилманглар. 33 Мен ҳам ўз манфаатимни эмас, балки кўпларнинг манфаатини излайман. Улар нажот топишлари учун мен ҳаммага ҳамма нарсада маъқул бўлишга ҳаракат қилмоқдаман.