19
1
Шундан сўнг аммўнликларнинг подшоҳи Наҳаш ўлди ва унинг ўрнига унинг ўғли подшоҳ бўлди.
2
Шунда Довуд: “Мен Наҳашнинг ўғли Ҳанунга унинг отаси менга илтифот кўрсатгани учун илтифот кўрсатаман”,- деди. Шундай қилиб, Довуд Ҳануннинг отаси учун уни юпатишга элчиларни юборди. Довуднинг хизматкорлари Ҳанунни юпатиш учун унинг олдига Аммўн ерига келдилар.
3
Аммо аммўнликларнинг ҳокимлари Ҳанунга: “Наҳотки Довуд сизнинг отангизга бўлган ҳурмати юзасидан сизнинг олдингизга юпатувчиларни юборган, деб ўйласангиз? Унинг хизматкорлари ерни текшириб, кўздан кечириш ва уни талон-тарож қилиш учун сизнинг олдингизга келмаганмикан?”- дедилар.
4
Шунда Ҳанун Довуднинг хизматкорларини тутиб, уларнинг соқолларини қириб ташлади ва уларнинг кийимларининг ярмини белларигача кесиб, уларни қўйиб юборди.
5
Улар жўнаб кетишди ва Довудга ушбу кишилар ҳақида хабар етказилди. У уларни кутиб олиш учун одамларни юборди, чунки улар жуда ҳам шарманда қилинган эдилар. Подшоҳ уларга: “Сизларнинг соқолларингиз ўсгунича, Йерихода қолинглар, кейин қайтиб келасизлар”,- деди.
6
Аммўнликлар Довудга жирканч бўлиб қолганликларини кўрганларида, Ҳанун ва аммўнликлар ўзларига Орам-Наҳарайимдан, Орам-Маақаҳ ва Зўбаҳдан жанговар аравалар ҳамда отлиқлар ёллаш учун минг талант кумуш юбордилар.
7
Шундай қилиб, аммўнликлар ўзларига ўттиз икки мингта жанговар аравани ҳамда Маақаҳ подшоҳини унинг халқи билан бирга ёлладилар. Булар эса Медеба қаршисига келиб, қароргоҳ қурдилар. Аммўнликлар ҳам ўз шаҳарларидан йиғилиб, урушга отландилар.
8
Довуд бу ҳақида эшитганида, жасур кишиларнинг бутун қўшини билан бирга Йўабни юборди.
9
Аммўнликлар чиқиб, шаҳарнинг дарвозалари қаршисида жангга саф тортдилар, келган подшоҳлар эса, далада алоҳида турдилар.
10
Йўаб олдиндан ва орқадан жанг қилиши кераклигини кўриб, бутун Исроилнинг сараланганларидан жангчиларни танлаб олди ва уларни сурияликларга қарши сафга қўйди.
11
Халқнинг қолган қисмини эса, ўз биродари Абишайга, улар аммўнликларга қарши саф тортишлари учун топширди.
12
У деди: “Агар сурияликлар мени мағлуб қила бошласалар, сен менга ёрдам берасан, агар аммўнликлар сени мағлуб қила бошласалар, унда мен сенга ёрдам бераман.
13
Жасур бўлгин, биз ўз халқимиз ва Худойимизнинг шаҳарлари учун қаттиқ турамиз. Раббийга нима маъқул бўлса, шуни қилсин”.
14
Шундай қилиб, Йўаб ва у билан бирга бўлган одамлар сурияликларга қарши жангга кирдилар ва улар ундан қочиб кетдилар.
15
Аммўнликлар сурияликларнинг қочаётганларини кўрганларида, улар ҳам Йўабнинг биродари Абишайдан қочиб кетдилар ва шаҳарга кирдилар. Шунда Йўаб Йерусалимга келди.
16
Сурияликлар эса исроилликлар томонидан мағлуб қилинганларини кўрганларида, элчиларни юбориб, дарёнинг нариги томонида бўлган сурияликларни олиб чиқдилар. Ҳадарезернинг лашкарбошиси Шофах уларни бошлаб келар эди.
17
Довудга бу ҳақида етказганларида, у барча исроилликларни йиғиб, Йорданни кечиб ўтди ва уларнинг олдига келиб, уларга қарши саф тортди. Довуд сурияликларга қарши жангга саф тортди ва улар у билан жанг қилдилар.
18
Сурияликлар исроилликлардан қочиб кетдилар. Довуд сурияликларнинг етти мингта жанговар араваси ва қирқ мингта пиёдасини қириб ташлади, лашкарбоши Шофахни эса ўлдирди.
19
Ҳадарезернинг хизматкорлари улар исроилликлар томонидан мағлуб қилинганларини кўрганларида, Довуд билан тинчлик битимини туздилар ва унинг хизматкори бўлдилар. Сурияликлар аммўнликларга бошқа ёрдам беришни истамадилар.