16
1
Улар Худонинг Киботини Йерусалимга олиб келдилар. Довуд Киботни унинг учун қурган Чодирнинг ўртасига қўйдилар. Сўнгра Худога тамоман ёндириш қурбонликлари ва тинчлик қурбонликлари келтирдилар.
2
Довуд тамоман ёндириш ва тинчлик қурбонликларини келтиришни тамомлаганида, Раббийнинг номи билан халқни дуо қилди.
3
У ҳар бир исроилликка: эркакларга ҳам, аёлларга ҳам бир донадан нон, бир бурдадан гўшт ҳамда майизли кулча тарқатди.
4
У Исроилнинг Раббий Худосини шарафлаш, миннатдорчилик билдириш, улуғлаш учун левитлардан баъзиларини Раббийнинг Аҳд Киботи қаршисига хизматга қўйди:
5
Асафни бошлиқ қилиб, ундан кейин Закарийаҳ, Йеҳиэл, Шемирамот, Йехиэл, Маттатийаҳ, Элиаб, Бенайаҳ ва Обед-Эдомни қўйди. Йеҳиэлни, ғижжаклар ва қўбизлар чалиш, Асафни эса жарангдор зиллар чалишга қўйди.
6
Руҳонийлар Бенайаҳ ва Йаҳазиэлни Худонинг Аҳд Киботи қаршисида доимо бурғу чалишлари учун қўйди.
7
Ўша куни Довуд биринчи бор Асаф ва унинг биродарларига Раббийни шарафлаш учун ушбу санони берди:
8
“Раббийни шарафланглар! Унинг номини чорланглар! Халқларда Унинг ишларини эълон қилинглар!
9
Унга куйланглар, Унга санолар куйланглар! Унинг барча мўъжизаларини сўзлаб беринглар!
10
Унинг муқаддас номи билан мақтанинглар! Раббийни изловчиларнинг юраклари қувонсин!
11
Раббийни ва Унинг кучини изланглар, Унинг юзини доимо изланглар.
12
Унинг қилган мўъжизаларини, Унинг аломатларини ва Унинг оғзидан чиқаётган ҳукмларини ёдда тутинглар,
13
эй, Исроилнинг уруғи, Худонинг қуллари, Ёқубнинг ўғиллари ва Унинг танланганлари!
14
У – бизнинг Раббий Худойимиздир, Унинг ҳукмлари бутун ер узрадир.
15
Буларни ёдда тутинглар: Унинг аҳдини, Унинг минг авлодларга амр қилган сўзини,
16
Унинг Иброҳимга ваъда қилган ва Исҳоқка қасам ичган васиятини,
17
Унинг Ёқубга қонун сифатида тайинлаган, Исроилга абадий аҳд қилиб қўйган,
18
“Канъан ерини сизларга меросий улуш қилиб бераман”, деб айтган ваъдасини.
19
Исроилликлар ўша пайтда кам сонли ва жуда ҳам кам бўлганларида, ҳали Канъан ерида мусофир бўлганларида,
20
бир халқдан бошқа халққа ва бир шоҳликдан бошқа халққа кўчиб юрар эдилар.
21
Бироқ Раббий ҳеч кимга уларни хафа қилишларига йўл қўймас ва улар ҳақида подшоҳларга шундай танбеҳ берар эди:
22
“Менинг мойланган одамларимга тегманглар ва Менинг пайғамбарларимга ёвузлик қилманглар”.
23
Эй, бутун ер, Раббийга куйланглар, Унинг нажотини кундан кунга воизлик қилинглар!
24
Мажусийларга Унинг шуҳратини, барча халқларга Унинг мўъжизаларини эълон қилинглар!
25
Чунки Раббий буюк, У кўп мақтовларга сазовордир! У барча худолардан кўра даҳшатлироқдир!
26
Зеро халқларнинг барча худолари бутлардир, Раббий эса самоларни яратган.
27
Шараф ва улуғворлик Унинг юзи қаршисида, қудрат ва қувонч Унинг масканидадир!
28
Раббийни шарафланглар, эй, халқларнинг қабилалари, Раббийни шуҳрати ва қудрати учун шарафланглар!
29
Раббий номининг шуҳратини шарафланглар! Қурбонликни олиб, Унинг қаршисига боринглар. Раббийга Унинг муқаддасворлигининг гўзаллигида сажда қилинглар.
30
Эй, бутун ер, Унинг қаршисида титрагин, чунки У борлиқни мустаҳкам ўрнатди, у тебранмайди.
31
Осмонлар қувонсин, ер тантана қилсин! Халқлар орасида: “Раббий ҳукм сурмоқда!”- десинлар.
32
Денгиз ва уни тўлдириб турган нарсалар ҳайқирсин! Дала ва ундаги ҳамма нарса қувонсин!
33
Барча ўрмон дарахтлари Раббийнинг юзи қаршисида ҳайқирсинлар, чунки У оламни ҳукм қилиш учун келмоқда.
34
Раббийга ташаккур айтинглар, чунки У эзгу ва Унинг шафқати абадийдир!
35
Бундай денглар: “Эй, бизнинг Нажоткоримиз Худо, бизни қутқаргин! Бизни йиғиб олгин ва халқлардан халос қилгин, токи биз Сенинг муқаддас номингга ташаккур айтайлик ва Сенинг шуҳратинг билан мақтанайлик!
36
Раббий Исроилнинг Худоси абадулабад муборакдир!” Шунда бутун халқ: “Омин, Раббийга ҳамдлар бўлсин!”- деди.
37
Раббийнинг Аҳд Киботи қаршисида доимо, ҳар куни хизмат қилиш учун Довуд Аҳд Киботи олдида Асаф ва унинг биродарларини,
38
Обед-Эдом ва унинг биродарларини, жами олтмиш саккиз кишини қолдирди. Йедутуннинг ўғли Обед-Эдом ва Ҳосаҳни эса дарвозабон қилиб тайинлади.
39
Руҳоний Садок ва унинг руҳоний биродарларини эса Гибъўндаги тепаликда бўлган Раббийнинг Чодири олдига қўйди,
40
токи улар тамоман ёндириш қурбонгоҳида Раббийга доимо (эрталаб ва кечқурун) тамоман ёндириш қурбонлиги келтирсинлар ҳамда Раббий Исроилга амр этган Унинг қонунида ёзилган ҳамма нарсани бажарсинлар.
41
Улар билан бирга Ҳеман, Йедутун ва номма-ном тайинланган бошқа танланган кишиларни Раббийни шарафлаш учун тайинлади, чунки Унинг шафқати абадийдир!
42
Уларнинг ёнида Ҳеман ва Йедутун карнайлар, жарангдор зиллар ҳамда ҳар хил мусиқали асбоблар чалиб, Худони шарафлар эдилар. Йедутуннинг ўғилларини эса дарвозабон қилиб қўйди.
43
Сўнгра бутун халқнинг ҳар бири ўзининг уйига кетди. Довуд ҳам ўз уйини дуо қилиш учун ортига қайтди.