15
1
Довуд ўзига Довуд шаҳрида уйлар қурди ва Худонинг Аҳд Киботи учун жой тайёрлаб, у учун Чодир қилди.
2
Сўнг Довуд: “Левитлардан бўлак ҳеч ким Худонинг Аҳд Киботини кўтариб юриши мумкин эмас, чунки Раббий уларни Худонинг Аҳд Киботини кўтариб юриш ва Унга абадий хизмат қилиш учун танлаган”,- деди.
3
Довуд Раббийнинг Аҳд Киботини унга тайёрлаган жойга олиб келиш учун бутун Исроилни Йерусалимга йиғди.
4
Довуд Аҳарўннинг ўғиллари ва левитларни чақирди:
5
Қэҳат ўғилларидан бошлиқ бўлган Уриэл ва унинг бир юз йигирма нафар биродарини,
6
Мерари ўғилларидан бошлиқ бўлган Асаҳийаҳ ва унинг икки юз йигирма нафар биродарини,
7
Гершом ўғилларидан бошлиқ бўлган Йўэл ва унинг бир юз ўттиз нафар биродарини,
8
Элизафан ўғилларидан бошлиқ бўлган Шемайаҳ ва унинг икки юз нафар биродарини,
9
Хеброн ўғилларидан бошлиқ бўлган Элиэл ва унинг саксон нафар биродарини,
10
Узиэл ўғилларидан бошлиқ бўлган Аминадаб ва унинг бир юз ўн икки нафар биродарини чақирди.
11
Довуд руҳонийлар Садок ва Абиатарни, левитлар Уриэл, Асаҳийаҳ, Йўэл, Шемайаҳ, Элиэл ва Аминадабни чақириб,
12
уларга деди: “Эй, левит авлодларининг бошлиқларисизлар, ўзларингизни ҳам, биродарларингизни ҳам покланглар ҳамда мен Исроилнинг Раббий Худосининг Киботи учун тайёрлаган жойга уни олиб келинглар.
13
Чунки олдинги сафар буни сизлар қилмаганингиз сабабли, биз Раббий Худойимизни излашимиз керак бўлганидек изламаганимиз учун У бизни шикастлади”.
14
Шундай қилиб, руҳонийлару левитлар Исроилнинг Раббий Худосининг Киботини олиб келиш учун ўзларини покладилар.
15
Раббийнинг сўзи бўйича Мусо амр этганидек, левитларнинг ўғиллари Худонинг Киботини елкаларида ходалар билан кўтариб бордилар.
16
Довуд левитларнинг бошлиқларига мусиқий асбоблар, ғижжаклар, қўбизлар ва жарангдор зиллар чалиб, баланд овозда қувонч садосини чиқариш учун қўшиқчиларни тайинлашни буюрди.
17
Шундай қилиб, левитлар Йўэлнинг ўғли Ҳеманни ва унинг биродарларидан Береқийаҳнинг ўғли Асафни, Мерари ўғилларидан эса Кушайаҳнинг ўғли Этанни тайинладилар.
18
Улар билан бирга иккинчи ўриндаги биродарлари: Закарийаҳ, Бен, Йаҳазиэл, Шемирамот, Йехиэл, Унни, Элиаб, Бенайаҳ, Маасейаҳ, Маттатийаҳ, Элифелеҳ, Микнейаҳни ҳамда дарвозабонлардан Обед-Эдом ва Йеҳиэлни тайинладилар.
19
Қўшиқчилар Ҳеман, Асаф ва Этан мис жарангдор зилларни баланд овозда чалишга тайинланган эдилар.
20
Закарийаҳ, Азиэл, Шемирамот, Йехиэл, Унни, Элиаб, Маасейаҳ ва Бенайаҳ эса ингичка товушли ғижжакларни чалишга тайинландилар.
21
Маттатийаҳ, Элифелеҳ, Микнейаҳ, Обед-Эдом, Йеҳиэл ва Азазийаҳ кириш қисми учун қўбизларни чалишга тайинландилар.
22
Левитларнинг бошлиғи Хенанийаҳ эса ашула ўргатувчи бўлди, чунки у бунда моҳир эди.
23
Береқийаҳ ва Элканаҳ Аҳд Киботи олдида дарвозабон эдилар.
24
Руҳонийлар Шебанийаҳ, Йеҳошафат, Натаниэл, Амасай, Закарийаҳ, Бенайаҳ ва Элиэзер Худонинг Киботи қаршисида карнай чаладиган бўлдилар. Обед-Эдом ва Йеҳийаҳ эса Киботи олдида дарвозабон эдилар.
25
Шундай қилиб, Довуд ва Исроилнинг оқсоқоллару мингбошилари Раббийнинг Аҳд Киботини Обед-Эдомнинг уйидан тантана билан олиб келишга кетдилар.
26
Раббийнинг Аҳд Киботини кўтараётган левитларга Худо ёрдам берганида, улар еттита бузоқ ва еттита қўчқорни қурбонликка келтирдилар.
27
Довуд ва Аҳд Киботини кўтараётган левитларнинг барчаси, ашулачилар, мусиқачилар ва ашулачиларнинг бошлиғи Хенанийаҳ зиғир матосидан кийим кийган эдилар. Довуднинг эгнида эса зиғир толали эфод ҳам бор эди.
28
Шундай қилиб, бутун Исроил Раббийнинг Аҳд Киботини бурғу, карнайлар, жарангдор зиллар, ғижжаклар ва қўбизлар чалиб ҳайқириқлар билан олиб келдилар.
29
Раббийнинг Аҳд Киботи Довуд шаҳрига кириб келганида, Шоулнинг қизи Микал деразадан қараб, подшоҳ Довуднинг сакраётганини ва рақсга тушаётганини кўриб, ўз юрагида уни пастга урди.