13
1
Довуд мингбошилар, юзбошилар ва барча бошлиқлар билан маслаҳатлашди.
2
Довуд Исроилнинг бутун йиғинига деди: “Агар бу сизларга маъқул бўлса ва бунда Худойимиз Раббийнинг иродаси бўлса, Исроилнинг бутун ери бўйлаб барча жойларга, қолган биродарларимизга элчиларни юборамиз. Шунингдек, улар билан бирга руҳонийлар ва левитларнинг олдига, уларнинг шаҳарлару қишлоқларига элчиларни юборамиз, токи улар бизнинг олдимизга йиғилсинлар.
3
Ўзимизнинг олдимизга эса Худойимизнинг Аҳд Киботини яна олиб келамиз, чунки Шоулнинг кунларида биз уни изламадик”.
4
Шунда бутун йиғин: “Худди шундай бўлсин”,- деди, чунки бу иш бутун халқнинг нигоҳида тўғри эди.
5
Шундай қилиб, Довуд Худонинг Аҳд Киботини Қиръат-Йеаримдан олиб келиш учун Мисрдаги Шихордан то Ҳаматнинг кириш қисмигача бутун Исроилни йиғди.
6
Керубларда ўтирган Раббий Худонинг номи билан аталган Аҳд Киботини Қиръат-Йеаримдан олиб келиш учун Довуд ҳамда бутун Исроил Яҳудиядаги Қиръат-Йеаримга борди.
7
Улар Худонинг Аҳд Киботини Абинадабнинг уйидан янги аравада олиб кетишди. Ўззаҳ ва Аҳийо аравани ҳайдаб борар эди.
8
Довуд ва бутун Исроил эса, Худонинг олдида қўбизлар, ғижжаклар, доиралар, жарангдор зиллар ва карнайлар чалиб, куйлаб, бор кучлари билан рақсга тушар эдилар.
9
Улар Хидоннинг хирмонига етиб келганларида, Ўззаҳ Аҳд Киботини ушлаб қолиш учун қўлини узатди, чунки уни буқалар энгаштириб қўйган эдилар.
10
Лекин Раббийнинг ғазаби Ўззаҳга қарши алангаланди ва у қўлини Киботига узатгани учун уни шикастлади. У эса ўша ернинг ўзида Худонинг юзи олдида ўлди.
11
Раббий Ўззаҳни ўлдиргани учун Довуд қайғуга тушди. Шу сабабли, у жойни “Ўззаҳнинг ҳалокати”, деб атади. У жой ҳозиргача шундай номланади.
12
Довуд ўша куни Раббийдан қўрқиб: “Мен қандай қилиб Раббийнинг Аҳд Киботини ўз уйимга олиб кираман?”- деди.
13
Довуд Киботини ўзининг уйига, Довуд шаҳрига олиб бормади, бироқ уни гетлик Обед-Эдомнинг уйи томонга бурди.
14
Худонинг Аҳд Киботи Обед-Эдомнинг хонадонида, унинг уйида уч ой қолди ва Раббий Обед-Эдомнинг хонадонини ҳамда унинг ҳамма нарсасига барака ато қилди.