33-боб
1
Мана – Мусо ва Аҳарўннинг қўл остида Миср еридан ўз қўшинлари билан чиққан Исроил ўғилларининг сафарлари йўналишлари.
2
Мусо Раббийнинг амрига биноан уларнинг сафарларига кўра йўналишларини ёзди. Мана – уларнинг сафарларига кўра йўналишлари:
3
Улар биринчи ойда, биринчи ойнинг ўн бешинчи кунида Рамсесдан йўлга тушдилар. Песаҳнинг кейинги кунида, Исроил ўғиллари буюк қўл остида бутун мисрликларнинг кўз олдида чиқиб кетдилар.
4
Бу орада мисрликлар Раббий қириб ташлаган барча тўнғичларини дафн этаётган эдилар. Раббий уларнинг худолари устидан ҳам ҳукмни амалга оширган эди.
5
Шундай қилиб, Исроил ўғиллари Рамсесдан йўлга тушдилар ва Суккотда қароргоҳ қурдилар.
6
Улар Суккотдан йўлга тушдилар ва саҳронинг этагидаги Этамда қароргоҳ қурдилар.
7
Этамдан йўлга тушиб, Баал-Зефон қаршисидаги Пи-Ҳаҳиротга бурилдилар ва Мигдол қаршисида қароргоҳ қурдилар.
8
Пи-Ҳаҳиротдан йўлга тушиб, денгиз орқали саҳрога ўтдилар ва Этам саҳросида уч кунлик йўл юрдилар ҳамда Мараҳда қароргоҳ қурдилар.
9
Мараҳдан йўлга тушиб, Элимга келдилар. Элимда ўн иккита сув қудуғи ва етмишта хурмо дарахти бор эди, улар ўша жойда қароргоҳ қурдилар.
10
Улар Элимдан йўлга тушиб, Қизил денгиз бўйида қароргоҳ қурдилар.
11
Қизил денгиздан йўлга тушдилар ва Зин саҳросида қароргоҳ қурдилар.
12
Зин саҳросидан йўлга тушдилар ва Дофкаҳда қароргоҳ қурдилар.
13
Дофкаҳдан йўлга тушдилар ва Алушда қароргоҳ қурдилар.
14
Алушдан йўлга тушиб, Рефидимда қароргоҳ қурдилар. У ерда халқ ичиши учун сув йўқ эди.
15
Улар Рефидимдан йўлга тушдилар ва Синай саҳросида қароргоҳ қурдилар.
16
Синай саҳросидан йўлга тушдилар ва Киброт-Хаттаваҳда қароргоҳ қурдилар.
17
Киброт-Хаттаваҳдан йўлга тушдилар ва Ҳазеротда қароргоҳ қурдилар.
18
Ҳазеротдан йўлга тушдилар ва Ритмаҳда қароргоҳ қурдилар.
19
Ритмаҳдан йўлга тушдилар ва Риммон-Парезда қароргоҳ қурдилар.
20
Риммон-Парездан йўлга тушдилар ва Либнаҳда қароргоҳ қурдилар.
21
Либнаҳдан йўлга тушдилар ва Риссаҳда қароргоҳ қурдилар.
22
Риссаҳдан йўлга тушдилар ва Кеҳелатаҳда қароргоҳ қурдилар.
23
Кеҳелатаҳдан йўлга тушдилар ва Шафер тоғида қароргоҳ қурдилар.
24
Шафер тоғидан йўлга тушдилар ва Ҳарадаҳда қароргоҳ қурдилар.
25
Ҳарадаҳдан йўлга тушдилар ва Макҳелотда қароргоҳ қурдилар.
26
Макҳелотдан йўлга тушдилар ва Таҳатда қароргоҳ қурдилар.
27
Таҳатдан йўлга тушдилар ва Тараҳда қароргоҳ қурдилар.
28
Тараҳдан йўлга тушдилар ва Миткаҳда қароргоҳ қурдилар.
29
Миткаҳдан йўлга тушдилар ва Ҳашмонаҳда қароргоҳ қурдилар.
30
Ҳашмонаҳдан йўлга тушдилар ва Мосеротда қароргоҳ қурдилар.
31
Мосеротдан йўлга тушдилар ва Бене-Йааканда қароргоҳ қурдилар.
32
Бене-Йаакандан йўлга тушдилар ва Ҳор-Ҳагидгаҳда қароргоҳ қурдилар.
33
Ҳор-Ҳагидгаҳдан йўлга тушдилар ва Йотбатаҳда қароргоҳ қурдилар.
34
Йотбатаҳдан йўлга тушдилар ва Эбронаҳда қароргоҳ қурдилар.
35
Эбронаҳдан йўлга тушдилар ва Эзион-Габерда қароргоҳ қурдилар.
36
Эзион-Габердан йўлга тушдилар ва Қадеш бўлган Зин саҳросида қароргоҳ қурдилар.
37
Қадешдан йўлга тушдилар ва Эдом ерининг ҳудудидаги Ҳор тоғида қароргоҳ қурдилар.
38
Руҳоний Аҳарўн Раббийнинг амрига биноан Ҳор тоғига чиқди ва Исроил ўғилларининг Миср еридан чиққанининг қирқинчи йилида, бешинчи ойда, ойнинг биринчи кунида ўша ерда вафот этди.
39
Аҳарўн Ҳор тоғида вафот этганида, у бир юз йигирма уч ёшда эди.
40
Канъан ерининг жанубида яшаган канъанлик подшоҳ Арад Исроил ўғилларининг келаётганини эшитди.
41
Исроилликлар Ҳор тоғидан йўлга тушдилар ва Залмонаҳда қароргоҳ қурдилар.
42
Залмонаҳдан йўлга тушдилар ва Пунонда қароргоҳ қурдилар.
43
Пунондан йўлга тушдилар ва Оботда қароргоҳ қурдилар.
44
Оботдан йўлга тушдилар ва Мўабнинг ҳудудидаги Ийем-абаримда қароргоҳ қурдилар.
45
Ийемдан йўлга тушдилар ва Дибон-Гадда қароргоҳ қурдилар.
46
Дибон-Гаддан йўлга тушдилар ва Алмон-Диблатайимда қароргоҳ қурдилар.
47
Алмон-Диблатайимдан йўлга тушдилар ва Небонинг олдидаги Абарим тоғларида қароргоҳ қурдилар.
48
Абарим тоғларидан йўлга тушдилар ва Йерихо қаршисидаги Йордан бўйида бўлган Мўаб текисликларида қароргоҳ қурдилар.
49
Улар Йордан бўйида Бейт-Йешимотдан Абел-Шиттимгача Мўаб текисликларида қароргоҳ қурдилар.
50
Йерихо қаршисидаги Йордан бўйида, Мўаб текисликларида Раббий Мусога сўзлаб деди:
51
“Исроил ўғилларига эълон қилиб, уларга айтгин: Йордан орқали Канъан ерига ўтганингизда,
52
олдингиздан ернинг барча аҳолисини қувиб юборинглар ва уларнинг барча сиғинадиган тасвирларини йўқ қилиб ташланглар, уларнинг барча қуйма бутларини йўқ қилинглар ва уларнинг барча тепаликларини вайрон қилинглар.
53
Ерни эгаликка олинглар ва унга жойлашинглар, чунки Мен сизларга ушбу ерни эгаликка беряпман.
54
Ерни қуръа бўйича авлодларингиз орасида улуш қилиб тақсимланг: кўп сонлига кўпроқ улуш беринглар, кам сонлига камроқ улуш беринглар. Кимга қуръага қайси жой тушса, унга ўша ер улуш бўлади. Оталарингизнинг қабилаларига биноан улушларни олинглар.
55
Агар сизлар ернинг аҳолисини олдингиздан қувиб юбормасангизлар, унда улардан қолганлари сизнинг кўзларингиз учун тикан, биқинларингиз учун игна бўладилар ва сиз яшайдиган ерда сизларни сиқадилар.
56
Ўшанда Мен уларга қилишни ният қилган ишларни сизларга қиламан”.