32-боб

1 Рубен ва Гад ўғилларининг чорвалари жуда ҳам кўп эди. Улар Йазер ва Гилъад ери чорва учун яхши жой эканини кўрдилар. 2 Гад ва Рубеннинг ўғиллари Мусонинг, руҳоний Элеазарнинг ва жамоа бошлиқларининг олдиларига келиб дедилар: 3 “Атарот, Дибон, Йазер, Нимраҳ, Ҳешбон, Елеалеҳ, Себам, Небо ва Беон ерлари 4 яъни, Раббий Исроил жамоаси қаршисида қириб ташлаган ер чорва учун яхши, сенинг қулларингнинг эса чорвалари бор”. 5 Шундай қилиб, улар: “Агар биз сенинг нигоҳингда илтифот топган бўлсак, ушбу ерни ўз қулларингга мулк қилиб бер ва бизни Йордандан нарига олиб ўтма”,- дедилар. 6 Мусо Гад ва Рубеннинг ўғилларига деди: “Сизнинг биродарларингиз урушга борадилар, сизлар эса шу ерда қоласизларми? 7 Нима учун сизлар Исроил ўғилларининг юракларини Раббий уларга бераётган ерга боришдан қайтармоқдасизлар? 8 Сизларнинг оталарингиз ҳам мен уларни ерни кўздан кечириб келиш учун Қадеш-Барнеаҳга юборганимда, шундай қилган эдилар. 9 Улар Эшкол водийсига етиб бориб, ерни кўрганларида, Исроил ўғиллари Раббий уларга бераётган ерга бормасликлари учун уларнинг юракларига ваҳима солдилар. 10 Ўша куни Раббийнинг ғазаби алангаланди ва У шундай, деб қасам ичди: 11 Мисрдан чиққан, йигирма ёш ва ундан юқори бўлган ушбу одамлар эса Мен Иброҳимга, Исҳоқ ва Ёқубга қасам ичган ерни кўрмайдилар, чунки улар Менга бўйсунмадилар. 12 Қенизлик Йефуннеҳнинг ўғли Калеб ва Нўн ўғли Йешуа бундан мустасно, чунки улар Раббийга бўйсундилар. 13 Раббийнинг ғазаби Исроилга қарши алангаланди ва Раббийнинг нигоҳида ёвузлик қилган бутун авлод қирилиб кетмагунича, У уларни саҳро бўйлаб қирқ йил олиб юрди. 14 Мана, Раббий ғазабининг қаҳрини Исроилга қарата янада кучайтириш учун оталарингизнинг ўрнига сизлар, гуноҳкорларнинг авлоди кўтарилдингизлар. 15 Агар сизлар Ундан қайтсангизлар, У уни саҳрода яна узоқ муддат қолдиради ва сизлар ушбу бутун халқни ҳалок қиласизлар”. 16 Улар унинг олдига келиб дедилар: “Биз бу ерда подаларимиз учун қўй қўтонлари ва болаларимиз учун шаҳарлар қурамиз. 17 Ўзимиз эса, тезда қуролланиб, уларни ўзларининг ерига олиб бормагунимизча Исроил ўғиллари олдидан борамиз. Бизнинг болаларимиз эса, ернинг аҳолисидан ҳимояланиши учун мустаҳкамланган шаҳарларда қолишсин. 18 Исроил ўғилларининг ҳар бири ўз улушини қўлга киритмагунича, биз уйларимизга қайтмаймиз. 19 Зеро биз Йорданнинг нариги томонидан ва узоқроғидан улар билан бирга улуш олмаймиз, чунки шарқда, Йорданнинг бу томонидан бизга улуш бўлади”. 20 Мусо уларга деди: “Агар сизлар шундай қилсангизлар, агар сизлар қуролланиб, Раббийнинг олдида урушга борсангизлар, 21 Раббий Ўзининг душманларини Ўзининг қаршисидан қириб ташламагунича, сизларнинг ҳар бирингиз қуролланиб, Йорданнинг нариги томонида Раббийнинг олдида борсангизлар 22 ва ер Раббийнинг қаршисида забт этилса, ўшандан сўнг ортга қайтсангизлар, Раббийнинг қаршисида ҳам, Исроилнинг қаршисида ҳам айбдор бўлмайсизлар. Шунда бу ер Раббийнинг қаршисида сизларнинг мулкингиз бўлади. 23 Бироқ агарда шундай қилмасангизлар, унда Раббийнинг қаршисида гуноҳ қилган бўласизлар ва гуноҳингиз учун сизларнинг бошингизга тушадиган жазони бошдан кечирасизлар. 24 Болаларингиз учун шаҳарлар, қўйларингиз учун қўтонлар қуринглар ва оғизларингиз айтган ишларни бажаринглар”. 25 Гад ва Рубеннинг ўғиллари Мусога дедилар: “Сенинг қулларинг хўжайинимиз айтганидек қилади. 26 Бизнинг болаларимиз, хотинларимиз, подаларимиз, барча чорвамиз шу ерда, Гилъаднинг шаҳарларида қоладилар. 27 Сенинг қулларингнинг барчаси эса жангчилар каби қуролланиб, хўжайинимиз айтганидек, Раббийнинг қаршисида урушга борадилар”. 28 Шундай қилиб, Мусо улар ҳақида руҳоний Элеазарга, Нўн ўғли Йешуага ҳамда Исроил ўғилларининг қабилабошиларига амр бериб, 29 шундай деди: “Гад ва Рубеннинг ўғилларининг ҳар бири урушга қуролланиб, Раббийнинг қаршисида сизлар билан Йордандан ўтса ва ер сизларнинг қаршингизда забт этилса, унда уларга Гилъад ерини мулк қилиб беринглар. 30 Бироқ агарда улар қуролланиб сизлар билан Йордандан ўтмаса, унда улар сизлар билан бирга Канъан еридан улуш оладилар”. 31 Гад ва Рубеннинг ўғиллари жавоб бериб, дедилар: “Раббий ўз қулларига қандай буюрган бўлса, худди шундай қиламиз. 32 Биз қуролланиб, Раббийнинг олдида Канъан ерига борамиз, бизнинг мулк улушимиз эса Йорданнинг бу томонидан бўлсин”. 33 Мусо уларга: “Гад ўғилларига, Рубен ўғилларига ва Юсуфнинг ўғли Манашеҳ қабиласининг ярмига амўрликлар подшоҳи Сихоннинг шоҳлигини, Башан подшоҳи Огнинг шоҳлигини, ернинг шаҳарларини чегаралари билан, бу ернинг шаҳарларини атрофидаги ерлари билан бирга берди”. 34 Шунда Гаднинг ўғиллари Дибонни, Атаротни, Ароэрни, 35 Атрот-Шофанни, Йазерни, Йогбеҳаҳни, 36 Бейт-Нимраҳни, Бейт-Ҳаранни, мустаҳкам шаҳарларни ҳамда қўйлар учун қўтонларни қурдилар. 37 Рубеннинг ўғиллари эса Ҳешбонни, Элеалеҳни, Қиръатаимни, 38 Небони, Баал-Меонни, Шибмаҳни қурдилар ва ўзлари қурган шаҳарларга номлар бердилар. 39 Манашеҳнинг ўғли бўлмиш Махир ўғиллари эса Гилъадга келиб, уни қўлга олдилар ва у ерда бўлган амўрликларни қувиб юбордилар. 40 Мусо Гилъадни Манашеҳнинг ўғли Махирга берди ва у шу ерда жойлашди. 41 Манашеҳнинг ўғли Йаир бориб, уларнинг қишлоқларини ҳам олди ва уларни “Йаир қишлоқлари”, деб атади. 42 Нобаҳ ҳам бориб, Кенатни ҳамда унга қарам бўлган қишлоқларни олиб, уни ўзининг исми билан “Нобаҳ”, деб атади.