31-боб

1 Раббий Мусога сўзлаб деди: 2 “Мидианликлардан Исроил ўғиллари учун қасос олгин, шундан сўнггина кўз юмган ўз халқингга қўшиласан”. 3 Мусо халққа сўзлаб деди: “Урушга одамларни қуроллантиринглар, токи улар мидианликлар устидан Раббийнинг қасосини амалга ошириш учун мидианликларга қарши борсинлар. 4 Исроилнинг барча қабилаларидан, ҳар бир қабиладан минг кишидан урушга юборинглар”. 5 Шундай қилиб, минглаб исроилликлардан, ҳар бир қабиладан минг кишидан, жами ўн икки минг нафар қуролланган киши урушга ажратилди. 6 Мусо ҳар бир қабиладан минг нафардан қилиб, уларни урушга юборди. Улар билан бирга руҳоний Элеазарнинг ўғли Пинеҳасни урушга юбориб, унинг қўлига муқаддас идишлар ва чалиш учун карнайлар берди. 7 Раббий Мусога буюрганидек, улар мидианликларга қарши жанг қилдилар ва барча эркакни ўлдирдилар. 8 Уларнинг ўлдирилганлари орасида мидианликларнинг подшоҳларини, яъни Эви, Рекем, Зур, Ҳур ва Ребани – мидианликларнинг бешта подшоҳини ҳам ўлдирдилар. Шунингдек, улар Беорнинг ўғли Балъамни қилич билан ўлдирдилар. 9 Мидианликларнинг барча аёллари ва уларнинг болаларини эса Исроил ўғиллари асирликка олдилар. Уларнинг бутун чорвасини, барча подаларини, бутун мол-мулкларини ўлжа қилиб олдилар. 10 Улар жойлашган уларнинг барча шаҳарларини, ҳамма қалъаларини оловда ёндирдилар. 11 Улар одамдан чорвагача, барча қўлга киритилган нарсани ва бутун ўлжани олдилар. 12 Асирга олинганларни, ўлжани ва қўлга киритилган нарсаларни Мусо ва руҳоний Элеазарнинг олдига, Исроил ўғилларининг жамоаси олдига, Йерихо яқинидаги Йорданнинг бўйида бўлган Мўаб текисликларидаги қароргоҳга олиб келдилар. 13 Мусо, руҳоний Элеазар ва жамоанинг барча ҳокимлари қароргоҳдан юборилганларнинг олдига кутиб олишга чиқдилар. 14 Мусо урушдан келган лашкарбошилардан, мингбошилару юзбошиларидан ғазабланди. 15 Мусо уларга деди: “Нима учун сизлар барча аёлларни тирик қолдирдингизлар? 16 Мана, Балъамнинг маслаҳати бўйича улар Исроил ўғиллари Пеҳорга маъқул бўлишга ҳаракат қилиб, Раббийга хиёнат қилишларига сабабчи бўлганлар. Шу сабабли Раббийнинг жамоасига қирғин келган эди. 17 Шундай қилиб, барча ўғил болани ўлдиринглар ва эрининг тўшагида эрини билган барча аёлни ўлдиринглар. 18 Эркак тўшагида эркакни билмаган барча қиз болани ўзингиз учун тирик қолдиринглар. 19 Етти кун қароргоҳдан ташқарида бўлинглар. Ҳар қандай одам ўлдирган ва ўлдирилганга тегинган киши ҳам, ўзингиз ҳам, сизларнинг асирларингиз ҳам учинчи ва еттинчи куни покланинглар. 20 Барча кийимларингизни, теридан қилинган барча нарсани, таканинг жунидан қилинган ҳамма нарсани ҳамда барча ёғоч идишларни покланглар”. 21 Руҳоний Элеазар урушга борган жангчиларга деди: “Мана, Раббий Мусога буюрган қонуннинг қарори: 22 Олтин, кумуш, мис, темир, қалай, қўрғошин, 23 шунингдек, оловдан ўтказиладиган барча нарсани, улар покланиши учун оловдан ўтказинглар. Бундан ташқари, уларни покловчи сув билан ҳам поклаш керак. Оловдан ўта олмайдиган ҳамма нарсани эса сувдан ўтказинглар. 24 Кийимларингизни еттинчи куни ювинглар, покланглар ва шундан сўнггина қароргоҳга киринглар”. 25 Раббий Мусога сўзлаб деди: 26 “Сен, руҳоний Элеазар ва жамоанинг қабилабошилари асирликка олинган ўлжанинг сонини одамдан чорвагача ҳисоблаб чиқинглар. 27 Шунда урушга бориб жанг қилганлар билан бутун жамоа ўртасида ўлжани тенг иккига бўлгин. 28 Урушга борган жангчилардан солиқ ол. Солиқ эса одамларнинг, катта қорамолларнинг, эшакларнинг ҳамда кичик қорамолларнинг ҳар беш юзтасидан биттадан бўлади. 29 Буни уларнинг ярмидан олиб, Раббийга қурбонлик келтириши учун руҳоний Элеазарга бер. 30 Исроил ўғилларининг қолган ярмидан эса одамларнинг, катта қорамолларнинг, эшакларнинг, кичик қорамолларнинг элликтасидан бир улуш миқдорида олиб, буни Раббийнинг Чодирида хизмат қилувчи левитларга бер”. 31 Мусо ва руҳоний Элеазар Раббий Мусога буюрганидек қилдилар. 32 Урушда бўлган одамлар қўлга киритган ўлжадан қолган қолдиқ эса ― олти юз етмиш беш мингта кичик қорамол, 33 етмиш икки мингта катта қорамол, 34 олтмиш бир мингта эшак, 35 эркак тўшагини билмаган аёлларнинг ҳаммаси бўлиб ўттиз икки минг нафар жон эди. 36 Ўлжанинг ярми, урушга борганларнинг улуши ― тақсимотга кўра кичик қорамол уч юз ўттиз етти минг беш юзта эди. 37 Кичик қорамолдан олти юз етмиш бештаси Раббийга тўлов бўлди. 38 Катта қорамол ўттиз олти мингта бўлиб, улардан етмиш иккитаси Раббийга тўлов бўлди. 39 Эшак ўттиз минг беш юзта бўлиб, улардан олтмиш биттаси Раббийга тўлов бўлди. 40 Одам ўн олти минг нафар бўлиб, улардан ўттиз икки нафари Раббийга тўлов бўлди. 41 Раббий Мусога буюрганидек, Мусо Раббийга бағишлов тўловларини руҳоний Элеазарга топширди. 42 Мусо урушда бўлганлардан ажратиб, Исроил ўғилларига берган ўлжанинг ярмини ҳам тақсимлади. 43 Жамоанинг улуши бўлган ўлжанинг ярми қуйидагича эди: кичик қорамол уч юз ўттиз етти минг беш юзта, 44 катта қорамол ўттиз олти мингта, 45 эшак ўттиз минг беш юзта, 46 одам ўн олти минг нафар. 47 Мусо Исроил ўғилларининг одамлари ва чорвасидан элликдан бир қисмини олиб, Раббий Мусога буюрганидек, уни Раббийнинг Чодирида хизмат қилувчи левитларга топширди. 48 Ўн минглаб қўшин устидан бошлиқ бўлганлар, мингбошилар, юзбошилар Мусонинг олдига келиб, 49 Мусога дедилар: “Сенинг қулларинг бизнинг қўл остимизда бўлган жангчиларни ҳисоблаб чиқдилар ва улардан ҳеч ким ҳам қолиб кетмади. 50 Мана, биз Раббийнинг қаршисида жонимиз покланиши учун ҳар бир киши олтиндан нима топса, шу нарсани ― занжирлар, билагузуклар, узуклар, зирак ва осма безакларни Раббийга бағишлов сифатида олиб келдик”. 51 Мусо ва руҳоний Элеазар бу барча олтин буюмларни улардан олдилар. 52 Мингбошилару юзбошилар томонидан Раббийга бағишловга келтирилган жами олтин ўн олти минг етти юз эллик шеқел эди. 53 Жангчиларнинг ҳар бири ўзи учун ўлжа олган эди. 54 Мусо ва руҳоний Элеазар мингбошилару юзбошилардан олтинни олиб, уни Раббийнинг қаршисига, Исроил ўғилларининг хотираси учун Йиғин Чодирига олиб келдилар.