1
Раббий Мусога сўзлаб деди:
2
“Исроил ўғилларига буюриб, дегин: Менга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида қурбонликлар ва нон бағишловлари ўз вақтида Менга қурбонликка келтирилишини назорат қилинглар.
3
Уларга шундай дегин: Мана, сизлар Раббийга келтиришингиз керак бўлган қурбонлик: ҳар куни доимий тамоман ёндириш қурбонлиги сифатида бенуқсон, бир ёшли иккита қўзини келтиринглар.
4
Битта қўзини эрталаб, иккинчи қўзини эса кечқурун қурбонликка келтир.
5
Нон бағишловига чорак хин тоза зайтун мойи аралаштирилган эфанинг ўндан бир қисми миқдорида буғдой уни келтир.
6
Синай тоғида Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида келтирилган қурбонлик тайин қилинганидек, ушбу тамоман ёндириш қурбонлиги доимийдир.
7
У билан бирга битта қўзига чорак хин суюқлик бағишлови келтир. Раббийга суюқлик бағишлови бўлган шаробни муқаддас жойда қуй.
8
Иккинчи қўзини ҳам эрталабгидек, худди ўшандай нон бағишлови билан қурбонлик қил. Уни ҳам худди ўшандай суюқлик бағишлови билан Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида қурбонликка келтир.
9
Шаббат кунида бир ёшли, бенуқсон иккита қўзини қурбонликка келтир, нон бағишловига эса зайтун мойи аралаштирилган уннинг ўндан икки қисмини ҳамда у билан бирга суюқлик бағишловини келтир.
10
Бу доимий тамоман ёндириш қурбонлигининг ва суюқлик бағишловининг устига ҳар шаббат кунидаги тамоман ёндириш қурбонлигидир.
11
Янги ой бошланишида ҳам Раббийга тамоман ёндириш қурбонлиги келтиринглар ― катта қорамолдан иккита ҳўкиз, битта қўй ва бир ёшли бенуқсон еттита қўзи.
12
Битта ҳўкиз учун нон бағишловига зайтун мойи аралаштирилган бир эфа буғдой унининг ўндан уч қисмини келтир ва битта қўй учун нон бағишловига зайтун мойи аралаштирилган бир эфа буғдой унининг ўндан икки қисмини келтир.
13
Ҳар бир қўзи учун нон бағишловига зайтун мойи аралаштирилган бир эфа буғдой унининг ўндан бир қисмини келтир. Бу тамоман ёндириш қурбонлиги ― Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида қурбонликдир.
14
Улар билан бирга суюқлик бағишлови ― ҳўкизга ярим хин шароб, қўйга бир хин шаробнинг учдан бир қисми, қўзига чорак хин шароб бўлиши керак. Бу йилнинг барча ойларидаги ҳар бир янги ойдаги тамоман ёндириш қурбонлигидир.
15
Раббийга битта такани гуноҳ учун қурбонликка келтиринглар. Доимий тамоман ёндириш қурбонлигидан ташқари буни суюқлик бағишлови билан бирга келтиринглар.
16
Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни – Раббийнинг Песаҳидир.
17
Ушбу ойнинг ўн бешинчи куни ҳам байрамдир, етти кун ачитқисиз нон ейилиши керак.
18
Биринчи кун сизларда муқаддас йиғин бўлсин, ҳеч қандай иш қилманглар.
19
Раббийга катта қорамолдан иккита ҳўкиз, битта қўй ва бир ёшли еттита қўзини тамоман ёндириш қурбонлигига келтиринглар. Сизлардаги ҳайвонлар бенуқсон бўлиши керак.
20
Бундан ташқари зайтун мойи аралаштирилган нон бағишлови сифатида ҳар бир ҳўкиз билан бирга эфанинг ўндан уч қисми бўлган буғдой унини, ҳар бир қўй билан бирга эфанинг ўндан икки қисми бўлган буғдой унини,
21
еттита қўзининг ҳар бири билан бирга эфанинг ўндан бир қисми бўлган буғдой унини қурбонликка келтиринглар.
22
Шунингдек, сизларни поклаши учун битта такани гуноҳ учун қурбонликка келтиринглар.
23
Шундай қилиб, доимий тамоман ёндириш қурбонлиги бўлган эрталабки тамоман ёндириш қурбонлигидан ташқари буни қурбонликка келтиринглар.
24
Етти куннинг ҳар бир кунида Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида нон бағишловини келтиринглар. Бу доимий тамоман ёндириш қурбонлиги ва унинг суюқлик бағишловидан ташқари келтирилиши керак.
25
Еттинчи кунда эса, сизларда муқаддас йиғин бўлсин. Ҳеч қандай иш қилманглар.
26
Илк ҳосиллар кунида, Ҳафталар байрамингда Раббийга янги нон бағишловини келтирганингизда, сизларда муқаддас йиғин бўлсин. Ҳеч қандай иш қилманглар.
27
Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида тамоман ёндириш қурбонлигига катта қорамолдан иккита ҳўкиз, битта қўй ва бир ёшли еттита қўзини келтиринглар.
28
Бундан ташқари зайтун мойи аралаштирилган нон бағишлови сифатида ҳар бир ҳўкиз билан бирга эфанинг ўндан уч қисми бўлган буғдой унини, ҳар бир қўй билан бирга эфанинг ўндан икки қисми бўлган буғдой унини,
29
еттита қўзининг ҳар бири билан бирга эфанинг ўндан бир қисми бўлган буғдой унини қурбонликка келтиринглар.
30
Шунингдек, сизларни поклаши учун битта такани гуноҳ учун қурбонликка келтиринглар.
31
Доимий тамоман ёндириш қурбонлиги ва унинг нон бағишловларидан ташқари, Менга шуларни суюқлик бағишловлари билан бирга қурбонликка келтиринглар. Сизлардаги ҳайвонлар бенуқсон бўлиши керак”.