24-боб

1 Балъам эса Раббийга Исроилни дуо қилиш маъқул эканлигини кўриб, аввалгидек, жодулаш учун бормади, аммо у юзи билан саҳро томонга ўгирилди. 2 Балъам нигоҳларини кўтариб, Исроилнинг ўз қабилалари бўйича турганини кўрди ва Худонинг Руҳи унинг устига келди. 3 У ўз ҳикматини сўзлаб деди: “Беор ўғли Балъам гапиряпти, кўзлари очиқ эркак гапиряпти. 4 Мана, Қодирнинг ваҳийларини кўрадиган, Худонинг сўзини эшитадиган гапиряпти. У йиқилади, лекин унинг кўзлари очиқдир: 5 Эй, Ёқуб-Исроил, сенинг чодиринг ва сенинг маконинг нақадар ажойиб! 6 Улар водийлар каби, дарё бўйидаги боғлар каби, Раббий ўтқазган алой дарахтлари каби, сув бўйидаги кедр дарахтлари каби ёйилмоқда. 7 У челагидан сув қуяди ва унинг уруғи кўп сувлардек бўлади, унинг подшоҳи Агагдан юксак бўлади ва унинг шоҳлиги кўтарилади. 8 Худо уни Мисрдан олиб чиқди, ёввойи буқанинг кучи ундадир. Унга душман бўлган халқларни еб ютиб юборади, уларнинг суякларини майдалаб ташлайди ва камон ўқлари билан душманларини яралайди. 9 У энгашди, у шер ва арслон каби ётибди, ким уни кўтаради? Сени дуо қиладиган киши баракатлидир, лаънатлайдиган эса лаънатидир!” 10 Шунда Балакнинг ғазаби Балъамга қарши алангаланди. У қўлларини бир-бирига уриб, Балъамга деди: “Мен сени душманларимни лаънатлашинг учун чақирган эдим, сен эса, мана, учинчи марта уларни дуо қилмоқдасан. 11 Шундай қилиб, ўз жойингга қочиб қол. Мен сени улкан иззат-икромга сазовор қилмоқчи эдим. Бироқ, мана, Раббий сени иззат-икромдан маҳрум қилмоқда”. 12 Балъам эса Балакка деди: “Сен менинг олдимга юборган хабарчиларингга шундай деб айтмаган эдимми: 13 Агар Балак менга уйи тўла кумуш ва олтин берса ҳам, мен Раббийнинг буйруғини босиб ўта олмайман ҳамда ўз хоҳишим билан бирор яхши ёки ёмон ишни қила олмайман. Раббий менга нима деса, ўшани гапираман. 14 Энди, мана, мен ўз халқимнинг олдига бораман. Кел, кейинги кунларда ушбу халқ сенинг халқингни нима қилишини сенга эълон қиламан”. 15 У ўз ҳикматини сўзлаб деди: “Беор ўғли Балъам гапиряпти, кўзлари очиқ эркак гапиряпти: 16 Мана, Қодирдан билимга эга бўлган, Худонинг сўзини эшитадиган гапиряпти. У йиқилади, лекин унинг кўзлари очиқдир: 17 Мен Уни кўряпман, лекин ҳали эмас. Уни пайқаяпман, бироқ яқин эмас. Юлдуз Ёқубдан чиқиб келади. Подшоҳнинг таёғи Исроилдан кўтарилади ва Мўабнинг бурчакларини синдириб, Шитнинг барча ўғилларини қириб ташлайди. 18 Эдўм мулк қилиб олинади, Сеир ҳам ўз душманларининг мулкига айланади, Исроил эса ўз кучини намоён қилади. 19 Ёқубдан келиб чиқадиган шахс ҳокимиятга келади ва шаҳарнинг омон қолган қисмини барбод қилади”. 20 Балъам Амолеқни кўриб, ўз ҳикматини сўзлаб деди: “Халқларнинг биринчиси Амолеқ эди, бироқ унинг охири ўлимдир”. 21 Балъам қайнликларни кўриб, ўз ҳикматини сўзлаб деди: “Сенинг яшаш жойинг мустаҳкамдир ва сенинг уянг қояда ўрнатилган. 22 Лекин қайнликлар вайрон қилинади ва бу Ашур сени асирликка олиб кетишидан озроқ олдин содир бўлади”. 23 Балъам ўз ҳикматини сўзлаб деди: “Худо буни содир этганида, омон қолганнинг ҳолига вой! 24 Киттимдан кемалар келиб, Ашур ҳамда Эберни бўйсундиради, бироқ унинг охири ўлимдир!” 25 Балъам ўрнидан туриб, ўзининг жойига қайтиб кетди, Балак ҳам ўз йўлидан кетди.