1
Балъам Балакка: “Менга шу ерда еттита қурбонгоҳ қур ва еттита ҳўкизни, еттита қўйни тайёрла”,- деди.
2
Балак Балъам айтганидек қилди. Балак ҳамда Балъам ҳар бир қурбонгоҳга биттадан ҳўкиз ва қўйни қурбонликка келтирдилар.
3
Балъам Балакка: “Сен ўз тамоман ёндириш қурбонлигингнинг олдида тур, мен эса борай-чи, балки Раббий мен билан учрашишга келар ва У менга очадиганини сенга айтаман”,- деди. Шундай деб, у баланд жойга кетди.
4
Худо Балъам билан учрашди ва Балъам унга деди: “Мен еттита қурбонгоҳ ўрнатдим ва ҳар бир қурбонгоҳга биттадан ҳўкиз ва қўйни қурбонликка келтирдим”
5
Раббий Балъамнинг оғзига сўз солиб, деди: “Балакнинг олдига қайтиб бориб шундай дегин”.
6
У эса унинг олдига қайтиб келди. Мана, Балак ва барча мўаблик ҳокимлар тамоман ёндириш қурбонлигининг олдида турар эдилар.
7
У ўз ҳикматини сўзлаб деди: “Мўаб подшоҳи Балак мени Арамдан, шарқий тоғлардан олиб келиб, деди: Келиб, мен учун Ёқубни лаънатла. Келиб, Исроилга қарши ёвузликни эълон қил!”
8
Қандай қилиб, Худо лаънатламаётган халқни мен лаънатлайман? Ёки қандай қилиб, Худо ёвузликни эълон қилмаётган халққа мен ёвузликни эълон қиламан?
9
Зеро мен қоянинг чўққисидан уни кўрмоқдаман ва тепаликлардан унга қарамоқдаман: мана, алоҳида яшайдиган халқ, у халқлар орасида ҳисобланмайди.
10
Ким Ёқубнинг қумини ва Исроилнинг тўртдан бир қисмининг сонини санай олади? Менинг жоним ҳақ кишиларнинг ўлими билан ўлсин ва менинг ниҳоям уларники каби бўлсин!”
11
Балак Балъамга: “Сен менга нима қиляпсан? Мен сени душманларимни лаънатлашинг учун олиб келдим, сен эса уларни дуо қиляпсан”,- деди.
12
У жавоб бериб: “Раббий менинг оғзимга солаётганини мен сенга аниқ қилиб айтишим керак эмасми?”- деди.
13
Балак унга: “Мен билан бошқа жойга юр, сен уни у ердан кўрасан, унинг фақатгина бир қисмини кўрасан, аммо уларнинг ҳаммасини кўрмайсан. Мен учун ўша ердан уни лаънатла”,- деди.
14
У уни Писгаҳ тоғи чўққисидаги Зофим даласига олиб борди ва еттита қурбонгоҳ қурди ҳамда ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонликка келтирди.
15
Балъам Балакка: “Сен шу ерда, тамоман ёндириш қурбонлигингнинг олдида тур, мен эса у ерга Раббий билан учрашишга бораман”,- деди.
16
Раббий Балъам билан учрашди ва унинг оғзига сўз солиб: “Балакнинг олдига қайтиб бориб, унга шундай деб айт”,- деди.
17
У унинг олдига келганида, Балак ва у билан бирга Мўаблик ҳокимлар унинг тамоман ёндириш қурбонлиги олдида турар эдилар. Балак унга: “Раббий нима деди?”- деди.
18
У ўз ҳикматини сўзлаб деди: “Ўрнингдан тур, эй, Балак, ва эшит! Эй, Зиппорнинг ўғли, менга қулоқ сол.
19
Худо одам эмаски, алдаса ва инсон ўғли эмаски, ўзгарса. У гапириб, айтганини қилмайдими? Ёки сўзлаб, уни амалга оширмайдими?
20
Мана, мен дуо қилиш буйруғини олдим. Зеро у дуо қилди ва мен буни ўзгартира олмайман.
21
Ёқубда кулфат назарга тушмаяпти ва Исроилда бахтсизлик кўринмаяпти. Унинг Раббий Худоси у билан бирга ва шоҳона карнай овози уларнинг орасидадир.
22
Худо уларни Мисрдан олиб чиқди. Ёввойи буқанинг кучи ундадир.
23
Ёқубга қарши жодугарлик йўқдир, Исроилга қарши ҳеч қандай фолбинлик йўқдир. Ўз вақтида Ёқуб ва Исроил ҳақида шундай дейишади: Мана, Худо нимани амалга оширди!
24
Мана, бу халқ улкан шер каби ўрнидан туради ва арслон каби кўтарилади. Ўлжасини еб тугатмагунича ётмайди ва ўлдирилганларнинг қонини ичиб тўймайди”.
25
Балак Балъамга: “Уни лаънатламасанг лаънатлама, лекин дуо қилиб, дуо ҳам қилма”.
26
Балъам Балакка жавоб бериб: “Мен сенга Раббий менга нимаики деса, шуни қиламан, деб айтган эмасмидим?”- деди.
27
Балак Балъамга: “Юр, мен сени бошқа жойга олиб бораман. Балки, бу Худога маъқул бўлар ва сен мен учун ўша ердан халқни лаънатларсан”,- деди.
28
Балак Балъамни саҳро томонга қараган Пеҳорнинг чўққисига олиб келди.
29
Балъам Балакка: “Шу ерда менга еттита қурбонгоҳ қургин ва шу ерда менга еттита буқа ва еттита қўчқорни тайёрлагин”,- деди.
30
Балак Балъам айтганидек қилди ва ҳар бир қурбонгоҳда биттадан буқа ва биттадан қўчқорни қурбонликка келтирди.