20-боб

1 Ойнинг биринчи кунида, Исроил ўғиллари, бутун жамоа Зин саҳросига келдилар. Халқ Қадешда ўрнашди. Мирйам ўша ерда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди. 2 Жамоа учун сув йўқ эди. Шунда улар Мусо ва Аҳарўнга қарши йиғилдилар. 3 Халқ Мусодан нолиб деди: “Қанийди, бизнинг биродарларимиз Раббийнинг қаршисида ўлганида, биз ҳам ўлганимизда эди. 4 Нима учун сизлар Раббийнинг жамоасини бу саҳрога олиб келдингизлар, биз ва бизнинг чорвамиз шу ерда ўлиб кетиши учунми? 5 Нима учун сизлар бизни Мисрдан олиб чиқдингизлар, бизни экин экиб бўлмайдиган, анжир ҳам, узум ҳам, анор ҳам, ҳаттоки, ичиш учун сув ҳам бўлмаган бу ёмон жойга олиб келиш учунми?” 6 Мусо ва Аҳарўн халқнинг олдидан кетиб, Йиғин Чодирининг кириш жойи олдига келдилар ва юз тубан йиқилдилар, шунда уларга Раббийнинг шуҳрати намоён бўлди. 7 Раббий Мусога сўзлаб деди: 8 “Таёқни олиб, сен ва сенинг биродаринг Аҳарўн жамоани йиққин ҳамда уларнинг кўз олдиларида қояга гапиргин. Қоя эса ўзидан сув чиқариб беради. Сен уларга қоядан сув чиқариб берасан, бутун жамоага ҳамда унинг чорвасига сув ичирасан”. 9 Раббий Мусога буюрганидек, у таёқни Раббийнинг юзи олдидан олди. 10 Мусо ва Аҳарўн халқни қоянинг олдига йиғди. Мусо уларга: “Эй, исёнкорлар, қулоқ солинглар, биз сизлар учун мана шу қоядан сув чиқариб беришимиз керакми?”- деди. 11 Мусо қўлини кўтариб, таёғи билан қояга икки марта урди ва жуда ҳам кўп сув оқиб чиқди. Жамоа ва унинг чорваси сувдан ичди. 12 Раббий Мусо ва Аҳарўнга деди: “Менинг муқаддаслигим Исроил ўғилларининг нигоҳи қаршисида намоён бўлсин, деб Менга ишонмаганингиз учун сизлар бу халқни Мен унга берадиган ерга олиб бормайсизлар”. 13 Бу Исроил ўғиллари Раббий билан баҳслашган ва У уларга Ўз муқаддаслигини намоён қилган Мерибаҳ сувидир. 14 Мусо Қадешдан Эдўм подшоҳининг олдига элчилар юбориб деди: “Сенинг биродаринг Исроил шундай дейди: Сен бизнинг бошимизга тушган барча қийинчиликларни биласан. 15 Бизнинг оталаримиз Мисрга кўчиб бордилар ва биз Мисрда кўп йиллар яшадик. Мисрликлар бизга ҳамда бизнинг оталаримизга ёмон муносабатда бўлдилар. 16 Бироқ биз Раббийга фарёд қилганимизда, У бизнинг овозимизни эшитди ва фариштани юборди ҳамда бизни Мисрдан олиб чиқди. Энди мана, биз Қадешда ― сенинг ерингнинг чегарасидаги шаҳарда турибмиз. 17 Бизга сенинг ерингдан ўтишимизга рухсат бер. Биз далалару узумзорлардан ўтмаймиз ва сенинг қудуқларингдан сув ичмаймиз. Биз подшоҳнинг катта йўлидан юрамиз ва сенинг ерингдан ўтиб бўлмагунимизча ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилмаймиз”. 18 Бироқ Эдўм унга: “Биз орқали ўтма, акс ҳолда, мен сенга қарши қилич билан чиқаман”,- деди. 19 Исроил ўғиллари унга яна: “Биз катта йўлдан юрамиз, агар мен ва менинг чорвам сенинг сувингдан ичсак, унда мен бунинг нархини тўлайман. Менга фақатгина оёқларим билан ўтишимга рухсат бергин ва бу ҳеч нимага арзимайди”,- дедилар. 20 Бироқ у: “Ўтма”,- деди. Эдўм кўп сонли халқ ва кучли қўл билан унга қарши чиқди. 21 Шу тарзда, Эдўм Исроилга унинг ҳудудидан ўтишига рухсат беришни рад этди. Исроил эса ундан бошқа томонга кетди. 22 Исроил ўғиллари Қадешдан жўнаб кетдилар ва бутун жамоа Ҳор тоғига келдилар. 23 Раббий Ҳор тоғида, Эдўм ерининг чегарасида Мусо ва Аҳарўнга сўзлаб деди: 24 “Аҳарўн ўз халқига қўшилсин, чунки сизларнинг Мерибаҳ суви олдида Менинг амримга итоат қилмаганлигингиз учун Мен Исроил ўғилларига берадиган ерга Аҳарўн кирмайди. 25 Аҳарўн ва унинг ўғли Элеазарни олиб, уларни Ҳор тоғига олиб чиқ. 26 Аҳарўндан кийимини ечиб олиб, ўғли Элеазарга уларни кийдир. Аҳарўн эса ўз халқига қўшилсин ва ўша ерда ўлсин”. 27 Мусо Раббий буюрганидек қилди. Улар бутун жамоанинг кўз ўнгида Ҳор тоғига чиқиб кетдилар. 28 Сўнгра Мусо Аҳарўндан унинг кийимини ечиб олиб, буларни унинг ўғли Элеазарга кийдирди. Аҳарўн ўша ерда тоғнинг тепасида вафот этди. Мусо ва Элеазар эса тоғдан тушиб келдилар. 29 Аҳарўннинг вафот этганини бутун жамоа кўрди ва бутун Исроил хонадони Аҳарўн учун ўттиз кун мотам тутди.