19-боб

1 Раббий Мусо ва Аҳарўнга сўзлаб деди: 2 “Мана бу ― Раббий амр қилган қонуннинг низомидир. У деди: Исроил ўғилларига айт, сенинг олдингга бенуқсон, камчиликсиз ва ҳали бўйинтуруқ солинмаган қизғиш сигирни олиб келишсин. 3 Уни руҳоний Элеазарга бериб, уни қароргоҳдан ташқарига олиб чиқиб, Элеазарнинг олдида сўйсинлар. 4 Руҳоний Элеазар ўз бармоғи билан унинг қонини олсин ва қонини Йиғин Чодирининг олди томонига етти маротаба пуркасин. 5 Сигирни унинг кўз ўнгида ёндирсинлар: унинг терисини, гўшти ва қонини ахлати билан бирга ёндирсинлар. 6 Руҳоний эса кедр дарахтини, ҳиссоп ва қизил ип олиб, ёнаётган сигирнинг устига улоқтирсин. 7 Руҳоний ўз кийимларини ювсин, баданини эса сув билан ювсин, сўнгра қароргоҳга кирсин. Руҳоний кечгача нопок бўлади. 8 Сигирни ёндирган киши ҳам ўз кийимларини ювсин, баданини эса сув билан ювсин. У кечгача нопок бўлади. 9 Бирор пок киши сигирнинг кулини йиғиб олиб, қароргоҳдан ташқарига, тоза ерга қўйсин ва бу Исроил ўғилларининг йиғини учун поклаш суви сифатида сақланади. Бу гуноҳ учун қурбонликдир. 10 Сигирнинг кулини йиққан киши ҳам кийимларини ювсин. У кечгача нопок бўлади. Бу Исроил ўғиллари учун ҳам, уларнинг орасида яшовчи мусофирлар учун ҳам абадий низом бўлсин. 11 Кимдир бирор одамнинг ўлик танасига тегса, етти кун нопок бўлади. 12 У ўзини учинчи ва еттинчи куни ушбу сув билан поклаши керак ва пок бўлади. Агар у ўзини учинчи ва еттинчи куни покламаса, унда у пок бўлмайди. 13 Бирор бир ўлган одамнинг ўлик танасига теккан ва ўзини покламаган ҳар бир киши Раббийнинг маконини булғайди. Бу одам Исроил орасидан қириб ташланади, чунки унинг устига поклаш суви пуркалмаган – у нопок, унинг нопоклиги ҳали унинг устидадир. 14 Мана бу қонун: одам чодирда ўлганида, чодирга келганнинг ҳар бири ва чодирнинг ичидагиларнинг барчаси етти кун нопок бўладилар. 15 Чодирдаги қопқоғи ёпилмаган, усти очиқ ҳар қандай идиш ҳам ҳаром бўлади. 16 Далада қилич билан ўлдирилганга ёки ўлганга, шунингдек одамнинг суягига ёки қабрга теккан ҳар бир киши етти кун нопок бўлади. 17 Нопок одамни поклаш учун ўша сигир ёндирилган қурбонликнинг кулидан олиб, уни идишга қўйиб, унинг устига тирик сув қуйсинлар. 18 Пок одам эса ҳиссопни олиб, уни сувга ботирсин ва чодирга, барча идишларга, чодирнинг ичида бўлган одамларга ва одам суягига ёки ўлдирилганга, ёки ўлганга, ёки қабрга теккан кишига сепсин. 19 Пок одам нопок одамнинг устига учинчи ва еттинчи куни ҳам пуркасин. Шундай қилиб, уни еттинчи куни поклайди. У ўз кийимларини ва ўз баданини сув билан ювсин, шунда у кечга пок бўлади. 20 Бироқ кимдир нопок бўлса ва ўзини покламаса, унда ўша одам халқнинг орасидан қириб ташланади, чунки у Раббийнинг Муқаддасгоҳини булғади. Унинг устига поклаш суви пуркалмаган ва у нопокдир. 21 Бу улар учун абадий низом бўлсин. Поклаш сувини пуркаган киши ўз кийимларини ювсин. Поклаш сувига теккан киши кечгача нопок бўлади. 22 Нопок киши теккан ҳамма нарса нопок бўлади, унга теккан одам кечгача нопок бўлади”.