1
Жанубда яшовчи канъанлик подшоҳ Арад, Исроилнинг Атарим йўлидан келаётганини эшитиб, Исроилга қарши жанг қилди ва улардан бир нечтасини асир олди.
2
Шунда Исроил Раббийга ваъда бериб деди: “Агар Сен ушбу халқни менинг қўлимга топширсанг, уларнинг шаҳарларини бутунлай йўқ қилиб ташлайман”.
3
Раббий Исроилнинг овозини эшитди ва канъанликларни унинг қўлига топширди. Шунда Исроил уларни ҳамда уларнинг шаҳарларини бутунлай қириб ташлади. У жойнинг номини эса “Хормаҳ” (Қириб Ташлаш), деб атади.
4
Эдўм ерини четлаб ўтиш учун улар Ҳор тоғидан Қизил денгиз бўйлаб жўнаб кетдилар. Йўлда халқ тушкунликка тушди.
5
Халқ Худо ва Мусога қарши сўзлаб деди: “Нима учун сизлар бизни Мисрдан олиб чиқдингизлар, бу ерда саҳрода ўлишимиз учунми? Зеро бу ерда нон ҳам, сув ҳам йўқ ва бу жирканч озуқа бизнинг меъдамизга тегди”.
6
Шунда Раббий халққа заҳарли илонларни юборди ва улар одамларни чақди. Исроил халқидан кўпчилик ўлди.
7
Шу сабабли, халқ Мусонинг олдига келиб деди: “Биз Раббий ва сенга қарши гапириб, гуноҳ қилдик. Раббийга ибодат қил, токи У биздан илонларни узоқлаштирсин”. Мусо халқ учун ибодат қилди.
8
Раббий Мусога деди: “Ўзингга илон ясагин ва уни байроқнинг устига қўйгин, илон чаққан ҳар бир киши унга қараганида, тирик қолади”.
9
Мусо мис илон ясади ва уни байроқнинг устига қўйди. Агар кимнидир илон чақса, у мис илонга қараб тирик қолар эди.
10
Исроил ўғиллари йўлга тушдилар ва Оботда қароргоҳини ўрнатишдилар.
11
Улар Оботдан жўнаб кетиб, қуёш чиқиш томонда, Мўаб қаршисидаги саҳрода, Ийеҳабаримда қароргоҳини ўрнатишдилар.
12
У ердан жўнаб кетиб Зеред водийсида тўхтадилар.
13
У ердан жўнаб кетиб, амўрликларнинг ҳудуди ташқарисидан Арноннинг саҳрога оқувчи қисмида ўрнашдилар, чунки Арнон Мўаб ва Амўр ўртасидаги Мўабнинг чегарасидир.
14
Шунинг учун Раббийнинг жанглари китобида шундай дейилган:
15
“Суфедаги Вагеб, Арнон ирмоқлари ва Шебет-Арега қайрилган юқори ирмоқлар Мўабнинг чегараларида ётади”.
16
Улар бу ердан Бейэрга жўнаб кетдилар. Бу Раббий Мусога: “Халқни йиққин ва Мен уларга сув бераман”,- деб айтган ўша қудуқдир.
17
Ўшанда Исроил ушбу қўшиқни куйлади: “Эй, қудуқ, тўлгин; унга куйланг.
18
Ҳокимлар қазиган, халқнинг бошлиқлари асилзодлари билан бирга таёқлари билан қазиган қудуқ”. Улар саҳродан Матаннаҳга кетдилар.
19
Матаннаҳдан Нахалиэлга, Нахалиэлдан Бамотга,
20
Бамотдан саҳрога қараган Писгаҳ тоғи тепасига, Мўаб еридаги Гайга кетдилар.
21
Исроил амўрликларнинг подшоҳи Сихоннинг олдига элчилар юбориб, деди:
22
“Сенинг ерингдан ўтишимга рухсат бер. Биз сенинг чегарангдан ўтиб бўлмагунимизча, далалару узумзорларга кирмаймиз, сенинг қудуқларингдан сув ичмаймиз, фақатгина подшоҳнинг катта йўлидан юрамиз”.
23
Лекин Сихон Исроилга ўзининг чегаралари орқали ўтишига рухсат бермади. Сихон ўзининг бутун халқини йиғиб, саҳрода Исроилга қарши чиқди. У Йаҳазгача келиб, Исроилга қарши жанг қилди.
24
Исроил уни қиличнинг тиғи билан қириб ташлади ва Арнондан Йаббоққача, Аммўн ўғилларининг чегараларигача унинг ерини эгаликка олди, чунки аммўнликларнинг ҳудудлари мустаҳкам эди.
25
Исроил ушбу барча шаҳарларни эгаллади ва Исроил амўрликларнинг барча шаҳарларида, Ҳешбонда ҳамда унга тобе бўлган барча қишлоқларда яшай бошлади.
26
Ҳешбон эса амўрликларнинг подшоҳининг шаҳри эди. У Мўабнинг аввалги подшоҳи билан жанг қилган бўлиб, унинг барча ерларини Арнонгача унинг қўлидан тортиб олган эди.
27
Шу сабабли, шундай масал айтишади: “Ҳешбонга келинг, Сихоннинг шаҳри қурилсин ва мустаҳкамлансин.
28
Зеро Ҳешбондан олов, Сихоннинг шаҳридан аланга чиқиб, Ар-Мўабни ва Арнон тепаликларининг бошлиқларини еб битирди.
29
Эй, Мўаб, сенинг ҳолингга вой! Эй, Қемош халқи, сен ҳалок бўлдинг! Унинг ўғиллари қочиб кетишди ва унинг қизлари амўрликларнинг подшоҳи Сихоннинг асираларига айланишди.
30
Биз уларни камон ўқлари билан ўлдирдик. Ҳешбон Дебонгача қирилиб кетди, биз уларни Медебага яқин бўлган Нофаҳгача қириб ташладик”.
31
Исроил амўрликларнинг ерида яшади.
32
Мусо Йазерни кўриб келишга одам юборди ва унга қарам бўлган қишлоқларни тортиб олдилар ҳамда ўша ердаги амўрликларни қувиб юбордилар.
33
Улар бурилиб, Башанга кетдилар. Уларга қарши Башан подшоҳи Ог, унинг ўзи ва унинг бутун халқи Эдрийга жангга чиқдилар.
34
Раббий Мусога деди: “Ундан қўрқма, чунки Мен уни ва унинг бутун халқини ҳамда барча ерларини сенинг қўлингга топшираман ва сен Ҳешбонда яшаган амўрликларнинг подшоҳи Сихонни нима қилган бўлсанг, буни ҳам шундай қиласан”.
35
Шундай қилиб, улар ҳеч бир кишини тирик қолдирмасдан, уни, унинг ўғиллари ва бутун халқини қириб ташлаб, унинг ерини қўлга киритдилар.