9-боб

1 Худо Нуҳ билан унинг ўғилларини дуо қилиб деди: “Серпушт бўлинглар, кўпайиб, ер юзини тўлдиринглар. 2 Ердаги ҳамма ёввойи ҳайвонлар, осмондаги қушлар, ерда судралиб юрадиган ҳаммалар, денгиздаги балиқлар сизлардан қўрқиб, титрасинлар. Улар сизнинг қўлингизга топширилган. 3 Яшаётган ҳар бир жонивор сизларга озиқ бўлсин. Сизларга ҳамма нарсани кўк ўт сифатида бердим. 4 Фақат этни жони билан, яъни қони билан еманглар. 5 Сизларнинг жонингиз жойлашган қонингиз учун хун талаб қиламан. Одамнинг жони учун ҳар бир ҳайвондан ҳам, одамдан ҳам хун талаб қиламан. Шунингдек, ўз биродарини жони учун ҳар бир одамдан хун талаб қиламан. 6 Ким одам қонини тўкса, унинг қони ҳам одам қўли билан тўкилади. Чунки одам Худонинг суратида яратилган. 7 Сизлар эса серпушт бўлиб кўпайинглар ва ер юзида тарқалиб кўпайинглар”. 8 Худо яна Нуҳ билан унинг ўғилларига деди: 9 “Мана, Мен сизлар билан ва сизлардан кейинги авлодларингиз билан аҳд тузаман. 10 Сизлар билан бирга бўлган ҳар бир тирик жонзод билан ҳам, қушлар, жониворлар, ернинг ҳамма ёввойи ҳайвонлари билан ҳам, кемадан чиққанларнинг ҳар бири, ернинг ҳар бир ҳайвони билан ҳам аҳд тузаман. 11 Мен сизлар билан шундай аҳд тузаман: Энди бошқа тошқин сувлари туфайли бор мавжудот қирилмайди, ерни барбод қилиш учун энди тошқин бўлмайди”. 12 Сўнгра Худо деди: “Мен сизлар билан ҳамда сизлар билан бирга бўлган ҳар бир тирик жон билан тузаётган, авлодлардан-авлодларга ўтадиган аҳднинг аломати шундай: 13 Мен булутларда камалак ўрнатаман ва у Менинг ер билан аҳдимнинг аломати бўлади. 14 Ер юзига булут келтирганимда, булутларда камалак кўринади. 15 Шунда Мен сизлар билан ва ҳар бир вужуддаги барча тирик жонзод билан тузган аҳдимни эслайман. Яна барча мавжудотни қириш учун сув тошқини бўлмайди. 16 Камалак булутларда бўлади. Мен уни кўрганимда, Худо ва ернинг ҳар бир вужуддаги барча мавжудоти орасидаги абадий аҳдни эсга оламан”. 17 Шу тариқа, Худо Нуҳга деди: “Менинг ердаги ҳар бир мавжудот билан тузган аҳдимнинг аломати ана шу бўлади”. 18 Нуҳнинг кемадан чиққан ўғиллари: Шем, Хаум ва Йафет эди. Хаум Канъаннинг отасидир. 19 Булар Нуҳнинг уч ўғиллари эди. Улардан бутун ер юзи бўйлаб одамзод тарқалди. 20 Нуҳ ерга ишлов бера бошлади ва узумзор ўтқазди. 21 Бир куни у шароб ичди ва маст бўлиб, чодирда яланғоч ётган эди. 22 Канъаннинг отаси Хаум отасининг яланғочлигини кўриб, ташқаридаги икки акасига айтди. 23 Шем ва Йафет эса кийимларини елкаларига ташлаб, орқалари билан юриб боришди ва яланғоч оталарини ёпиб қўйишди. Шундай қилиб, юзлари орқага қарагани учун, улар унинг яланғочлигини кўришмади. 24 Нуҳ шароб мастлигидан уйғонгач, кенжа ўғли унга нима қилганини билиб олди. 25 Шунда Нуҳ: “Канъан лаънати бўлсин, акаларига қулларнинг қули бўлсин”,- деди. 26 Кейин яна деди: “Шемнинг Раббий Худоси муборак бўлсин. Канъан эса Шемга қул бўлсин. 27 Худо Йафетни кенгайтирсин, у Шемнинг чодирларида яшасин. Канъан эса унга қул бўлсин”. 28 Нуҳ тошқиндан сўнг уч юз эллик йил яшади. 29 Нуҳнинг барча кунлари тўққиз юз эллик йил эди, сўнг у ўлди.