8-боб

1 Худо Нуҳ ва у билан бирга кема ичида бўлган ҳайвонлару чорвани эсга олди. Худо ерга шамол юборди ва сувлар тўхтади. 2 Тубсизликнинг манбалари ва осмон деразалари ёпилди, осмондан ёмғир ёғиши тўхтади. 3 Сувлар аста-секин ердан қайтиб, бир юз эллик кундан сўнг камайди. 4 Кема еттинчи ойнинг ўн еттинчи кунида Арарат тоғларининг устида тўхтади. 5 Сувлар эса ўнинчи ойгача аста-секин камайиб бораверди. Шундай қилиб, ўнинчи ойнинг биринчи кунида тоғ тепалари кўринди. 6 Қирқ кун ўтганидан сўнг Нуҳ ясаган кемасининг деразасини очиб, 7 қарғани чиқариб юборди. Қарға эса ердаги сувлар қуригунича учиб кетиб, кемага келиб тураверди. 8 Сўнгра Нуҳ ер юзидан сувлар кетганини кўриш учун каптарни чиқариб юборди. 9 Лекин каптар ўз оёғи учун ором жойи топа олмай, Нуҳнинг олдига, кемага қайтиб келди, чунки ҳали бутун ер юзида сувлар бор эди. Нуҳ қўлини узатиб, каптарни ўз ёнига, кемага олди. 10 Етти кун кутиб, у яна каптарни кемадан чиқариб юборди. 11 Каптар кечки пайтда унга қайтиб келганида, мана, унинг тумшуғида янги зайтун барги бор эди. Шунда Нуҳ сув ер юзидан кетганини билди. 12 Яна етти кун кутиб, у каптарни кемадан чиқариб юборди, лекин бу сафар каптар унга қайтиб келмади. 13 Олти юз биринчи йил, биринчи ойнинг биринчи кунида ердаги сув қуриди. Нуҳ кеманинг томини олиб қўйиб, ташқарига қаради ва, мана, ер юзи қуриган эди. 14 Иккинчи ойнинг йигирма еттинчи кунида ер тўлиқ қуриди. 15 Худо Нуҳга деди: 16 “Сен ва сен билан бирга хотининг, ўғилларинг ва ўғилларингнинг хотинлари кемадан чиқинглар. 17 Барча жониворлардан сен билан бирга бўлган ҳайвонларнинг ҳаммасини: қушларни, чорваларни, ерда судралиб юрадиган судралувчиларни олиб чиқ. Улар ер юзида серпушт бўлиб, серҳосил бўлсинлар ва ер юзида кўпайсинлар”. 18 Шунда Нуҳ ўз ўғиллари ва хотини ҳамда ўғилларининг хотинлари билан бирга чиқди. 19 Ҳайвонлар, судралувчилар, қушлар, ер юзида ҳаракат қилувчиларнинг ҳаммаси ўз турига кўра кемадан чиқишди. 20 Нуҳ эса Раббийга қурбонгоҳ қурди. Сўнг у ҳар бир ҳалол ҳайвондан, ҳар бир ҳалол қушдан олиб, қурбонгоҳ устида уларни тамоман ёндирилиш қурбонлиги сифатида куйдирди. 21 Раббий хушбўй ҳидни ҳидлади. Шунда Раббий Ўз юрагида деди: “Энди Мен ерни инсон туфайли бошқа лаънатламайман, чунки инсоннинг юрагидаги фикру хаёли ёшлигидан бузуқдир. Мен энди қилганимдек, ҳамма жонзодни бошқа нобуд қилмайман. 22 Бундан буён, ҳали ер турар экан – экиш ва йиғиш, совуқ ва иссиқ, ёз ва қиш, кун ва тун ҳеч тугамайди”.