1
Раббий Нуҳга деди: “Сен бутун хонадонинг билан кемага киринглар. Чунки Менинг кўз ўнгимда бу авлодда сен ҳақ одам эканингни кўрдим.
2
Ҳар бир ҳалол ҳайвондан – унинг эркаги ва урғочисидан еттитадан олиб, ҳаром ҳайвондан эса унинг эркаги ва урғочисидан иккитадан ол, ва ўзинг билан кемага олиб кир.
3
Осмондаги қушлардан ҳам, уларнинг эркагидан ва урғочисидан еттитадан кемага олиб кир, токи бутун ер юзида уруғ сақлансин.
4
Чунки етти кундан сўнг Мен ерга қирқ кечаю қирқ кундуз ёмғир ёғдираман. Ўзим яратган бутун мавжудотни ер юзидан қириб ташлайман”.
5
Нуҳ ҳаммасини Раббий буюрганидек қилди.
6
Сув тошқини ер юзини босганида, Нуҳ олти юз ёшда эди.
7
Нуҳ ва унинг ўғиллари, унинг хотини ва ўғилларининг хотинлари у билан бирга сув тошқини туфайли кемага кирдилар.
8
Ҳалол ҳайвонлардан ва ҳаром ҳайвонлардан, қушлардан ва барча ерда судралиб юрувчилардан –
9
Худо Нуҳга буюрганидек, жуфт-жуфтдан: эркаги ва урғочисидан Нуҳнинг олдига кемага кирдилар.
10
Етти кундан сўнг ер юзини сув тошқинлари босди.
11
Нуҳ умрининг олти юзинчи йили, иккинчи ойнинг ўн еттинчи кунида, айнан шу куни буюк тубсизликнинг манбалари ёрилди, осмон деразалари очилиб кетди
12
ва қирқ кечаю қирқ кундуз ер юзига ёмғир ёғди.
13
Айнан шу куни Нуҳ ва унинг ўғиллари Шем, Хаум, Йафет ҳамда Нуҳнинг хотини ва ўғилларининг учта хотинлари кемага кирдилар.
14
Улар билан бирга ўз турига кўра барча ёввойи ҳайвонлар, ўз турига кўра барча чорвалар, ерда судралиб юрадиган ўз турига кўра барча судралиб юрувчилар, ўз турига кўра барча парвоз қиладиганлар, барча қушлар ва қанотлилар,
15
хуллас, ҳаёт руҳига эга бўлган ҳамма вужуд Нуҳнинг олдига, кемага жуфт-жуфтдан кирдилар.
16
Худо Нуҳга буюрганидек, кирадиган ҳар бир вужуднинг эркаги ва урғочиси кирди. Раббий Нуҳнинг кетидан эшикни ёпиб қўйди.
17
Ер юзида тошқин қирқ кун давом этди. Сувлар кўпайиб бориб, кемани кўтарди ва у ердан юқорига кўтарилди.
18
Сув эса ер юзида тошиб, ўта кўпайиб борди. Кема сув юзида сузиб юрар эди.
19
Ер юзида сувлар беҳад тошди. Осмон остидаги баланд тоғларнинг барчаси сув билан қопланди.
20
Сув тоғларнинг устидан ўн беш тирсак юқори кўтарилиб, уларни қоплади.
21
Ер юзида ҳаракат қилувчи ҳар бир вужуд – қушлар ҳам, чорвалар ҳам, ҳайвонлар ҳам, ерда судралиб юрадиган судралувчилар ҳам, ҳамма одамлар ҳам ҳалок бўлдилар.
22
Димоғида ҳаёт руҳи бўлган, қуруқликда яшаган ҳар бир вужуд ҳалок бўлди.
23
Ер юзида бўлган барча мавжудот – инсондан тортиб чорвагача, судралувчилар ва осмондаги қушларгача – хуллас, ҳаммаси қирилиб кетди. Фақат Нуҳ ва у билан бирга кемада бўлганлар тирик қолдилар.
24
Ер юзида сув бир юз эллик кун тошди.